Тадбиркорларни ЖШДС ва ижтимоий солиқни камроқ тўлаш учун штатни қандай мақбуллаштириш мумкинлиги хусусидаги масала кўпроқ қизиқтиради. Зеро, бундай «мақбуллаштириш» солиқ назорати чоғида қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги эса уларни кўп ўйлантирмайди. Cолиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА хуфиёна схемаларнинг энг кўп тарқалган учтаси ва уларни қўллаш хавфлари хусусида тўхталди.
1. Нақдлаштириш «контора»си билан шартнома
– Баъзан тадбиркорлик субъекти ўз ходимларининг бир қисмини қонунда талаб қилинганидек расмийлаштирмайди. Бинобарин, субъектда мавжуд ишлар ҳажмини бажариш учун ходимларнинг шунга мувофиқ сони меҳнат қилади. «Нолегаллар»га иш ҳақи учун маблағлар нақдлаштирувчи «контора»лар билан тузилган шартномалар асосида олинади.
Бу каби қинғирликларнинг ҳаммаси, одатда, солиқ текширувларида юзага қалқиб чиқади. Бажариладиган ишлар ҳажми контрагентлар билан тузиладиган шартномалар бўйича ЭҲФ орқали кузатиб борилади. Қонуний иш ҳақи оладиган ходимлар сони ҳам солиқ ҳисоботида акс эттирилади. Текширувчиларга ишчи кучи бажарилган хизматларга (ишларга) қанчалик мувофиқлигини баҳолашлари қолади.
Шуни унутмаслик керакки, сайёр солиқ текшируви солиқ тўловчи ишчи-ходимлари ҳақиқий сонининг уларнинг солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган сонига мувофиқлигини текшириш мақсадида ўтказилиши мумкин. У қуйидагиларни ўз ичига олади (Низом 19-б., 7.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚга 1-илова):
● солиқ тўловчининг ҳақиқатда фаолият юритаётган ишчи-ходимлари сонини аниқлаш;
● ҳақиқатда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар охирги ҳисобот даври учун солиқ ҳисоботларида акс эттирилган ишчи-ходимлар билан солиштирилади;
● солиқ ҳисоботларида мавжуд бўлмаган ишчи-ходимлардан уларнинг ишлаш даври ҳамда олаётган иш ҳақи тўғрисида ёзма равишда тушунтиришлар олинади.
Бундай текширувнинг натижаси текширувчилар исботлаши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар сонига боғлиқ. Бироқ, камида, солиқ органи СКнинг 14-15-моддалари асосида нақдлаштирувчи идоралар билан битимларни кўзбўямачилик учун тузилган деб эътироф этади.
Кўзбўямачилик учун тузилган битим солиқ оқибатларига сабаб бўлмайди, бинобарин, бюджетга барча ҳисобга олинган суммаларни қайтариш ва қўшимча фойда солиғини (15% + 15% = 30%) тўлашга тўғри келади.
Бундай натижанинг ўзидаёқ шуниси очиқ-ойдинки, барча ходимлар билан қонун бўйича меҳнатга оид муносабатларни расмийлаштириш ва 12% ЖШДС ва 12% ижтимоий солиқни тўлаш фойдалироқ бўларди.
2. Конверт орқали тўловлар
«Конверт тизими»да ходимлар оладиган иш ҳақи, қоидага кўра, икки қисмдан иборат бўлади:
● расмий маош – МҲЭКМдан унча кўп эмас;
● норасмий иш ҳақи – салмоқли ҳажмда.
Конвертларда тўлаш учун пуллар, қоидага кўра, таъсисчиларга тўланиши лозим бўлган фоизлар ва дивидендлар орқали олинади. Фоизлар ва дивидендлардан олинадиган солиқ 5%ни ташкил этади. Бир қарашда, уни тўлаш суммада ходимларнинг иш ҳақига ҳисобланадиган ЖШДС ва ижтимоий солиқ берадиган 24%ни тўлашдан кўра манфаатлидек туюлади.
Солиқ текширувлари хавфи нуқтаи назаридан – бу ҳам энг хавфсиз усул, сабаби ЖШДС ва ижтимоий солиқдан қочиш бўйича ғайриқонуний ҳаракатларни исботлаш мушкул.
Бироқ ушбу схема – исталган вақтда бирдан портлаши мумкин бўлган пинҳона бомбага ўхшайди. Қоидага кўра, «соф» иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариладиган пенсия ҳисобварағига тўловлар миқдоридан норози бўлган ходимлар турли инстанцияларга шикоят қилишни бошлайдилар. Ходимларнинг шикояти бўйича текширувлар тайинланиши мумкин. Агар ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан – солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланса, иш берувчи қўшимча жарималар ва пенялар ҳисобланишидан қочолмайди.
Эътиборлиси шундаки, текширувчиларнинг назарига биргина ЖШДС ва ижтимоий солиқ эмас, балки ташкилот фаолиятининг исталган соҳаси тушиб қолиши мумкин.
Менга бир тадбиркор маслаҳат сўраб мурожаат қилди, унинг собиқ ходими давлат пенсияси миқдоридан норози экан. Пенсионер пенсияни 800 минг сўмлик расмий иш ҳақидан эмас, балки ҳақиқий тўловларнинг суммасидан олишни хоҳлаган.
Бу борада ходим пенсия миқдорининг оширилишига эриша олмаган, сабаби ҳаммаси расмий маош тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқарилган. Бироқ адолат излаш юзасидан у шикоят қабул қиладиган барча инстанцияларга ёзган.
Натижада текширувлар тайинланган, уларнинг натижасида ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Миллиардлаб сўм қўшимча ҳисоблашлар ва жарималар ҳисоблаб чиқарилган. Ва албатта, иш берувчи иш ҳақини қонун талаб қилганидек тўлиқ тўлаганда, у бюджетга камроқ маблағлар тўлаган бўларди.
3. Тушунчалар алмашиб қолганда…
Ҳозир иш берувчилар ўзини ўзи банд қилганларга «иштаҳа билан» қарашади, айнан улар билан шартномаларни икки қўллаб тузишмоқда, шу орқали штатнинг кенгайиб кетиши олдини олишмоқда. Ўзини ўзи банд қилган шахснинг даромадига ЖШДС солинмайди, 1 БҲМ миқдоридаги ижтимоий солиқни эса ўзини ўзи банд қилган мустақил равишда тўлайди.
Солиқ текширувларида солиқ органлари бундай шартномани меҳнат ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартномага қайта малакалашлари мумкинлиги хавфи мавжуд. Қуйидагилар исботланган тақдирда қўшимча ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоблаш эҳтимоли катта:
● ўзини ўзи банд қилган шахс иш берувчининг топшириғига биноан унинг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасида кўрсатилган фаолият турига мансуб бўлмаган ишларни ҳам бажаргани. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахс ушбу ишларни бажарганлигини асословчи бошқа ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд бўлмайди;
● ўзини ўзи банд қилган шахс ташкилотнинг меҳнат тартибига бўйсунганлиги;
● ишларни бажариш учун у буюртмачининг жиҳозлари, асбоб-ускуналари, хом ашёсидан – уларни ўзига ўтказишни лозим даражада расмийлаштирмасдан фойдаланганлиги;
● ўзини ўзи банд қилган шахснинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби штатдаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимига ўхшаш бўлса.