Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 25 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ва солиқ техникумлари фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тизимидаги таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда давлат солиқ хизмати органлари тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 4 ноябрдаги ПҚ–4879-сон қарорига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат солиқ қўмитаси) ҳузуридаги Малака ошириш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилганлиги;

Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ коллежлари 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Институт ҳузуридаги Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ техникумлари (кейинги ўринларда – солиқ техникумлари) этиб қайта ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилиши инобатга олинсин:

Институтнинг бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги тўрт йил, сиртқи таълим шакли бўйича беш йил этиб белгиланади;

Институтнинг магистратура мутахассисликлари кундузги таълим шакли бўйича ўқиш давомийлиги бир йил ҳамда масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакли ўқиш давомийлиги икки йил этиб белгиланади;

Институтнинг бакалавриат ва магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилишда тест синовларини очиқ ва ошкора ўтказиш, ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 20 июлдаги 393-сон ва «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарорларида белгиланган тартибда амалга оширилади;

давлат органларининг марказий аппаратида солиқлар ва солиққа тортиш, молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни Институт магистратурасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки таълим ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра кириш тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади;

Институтда бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар, истисно тариқасида, Институт магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-шартнома асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг давлат солиқ хизмати органларида камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилинади;

Давлат солиқ қўмитасига Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари тавсиясига мувофиқ «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандлари бўлган ҳамда Институтга талабаликка тавсия этилган ёшлар учун халқаро молия ташкилотларининг грантлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлов-шартномаси ёки субсидия ажратиш орқали молиялаштириладиган алоҳида қабул параметрларини белгилашга рухсат берилади.

3. Давлат солиқ қўмитасининг Институт фаолияти ва илмий ўқув жараёнини ташкил этиш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

таълим дастурларига, халқаро профессионал ассоциациялар ва бирлашмаларнинг малака сертификатлари бўйича касбий кўникмалар ва махсус билимларни ўзлаштиришга доир фанларни жорий этиш;

Давлат солиқ қўмитаси буюртмаси асосида давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмалари бўйича шартнома асосида раҳбар ва ходимларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;

Давлат солиқ қўмитасининг буюртмасига асосан солиққа тортиш ҳамда молиявий назорат соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқотлар олиб боришни жорий этиш.

4. Институт ректорига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қуйидаги тадбирларни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин:

Институт истиқболли кундузги таълим битирувчилари ва ходимларининг хорижий таълим ва илмий ташкилотлари магистратура ва докторантурасида ўқиш қиймати ва у билан боғлиқ харажатлар учун тўловларни улар ўқишни тугатгандан сўнг Институтда камида беш йил узлуксиз ишлаш шарти билан амалга ошириш;

Институт ва солиқ техникумларининг иқтидорли талаба ҳамда ўқувчиларига стипендия ажратиш;

хорижий ва маҳаллий малакали мутахассисларни Институтда таълим жараёнларига консультант, маърузачи ва ўқитувчи сифатида жалб этиш;

Институт ходимларини етакчи хорижий таълим муассасаларига ва бошқа ташкилотларга стажировка ўташ учун юбориш.

5. Белгилаб қўйилсинки:

а) солиқ техникумлари битирувчилари, шунингдек Давлат солиқ қўмитаси тизимидаги Фарғона, Тошкент ва Бухоро солиқ коллежларининг давлат солиқ хизмати органларида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган битирувчилари Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинади;

б) қуйидагилар солиқ техникумлари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси Институт ва солиқ техникумларига ўз идораларидаги статистик, архив ва бошқа маълумотлардан (ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳолатлар бундан мустасно) фойдаланиш имкониятини яратсин.

7. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтнинг Васийлик кенгаши таркиби 1-иловага** мувофиқ;

Васийлик кенгашининг вазифалари ва ваколатларини белгилаш, фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш ҳамда қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институтнинг Васийлик кенгаши тўғрисидаги низом 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 17 июнь

377-сон.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.06.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 279 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика