Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган МЧЖ РФнинг юридик шахси бўлган таъсисчига эга. У ўз улушини (50%) Россиянинг бошқа юридик шахсига сотади. Мулк ҳуқуқини ўтказиш расмийлаштирилгунга қадар МЧЖ, солиқ агенти сифатида, СКнинг 356-моддасига асосан Ўзбекистоннинг солиқ органларига норезидентнинг даромадлари бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиши ва ундан солиқ тўлаши керак.
Улушни реализация қилишдан солиқ қандай ҳисоблаб чиқарилади – корхонанинг соф активлари қийматиданми ёки активларнинг умумий қийматидан?
Саволга «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– Норезидент бўлган юридик шахсларнинг Ўзбекистоннинг резиденти бўлган юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши (пайи)ни реализация қилишдан олган даромадларига Ўзбекистондаги манбада солиқ солинади (СК 351-м. 1-қ., 2-қ. 5-б.).
Бунда ушбу улушни сотиб олаётган Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган юридик шахс солиқ агенти деб эътироф этилади (СК 352-м.).
Бундай улушни сотишда норезидентларнинг даромадларига солиқ солиш тартибини СКнинг 356-моддаси тартибга солади.
Улушни реализация қилишдан олинган даромадлар уни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланадиган сотиб олиш қийматидан ошган суммаси сифатида аниқланади. Сотиб олиш қийматини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, солиқ агенти солиқни реализация қилиш қийматидан келиб чиққан ҳолда ушлаб қолади (СК 356-м. 3-қ.).
Қандай ҳисоблаб чиқарилади
Бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда улушларга бўлинган хўжалик жамияти масъулияти чекланган жамият деб ҳисобланади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун 3-м.).
МЧЖ иштирокчилари жамиятнинг УФдаги (УКдаги) ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини Қонунда ва жамиятнинг уставида назарда тутилган тартибда мазкур жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига сотиш ёки ўзга тарзда уларнинг фойдасига воз кечишга ҳақлидирлар (Қонун 8-м.).
Жамият устав фонди (устав капитали) ва унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматидан иборат бўлади (Қонун 14-м. 1-қ.).
Жамият иштирокчисининг УФдаги (УКдаги) улушининг миқдори:
● фоизларда ёки каср кўринишида белгиланади;
● жамият иштирокчиси улушининг миқдори унинг улуши номинал қиймати билан жамият устав фондининг (устав капиталининг) нисбатига тенг бўлиши керак (Қонун 14-м. 3-қ.).
Жамият иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади (Қонун 14-м. 4-қ.).
Умумий қоида мавжуд, унга асосан жамият иштирокчисининг жамият устав фондидаги улушининг ҳақиқий қиймати у ёки бошқа ҳодиса рўй берган санадан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланади (Қонун 22, 24-м.).
Шу тариқа, агар фаолият кўрсатаётган корхонанинг улуши ҳақиқий қиймати бўйича реализация қилинса, улушни сотиб олиш қиймати ва ҳақиқий қиймати ўртасидаги фарқ даромад ҳисобланади.
Агар улуш номинал қиймати бўйича реализация қилинса, сотиб олиш қиймати ва реализация қилиш қиймати ўртасидаги фарқ вужудга келмайди.