Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 25 / Жавоб берамиз

Божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлашга доир

 

Хусусий корхона ишлаб чиқариш жараёнида маҳсулотлар импорти бўйича божхона имтиёзларидан фойдаланиб келмоқда. Солиқ кодексининг 100-моддасида кўра, агар солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу модда иккинчи қисмининг 3–6-бандларида ва (ёки) тўртинчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра берилган бўлса, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда қарз суммасига фоизлар ҳисобланади. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-бандида эса ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланадиган ҚҚС суммасидан Марказий банк томонидан белгиланган, қайта молиялаштириш ставкасининг бир кун учун қайта ҳисобланган фоизининг 50 фоизи миқдорида фоизлар ундирилиши белгиланган.

Қайси ҳолларда импорт қилувчи корхона ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятининг берилган ҳар бир куни учун тўланадиган ҚҚС суммасидан Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг бир кун учун қайта ҳисобланган фоизининг 50 фоизи микдорида фоизлар ундирилади?

Божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган? 

 

– Кечиктирилган ҚҚС суммасига Божхона кодексида ва Вазирлар Маҳкамасининг 10.02.2020 йилдаги ­76-сон қарорида кўрсатилган фоизларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (10.02.2020 йилдаги 76-сон ВМҚга илова) 13-бандида ҚҚСни тўлаш муддати узайтирилганда тўланадиган ҚҚС суммасидан Марказий банк томонидан белгиланган, қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида фоизлар ундирилиши кўрсатилган бўлса-да, Солиқ кодексида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқларни тўлашни кечиктиришда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда қарз суммасига фоизлар ҳисобланиши кўрсатилган (СК 100-м.). Лекин Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи шахслар божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшилган қиймат солиғини тўловчилар деб эътироф этилади (СК 237-м.). Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб кириш чоғида ҚҚС божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган суммада ва тартибда бюджетга тўланиши керак (СК 272, 273-м.). Божхона кодексига асосан божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасидан Марказий банк томонидан белгиланган, қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Бунда ишлаб чиқарувчи корхоналардан экспорт маҳсулотини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун ҚҚС бўйича, моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ҳамда кичик корхоналар, фермер хўжаликлари, шунингдек юридик шахс мақомини олган деҳқон хўжаликларидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган товарлар учун божхона тўловлари бўйича фоизлар умуман ундирилмайди (БК 329, 332-м.).

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб кириш чоғида тўлаш кечиктирилган ҚҚС суммасига Божхона кодексида ва 10.02.2020 йилдаги 76-сон ВМҚда кўрсатилган фоизларни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Нурали НУРМУҲАММЕДОВ,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 476 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика