27 август куни Сенатнинг XVIII ялпи мажлисида бошқа қонунлар қатори «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам маъқулланди. Муҳим ўзгартиришлар хусусида тўхталамиз.
1. Туризм соҳасига имтиёзлар 2022 йил 1 январга қадар узайтирилди. Бунда Президентнинг қуйидаги фармонларида акс эттирилган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари назарда тутилган: «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» (19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон), «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон), «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон), «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» (18.05.2020 йилдаги ПФ-5996-сон), «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида» (28.05.2020 йилдаги ПФ-6002-сон).
2. Импорт қилувчилар фақат электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини (электромобиллар) сотиб олганлик ёки вақтинча олиб кирганлик учун йиғим тўлашдан озод этилди.
3. Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос «ўсиш нуқтаси» деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 январга қадар фойда ва сув солиқлари бўйича ставкалар 50%га пасайтирилади.
4. Шунингдек, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари учун алоҳида солиқ ставкалари белгиланди. Хусусан, Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг «Чўнғара» маҳалла фуқаролар йиғини, Фарғона туманининг «Шоҳимардон», «Ёрдон» ва «Ҳосилот» МФЙлари (Тоштепа кўчаси) учун фойда солиғи, ЖШДС, ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотларидан ташқари) ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича 1% миқдорида солиқ ставкаси белгиланмоқда.
Манба: senat.uz