Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 25 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Сўнгги йилларда мамлакатимиз саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шаҳар ва вилоятларда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳисобига аҳолини иш билан банд қилишни кенгайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди ва амалга оширилди.

Натижада, сўнгги тўрт йил ичида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоизга, шу жумладан электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик саноати, қурилиш материаллари, мебель, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа истеъмол моллари ишлаб чиқариш сингари саноатнинг ҳудудларда жадал ривожланаётган тармоқлари 1,3 баробардан кўпроқ ўсди.

Шу билан бирга, ҳудудларда мавжуд саноат салоҳиятидан, айниқса, қурилиш индустриясини ривожлантиришда норуда минералларнинг хом ашё базасини ўзлаштириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Хусусан, керамзит, силикат қуми, шиша хом ашёси, қурилиш ва қоплама тошларга эга ўрганилган конларнинг ярмидан кўпи ўзлаштирилмай қолмоқда. Натижада, санитария-техник воситалар бўйича маҳаллий ишлаб чиқариш ички бозорнинг фақатгина 40 фоизини, газбетон блоклар – 51 фоизини, лок-бўёқ маҳсулотлари – 65 фоизини, қурилиш ойналари – 70 фоизини, девор гулқоғозлари – 30 фоизини ташкил этмоқда.

Электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик буюмлари, қоғоз саноати, қурилиш материаллари, мебель, уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа маҳаллий саноат тармоқларини (кейинги ўринларда – маҳаллий саноат) жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи яхлит тизимни яратиш, шунингдек, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида:

1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маҳаллий саноатни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларни жалб қилиш, туманлар (шаҳарлар) салоҳиятини ишга солиш ва уларнинг нисбий устунликларидан фойдаланиш асосида маҳаллий саноатни ривожлантириш «драйверлари» бўлган тармоқларни аниқлаш;

тармоқларнинг ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, корхоналарни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилиш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга ҳамкорликда экспорт қилишни йўлга қўйиш;

сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш;

«қўшимча қиймат занжирлари»ни кенгайтириш, ишлаб чиқариш таннархи ва харажатларини камайтириш, тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш;

кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш ва фаолиятини мувофиқлаштириш;

замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, тренинг дастурларидан кенг фойдаланиш;

тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида тартибга солиш муҳити ва стандартларни такомиллаштириш.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 июлдан бошлаб мазкур Фармонга 1-иловада** кўрсатилган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидагилар тақдим этилади:

а) инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар;

б) қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидагича компенсациялар:

миллий валютадаги кредитлар бўйича – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;

чет эл валютасидаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;

в) синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар.

3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

2-иловага** мувофиқ 24 та туманлар (шаҳарлар)ни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган туманлар);

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида ­3-иловага** мувофиқ таркибда Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилиш;

ихтисослаштирилган туманларда зарур ер участкаларини ажратган ҳолда, шу жумладан «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ҳузуридаги «PSB Capital» МЧЖ инвестиция компанияси иштирокида, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида «кичик саноат зоналари»ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Вазирлар Маҳкамаси (С.Умурзаков) «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузуридаги Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш (С.Аннакличев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, икки ой муддатда ихтисослашув соҳасини инобатга олиб, лойиҳалар амалга оширилиши таклиф қилинадиган туманлар (шаҳарлар) рўйхатини шакллантирган ҳолда 2022–2026 йилларда маҳаллий саноат тармоқларини жадал ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга қурилиш материаллари саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит линияси ажратилишини таъминласин.

6. Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Қўчқоров) ва Молия вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда:

ихтисослаштирилган туманларда саноат инфратузилмасини ривожлантириш учун 400 миллиард сўм;

геология-қидирув ишларини олиб бориш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилишини назарда тутсин;

б) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг асослантирилган таклифларига биноан ихтисослаштирилган туманларда саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишларнинг манзилли рўйхатини тасдиқласин ва ушбу манзилли рўйхатга мувофиқ ишларнинг молиялаштирилишини таъминласин.

7. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 2021 йил 1 октябрга қадар ким ошди савдолари натижаларига кўра 500 та норуда фойдали қазилмалар конларининг инвесторларга фойдаланишга берилишини таъминласин.

8. Белгилансинки, 2021 йил 1 июлдан бошлаб 4-иловада** кўрсатилган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қурилиш материалларининг мувофиқлигини тасдиқлаш ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) томонидан декларация қилиш орқали амалга оширилади.

9. Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллий саноат тармоқларини ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган янги яхлит тизимни жорий этиш тўғрисидаги, қуйидагиларнинг шахсий жавобгарлигини назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковга – маҳаллий саноатни жадал ривожлантиришга кўмаклашишнинг вертикал тизимини жорий қилиш юзасидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига – «ички бозор эҳтиёжларини ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш» тамойили асосида маҳаллий саноатни ривожлантириш юзасидан.

10. Қуйидаги асосий вазифалар юклатилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи аппарати тузилмасида штатларининг умумий сони 17 бирликдан иборат бўлган Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва кооперация алоқалари масалалари котибияти (кейинги ўринларда – Котибият) ташкил қилинсин:

маҳаллий саноатдаги идоралар ва хўжалик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг маҳаллий саноатни ривожлантириш стратегиялари ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича ишини мувофиқлаштириш;

тармоқларнинг ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, тармоқлар ва ҳудудларнинг рақобатбардошлигини ошириш;

ҳудудларда кичик саноат зоналари ва саноат кластерларини ишга тушириш, кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш;

ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш.

Белгилансинки, Котибиятнинг 6 та штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг умумий штат бирликлари доирасида ҳамда қўшимча ажратилаётган 11 та штат бирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг штат бирликлари ҳисобига шакллантирилади.

11. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича ёрдамчиси лавозими маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимига ўзгартирилсин. Бунда, уларнинг котибиятлари штати Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан 2 та штат бирлигини ўтказиш ҳисобига 3 та штат бирлигигача кенгайтирилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари зиммасига Котибият ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.

13. 2021 йил 1 июлдан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва вилоятлар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармалари ҳузуридаги Кичик саноат зоналари дирекциялари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимига тўлиғича мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан биргаликда ўтказилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов бир ҳафта муддатда ушбу Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритсин.

15. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасини ушбу Фармонда белгиланган талабларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш, унинг янги тузилмаси ва бошқарув ходимлари штат жадвалини тасдиқлаш тавсия этилсин.

16. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузуридаги Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси С.С.Аннакличев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.А.Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 9 июнь

ПФ-6244-сон.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.06.2021 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 1–4-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 734 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика