Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 41 / Божхона

Авто учун кондиционерларни олиб киришга рухсатнома

 

Ҳақиқатан ҳам автомобиллар учун кондиционерларни олиб киришда махсус рухсатнома ва квоталар олиниши талаб этиладими? Улар қайси орган томонидан берилади? Уларни олиш тартиби қандай? 

 

– Мамлакатимизда озонни бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш Миллий дастури босқичма-босқич бажарилмоқда, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, давлат томонидан тартибга солиш ишлари соддалаштирилмоқда. Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни ташиш ВМнинг «Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (9.01.2018 йилдаги 17-сон) билан тартибга солинади.

Ўзбекистон 1993 йилда Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколига (Монреаль, 16.09.1987 й.) ҳамда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 22.03.1985 й.) аъзо бўлди. Монреаль протоколининг ҳар бир тарафи озонни бузувчи моддаларни фойдаланишдан чиқариш бўйича мақсадли графикка риоя этишни зиммасига олди, бунинг юзасидан ҳукуматга ўз мажбуриятларини бажариш имкониятини яратиш мақсадида назорат чора-тадбирлари жорий этилиши лозим.

 

Квота ҳақида

Озонни бузувчи моддаларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш учун квоталарни аризачилар ўртасида тақсимлаш тартиби Озонни бузувчи моддаларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш учун квоталарни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 17-сон қарорига ­5-илова) белгиланган. Тақсимлаш сўнгги 3 йиллик вақт даври учун, озонни бузувчи моддаларнинг импортига рухсат этилган умумий ҳажм улушига асосланган. Мазкур Низомда квоталарни аризачилар ўртасида 2018 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган давр учун ва 2030 йилгача, кейинги ҳар бир 12 ойлик давр учун тақсимотига чекловлар миқдори кўрсатилган.

 

Маълумот учун. Ўзбекистон Республикасига импорт ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган озонни бузувчи моддалар турлари рўйхатида (ВМнинг 17-сон қарорига 1-илова) кўрсатилган бошқа кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланиладиган моддалар, шунингдек рухсатномалар бериладиган, импорт қилинадиган рециркуляцияланган, тикланган озонни бузувчи моддалар квоталанмайди.

 

2018–2030 йиллар даврида озонни бузувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти учун квоталар ВМнинг 17-сон қарорига 4-иловада келтирилган. Улар аризачилар ўртасида қуйидаги фоиз нисбатида тақсимланади: 80%и – озонни бузувчи моддаларнинг амалдаги импортини сўнгги 3 йиллик давр мобайнида амалга оширган аризачилар, 10%и – янги аризачилар учун, 10%и – захирада қолдирилади.

Квоталарнинг тақсимоти ҳар йили Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади. Бу ҳақда маълумот квоталанадиган озонни бузувчи моддалар импорти юзасидан назоратни амалга ошириш учун 20 апрелга қадар ДБҚга тақдим этилади.

 

Рухсатнома қандай олинади

Таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган, Ўзбекистон Республикасига импорт ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатида (ВМнинг 17-сон қарорига 2-илова) бошқа товарлар билан бирга, таъмирланган ёки таъмирланмаганлигидан қатъи назар, енгил ва юк автомобилларига ўрнатиладиган кондиционерлар ҳам кўрсатилган (ТИФ ТН коди – 8415 10 100 0–8415 83 000 0, 8418 61 00, 8418 69 000 9). Тегишли равишда, бундай товарни олиб кириш учун махсус рухсатнома талаб этилади.

Рухсатномани олиш механизми Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилишга ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилишга рухсат бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 17-сон қарорига 3-илова) белгиланган. Давлат экология қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ рухсатнома беришга ҳақлидир.

Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти юзасидан назорат Давлат экология қўмитаси томонидан ДБҚ билан биргаликда амалга оширилади.

Аризачи рухсатнома олиш учун давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилиши мумкин. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этилади:

● ушбу Низомга 4-иловага (озонни бузувчи моддалар учун) ва 5-иловага (таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган маҳсулотлар учун) мувофиқ ариза;

● озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ёки экспорти учун битим (шартномалар, инвойслар ва ҳ.к.) нусхаси;

● озонни бузувчи моддаларнинг утилизацияси ёки тикланишини амалга оширган ихтисослаштирилган ташкилотнинг етказиб берилган ҳажмлар кўрсатилган ҳолдаги маълумотномаси (аввал ишлатилган ва тикланган озонни бузувчи моддалар импорт қилинганда тақдим этилади);

● рухсатнома бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлиги ҳақидаги банк ҳужжати;

● импорт қилинаётган озонни бузувчи моддаларнинг таркиби, шунингдек Давлат экология қўмитасининг талабига кўра, экспортни амалга ошираётган мамлакат томонидан берилган лицензиядан нусха.

Аризачидан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжат ва маълумотларни тақдим этишини талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

 

Маълумот учун. Рухсатнома бериш ҳақидаги аризада аризачи электрон манзилининг кўрсатилиши унинг аризаси бўйича ЯИДХП орқали қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарномани олишга унинг розилиги ҳисобланади. Аризачи рухсатнома беришга аризани кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгардир.

 

Зарурат бўлганда Давлат экология қўмитаси экспорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли органларидан, аризачининг иштирокисиз, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг аризачи томонидан тақдим этилган ариза ва битимдаги (шартномада, инвойсда ва ҳ.к.) маълумотларга мослиги ҳақида қўшимча ҳужжат ва маълумотлар олади. Шунингдек ДБҚ ходимлари ҳамда тегишли соҳанинг юқори малакали мутахассислари билан биргаликда озонни бузувчи моддалар, таркибида улар бўлган маҳсулотларни ташқи кўздан кечиришни, уларнинг рухсатномага мувофиқлигини аниқлаш учун асбоб-ускуналар ёрдамида ўлчовлар, ўрганишлар, тадқиқотлар, кўздан кечиришлар, бошқа илмий ва техник баҳолашлар ўтказади.

Ариза ҳужжатлар берилган санадан бошлаб 1 иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Зарурат бўлганда, ушбу муддат 20 иш кунигача узайтирилади. Рухсатнома 1 йилдан ошмаган муддатга берилади. Бироқ рухсатноманинг амал қилиш муддати, ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагунча аризачининг аризасига кўра узайтирилиши мумкин.

 

Маълумот учун. Аризани кўриб чиқиш учун ариза берилган кунда қонун ҳужжатларида белгиланган БҲМнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади. 

 

*Таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган, жисмоний шахслар томонидан ташиладиган ва улар нотижорат ва тадбиркорлик фаолиятига мўлжалланмаган, ўз эҳтиёжлари учун фойдаланишга мўлжалланган, мазкур шахслар томонидан импорт ёки экспорт қилинадиган маҳсулот бўлган ҳолатлардан ташқари. 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 212 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика