Бизда 3.09.2020 йилдан 1.06.2021 йилгача ишлаган ходим пенсияни расмийлаштириш учун Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим этиладиган маълумотномани беришимизни сўраяпти.
Ҳозирда ходимларнинг даромадлари бўйича ҳисоботлар бир шахс учун топширилаётган бўлса, биз бирор-бир маълумотномани тақдим этишимиз лозимми? Агар шундай бўлса, ҳозирги пайтда ушбу ҳужжатлар қандай шаклда берилиши керак? Қандай қўшимча ҳужжатларни тақдим этишимиз лозим?
– Бугунги кунда Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсия тайинлаш учун фуқаролардан меҳнат стажи ва иш ҳақини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб этишга ҳақли.
Мазкур ҳуқуқ «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси 8-қисмида белгиланган, унга мувофиқ бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари корхоналар, ташкилотлар ва айрим шахслардан тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, зарур ҳолларда эса, уларнинг берилиши асослилигини текшириш ҳуқуқига эгадирлар.
Фақат 2022 йил 1 июлдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври ва ҳарбий хизматни ўташ даври тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиш талаби бекор қилинади (4.05.2021 йилдаги ПҚ-5102-сон қарорнинг 1-б. «б» кичик б.).
Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотноманинг ҳозирда қўлланиладиган шакли Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова) 12-иловада келтирилган.
Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради.