● Сопи бриллиантдан бўлган шамшир қанча туради
● Амир Олимхон Россия империяси ҳукуматидан яна қандай мукофотлар олган?
● Коллекциядаги орден ва медалларнинг «иккинчи ҳаёти»
Мавзуга ойдинлик киритиш учун давлат мукофотлари ўзи нима, деган саволга жавоб топиш лозим. «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида давлат мукофотлари билан мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашга, тинчлик ва барқарорликни сақлашга, мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, социал, илмий, интеллектуал, маънавий салоҳиятини ҳамда мудофаа қудратини оширишга қўшган ҳиссаси, давлат ва халқ олдидаги ижтимоий, хайрия, гуманитар соҳаларидаги ҳамда бошқа соҳалардаги хизматлари учун Ўзбекистон фуқаролари тақдирланишлари белгиланган. Шунингдек, Қонунда давлат мукофотларининг турлари, улар сирасига кирувчи олий даражадаги унвон, фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар номлари келтирилган.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, биз давлат мукофотлари деганда республика ҳукумати томонидан таъсис этилган давлат мукофотлари қаторида қўшни ва бошқа давлатлар ҳукуматлари томонидан таъсис этилган давлат мукофотлари ҳамда музей фондлари ва фалеристларнинг шахсий коллекцияларида сақланаётган мукофотларни ҳам назарда тутишимиз керак. Чунки Қонунга мувофиқ, давлат мукофотлари билан Ўзбекистон Республикаси учун хизмат кўрсатган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин. Шу ўринда бизнинг фуқаролар ҳам қўшни ва бошқа давлатлар томонидан таъсис этилган давлат мукофотлари билан мукофотланишлари мумкинлигини ҳисобга олиш даркор. Собиқ иттифоқ давридаги мукофотлар ҳам шулар жумласидандир. Бошқа давлатлар амалиётига назар ташласак, давлат мукофотлари билан кишилар Ватанни ҳимоя қилишда кўрсатган фидойилиги, мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодий қудратини ошириш, халқ хўжалигида эришган юксак ютуқлари ва бошқа алоҳида хизматлари учун мукофотланадилар.
Албатта, жамият тарихида сезиларли из қолдирган шахсларга тегишли бўлган давлат мукофотлари ва шахсий буюмлар бебаҳо саналади ва уларнинг хос қийматини аниқлаш имконсиздир. Бундан кўриниб турибдики, орден ва медаллар хос давлат мукофотлари саналади. Ўз-ўзидан бу каби буюмлар оилавий қадрият сифатида юқори қадрланади, авлоддан авлодга асори-атиқа сифатида ўтиб келади ва сақланади. Уларнинг эркин муомаласи чегараланганлиги боис савдо расталарида сотилмайди. Шу сабабдан уларнинг аниқ прейскурант баҳоси ҳам мавжуд эмас. Улар коллекцион буюмлар сирасига киради.
Шу ўринда ҳақли саволлар юзага келади: қайси ҳолларда уларни баҳолашга эҳтиёж туғилади? Уларнинг эркин муомаласи чекланган бўлса, хос қиймат тури сифатида қайси баҳолаш базасини танлаш тўғри бўлади? Қайси баҳолаш ёндашувлари ва усуллари қўлланилади? Уларнинг баҳоси қандай шаклланади? Давлат мукофотларини баҳолашга оид меъёрий ҳужжат ёки методик қўлланма мавжудми?
Таъкидлаш жоизки, баҳолаш амалиётида давлат мукофотларини баҳолашга қуйидаги ҳолларда эҳтиёж туғилади:
● таниқли давлат ва санъат арбобларининг вафотидан сўнг ташкил этилган уй музейлари фондини шакллантиришда уларга тегишли шахсий хўжалик ашёлари ва давлат мукофотлари қийматини ҳисоблаш учун;
● давлат мукофотига эга шахснинг вафоти муносабати билан мерос тақсимоти пайтида нотариус идоралари учун;
● кредит маблағларини гаров эвазига қоплаш учун;
● никоҳни бекор қилишда мулкий муносабатларга аниқлик киритиш учун;
● музейлар ва музей фондлариаро экспонатлар алмашув жараёнида экспонатлар қийматини бухгалтерия ҳужжатларида қайд этиш учун;
● топилмалар таркибида давлат мукофотлари бўлганда музейларга топшириш вақтида;
● суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ваколатли идораларнинг ажрими ёки қарорларига кўра;
● галерея, аукцион уйлари ва арт-ярмаркаларда ташкил этиладиган савдоларда.
Ўрганишлар натижасида юқорида қайд этилган Қонуннинг 22-моддаси билан давлат мукофотларининг эркин муомаласи чегараланганлиги аён бўлади. Унда орден, медаль, фахрий унвонга доир кўкрак нишонларини ноқонуний равишда тақиб юриш, сотиб олиш, сотиш, алмашиш ёки ўзга тарзда ҳақ эвазига бировга бериш қонун ҳужжатларида кўрсатилган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Қўшимча тарзда айтиш лозимки, мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл урган шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-моддасида назарда тутилган жавобгарликка тортилиши мумкин. Давлат мукофотлари мақомига эга бўлмаган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ички ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳукумат идоралари билан келишиган ҳолда ходимларни рағбатлантириш учун таъсис этилган унвонлар ва эсдалик кўкрак нишонлари бундан мустасно.
Ҳолат шундай экан, давлат мукофотларини баҳолаш асносида хос қиймат тури сифатида қайси баҳолаш базасини танлаш керак: бозор қийматиними ёки бошқаними?
5-сон «Баҳолаш базалари» ҳақида сўз юритилган миллий баҳолаш стандартининг 2-боб, 44-моддасида баҳолаш базалари баҳолаш ҳақидаги ҳисоботда кўрсатилган қиймат учун асос бўлган асосий принципларни белгилаши, баҳолаш базалари бошланғич маълумотлар ва фаразларни танлашга таъсир кўрсатиши ёки белгилаб бериши, шунигдек, қиймат ҳақидаги якуний хулосага таъсир этиши мумкинлиги кўрсатилган. Демак, қиймат турини тўғри танлаш муҳим аҳамият касб этади. Шундагина баҳолаш ишлари керакли йўсинда кечади ва баҳолаш юзасидан ҳаққоний якуний хулоса бериш таъминланади.
Фикримизча, давлат мукофотларининг эркин муомаласи чегараланганлиги боис уларнинг «бозор қиймати»ни эмас, балки муайян объектнинг эркин муомаласи чегараланган шароитдаги бозор қийматини аниқлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тўғри, 5-сон МБСнинг тегишли моддаларида «муайян объектнинг эркин муомаласи чегараланган шароитда бозор қиймати» деган тушунча ҳамда атама мавжуд эмас ва у истеъмолга киритилмаган.
Шу ўринда, мазкур тушунча ва атамани истеъмолга киритиш таклифини илгари сурган ҳолда аниқ мисоллар билан уни қайси ҳолларда қўллаш ўринли эканлигини асослаб беришга ҳаракат қиламиз. Демак, муайян объектнинг эркин муомаласи чегараланган шароитдаги бозор қийматини аниқлашга қуйидаги ҳолларда дуч келишимиз мумкин:
– муайян шахсга тегишли бўлган ёки унинг оила аъзоларига мерос сифатида қолган давлат мукофотлари, бадиий-тарихий қийматга эга санъат асарлари ҳамда нодир қўлёзма китобларнинг ўғирланиши оқибатида ўғирланган ашёларни қонуний эгасига қайтариш имконсиз бўлган тақдирда етказилган зарарни қоплаш қийматини ҳисоблашда;
– музейлар ва арт-галереялардан ўғирланган ёки йўқотилган антиквар мақомга эга экспонатларни (картиналар, ҳайкаллар, орденлар, медаллар, нодир қўлёзма китоблар, қурол-аслаҳалар, тарихий шахсларга тегишли шахсий хўжалик ашёлари ва бошқалар) топиш ва ортга қайтариш имконсиз бўлганда уларнинг компенсация қийматини аниқлашда;
– музейлар ва музей фондлариаро экспонатларнинг алмашув жараёнида экспонатлар қийматини бухгалтерия ҳужжатларида қайд этишда;
– таниқли давлат ва санъат арбобларининг вафотидан сўнг ташкил этилган уй музейлари фондини шакллантиришда уларга тегишли шахсий хўжалик ашёлари ва давлат мукофотлари қийматини ҳисоблаш учун;
– суд ёки бошқа ваколатли давлат органларининг ажрими, ҳукми ёхуд қарорларига кўра мусодара қилинган давлат мукофотлари, бадиий-тарихий қийматга эга санъат асарлари ҳамда нодир қўлёзма китобларнинг қийматини белгилашда;
– топилмалар таркибида давлат мукофотлари бўлганда музей фондига топшириш ҳамда топилмаларни топган шахсларга қонунда белгиланган тартибда мукофот пуллари миқдорини ҳисоблаб чиқаришда.
5-сон МБСнинг 3-боб, 1-параграф, 54-моддасида «Бозор қиймати» тушунчасига берилган тавсифда энг асосий мезонлардан бири сифатида баҳолаш объектининг «... очиқ бозорда рақобат шароитида ...» айрибошланиши қайд этилган. Бизнинг ҳолатда эса бунинг акси. Номлари юқорида қайд этилган баҳолаш объектларининг очиқ бозордаги эркин муомаласи қонунан чегараланган. Рақобат тоифасини бизнинг ҳолатда қўллаш ўринли бўлмайди. Боз устига, бу каби коллекция буюмларининг олди-сотдиси ҳақида маълумотлар ошкор этилмайди. Бу каби савдолар ўта тор доирада ўтказилади.
Айнан шунинг учун давлат мукофотларини баҳолашда муайян объектнинг эркин муомаласи чегараланган шароитдаги бозор қийматини аниқлаш мақсадга мувофиқ деган фараз ва таклиф илгари сурилмоқда. Бу атамани давлат мукофотларидан ташқари очиқ бозорда эркин муомаласи чекланган тарихий ва бадиий аҳамиятга молик барча антиквар предметларга нисбатан қўллаш мумкин десак, муболаға бўлмайди.
Биз бундай ўринларда анъанага кўра халқаро амалиётга мурожаат қилишга одатланганмиз. Халқаро амалиётга назар ташласак, қуйидагилар ойдинлашади. RICS стандартлари барча тоифадаги мулклар ва мулкий мажмуаларни баҳолаш жараёнида томонлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган жамики ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган ва мунтазам янгилаб борилади. У биринчи бор 1976 йилда «Баҳолаш ва экспертиза бўйича қўлланма» форматида нашрдан чиқарилган бўлса, ҳозирга келиб янада такомиллаштирилди, амалиётда қўллаш учун осон, оддий фойдаланувчига ҳам тушунарли бўлган, турли талқин ва ёндашувларга ўрин қолдирмайдиган ҳолатга келтирилиб, қайта нашр қилинди. Охирги марта 2018 йили янги таҳрирда, замонавий ва қулай шаклда, соҳага оид янгиликлар билан бойитилган ҳолда чоп этилди. Демак, стандартларда мавжуд бўшлиқларни тўлдириб бориш амалиётини йўлга қўйиш замон талабидир.
Зеро, баҳоловчи мутахассис баҳолаш мақсадларидан ҳамда баҳолаш жараёнида ҳукм сураётган вазиятдан келиб чиқиб, мулкни баҳолаш чоғида қўлланилиши мумкин бўлган ёндашув ҳамда услубларни мустақил танлаш ва уларни татбиқ этишдан воз кечиш ҳуқуқига эга. Бу эса баҳолаш жараёнида умумэътироф этилган ва ҳозир истеъмолда бўлган у ёки бу услуб ёхуд ёндашувни ҳар доим ҳам татбиқ эта олиш мумкин эмас, деган фикрни илгари суришга асос бўлади.
Хуллас, давлат мукофотларини баҳолашда умумэътироф этилган баҳолаш ёндашувларидан қай бирини қўллаш мақсадга мувофиқ? Уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
6-сон «Баҳолаш ёндашувлари ва усуллари» тўғрисидаги МБСнинг 97-бандида баҳолаш ёндашувлари харажат, даромад ва қиёсий ёндашувларидан иборат эканлиги кўрсатилган. Тушунарли бўлиши учун ёндашувларнинг соддароқ ва қисқача таърифини келтириш билан бир қаторда уларни қўллаш доираси ҳақида маълумот бериб ўтишни зарур деб ҳисоблаймиз.
Харажат ёндашуви. Бу ёндашув объектнинг янгисини яратиш ёхуд унинг аниқ нусхасини қайта тиклашга сарф этиладиган харажатлар йиғиндисини назарда тутади. Демак, буюмни ясашга сарф қилинган меҳнат ва бошқа харажатларни аниқлаб олиш бирламчи амаллардан саналади. Бизнинг вазиятда, ундан мукофотлар тиражидан келиб чиқиб, уларни ясашга ишлатилган хом ашёлар ҳамда медальерлик ва дизайнерлик хизматлари учун сарф этилган харажатлар қийматини аниқлашда фойдаланиш мумкин. Бундан, унинг ёрдамида мукофотларнинг энг паст қийматинигина аниқлаш мумкинлиги аён бўлади. Бу ёндашувни қўллаш асносида ҳар доим ҳам уларни ишлаб чиқаришда сарф этилган харажатлар ҳақида аниқ ва ишончли маълумотларни олишнинг имкони бўлмайди. Бинобарин, давлат мукофотлари ҳукумат буюртмасига асосан тоифали ишлаб чиқариш объектларида тайёрланади. Шу сабабли, мукофотларни улар таркибидаги қимматбаҳо ёки ярим қимматбаҳо металл қотишмалари ёки заргарлик тошлари миқдори ва нархидан келиб чиқиб баҳолаш тўғри бўлмайди. Бундан давлат мукофотларини баҳолашда харажат ёндашувидан фойдаланиш кераклиги ва энг асосийси ҳаққоний натижани бермаслиги аён бўлади.
Афсуски айрим ҳолларда давлат мукофотларининг асл тарихий ва маданий аҳамиятини тушунмаган ва уларни фақатгина моддий даромад манбаи сифатида талқин этувчи фуқаролар томонидан мукофотлар таркибидаги қимматбаҳо металларни ажратиб олиш мақсадида уларни утилизация қилиш ҳолатлари учраб туради. Бошқа ҳолларда эса уларнинг асл қадр-қимматини билмаслик оқибатида уларнинг арзимаган маблағ ҳисобига сотиб юборилиши кузатилади. Бу эса, охир-оқибат қадриятларнинг топталишига, ўтганлар ёдига беписандлик кайфиятини кучайтиради.
Даромад ёндашуви. Баҳолаш объектларининг қиймати ушбу ёндашув асосида ҳисобланган тақдирда баҳолаш объектига эгалик қилиш ёки фойдаланиш натижасида келгусида ундан кутилаётган даромад назарда тутилади. Тарихда ўтган таниқли давлат арбоблари – тарихий шахсларга тегишли давлат ва уй музеларида нодир экспонатлар қаторида сақланаётган ёки кўргазмаларда намойиш этилаётган давлат мукофотлари келтириши мумкин бўлган «шартли» равишдаги фойда-даромад улушини алоҳида ажратиб чиқариш имконсиз, бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Зеро, музейлар ва кўргазмаларда давлат мукофотларидан ташқари бошқа диққатга сазовор экспонатлар ҳам мавжуд ва намойишдан тушган даромад айнан бир предмет эмас, балки намойиш этилаётган жамики экспонатлар мажмуи келтирган даромад сифатида баҳоланади. Хулоса шуки, давлат мукофотларини сотиш, сотиб олиш ва айирбошлаш амалдаги қонун ҳужжатлари билан чекланганлиги боис мазкур ҳолатда «даромад ёндашуви»ни қўллаш мантиқан тўғри бўлмайди.
Қиёсий ёндашув. Оқилона фикрловчи харидор фойдалилик даражаси тенг бўлган мулклар мавжуд бўлса-да, уларнинг бирини харид қилиш эҳтимоли бўлган тақдирда бошқа худди шу каби мулкни харид қилиш учун кўпроқ сармоя сарф қилмайди деган тамойилга асосланади. Такрор бўлса-да, мукофотларнинг баҳоси тор доирадаги ихлосмандлар – коллекционерлар томонидан бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгиланишини эътироф этиш ўринли бўлади. Демак, баҳолаш ишларига холисона ёндашиш учун бозорлардаги нархлар конъюнктурасини таҳлил қилиш, баҳолаш объектига оид бўлган бозорлардаги харидорларнинг одат-анъаналари ва феъл-атворлари, уларнинг харид қобилиятини ўрганиш муҳим саналади. Эътибор берган бўлсангиз, «бозорлардаги» сўз ишлатилмоқда, бундан, баҳолаш объектига оид бўлган бозор ягона эмаслиги маълум бўлади. Коллекцион ашёлар бозори каби давлат мукофотлари бозорида ҳам олди-сотди муносабатлари шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан сир тутилади. Шундай бўлса-да, бозорда у ёки бу давлат мукофотларига бўлган нархлар шаклланиб улгурган ва турғун нархлар ҳисобланади. Айнан республикамизда нархлар юзасидан хос каталоглар ва даврий нашрлар чоп этилмаслиги важидан мукофотлар баҳосини чет ва қўшни давлатларда нашр этиладиган каталоглардан аниқлаш мумкин бўлади. У ёки бу давлат мукофотига бўлган талаб ва таклиф ҳақида маълумот олиш учун ижтимоий тармоқларда мавжуд интернет тармоқларида ташкил этилаётган аукционларга мурожаат қилинади. Таъкидлаш лозимки, бу борада интернет-аукционлар ва бошқа электрон савдолар платформалари харидорлар учун вақт, макон ва энг муҳими, шахсий хавфсизлик нуқтаи назаридан анчайин қулай бозор муҳити сифатида баҳоланади. Интернет-аукциондаги барча нархлар объект мансуб бўлган бозордаги сотувлар бўйича амалга оширилган (оширилаётган) битимлар ёхуд шу каби объектларни сотиш бўйича мавжуд бўлган таклифларга асосан шаклланиши муҳим саналади.
Масала янада ойдинроқ бўлиши учун бу ашёлар баҳосининг шаклланишига таъсир кўрсатувчи қиёслаш омилларини санаб ўтиш мақсадга мувофиқ. Мазкур буюмларнинг баҳоси ихлосманд коллекционерлар доирасида уларнинг таъсис этилган йили, таъсис этиш сабаблари, яъни давлат ва жамият тарихидаги қайси муҳим сана ва воқеаларга атаб жорий этилганлиги, адади, бадиий декор услубининг ўзига хослиги, безак элементларининг мураккаблик даражаси ва ечими, ғоя, бадиий-услубий ёндашувнинг оригиналлиги, комплектнинг тўлиқ жамланганлиги, коллекцияга оид нодирликка эгалиги, асли ёки репликаси (муляжи) эканлигини, қандай қимматбаҳо металл қотишмаси ишлатилганлиги, табиий қимматбаҳо тошлар ўрнатилганлиги, сақланганлик ҳолати, мукофотнинг футляри ёки ғилофининг мавжудлиги ва бошқа мезонларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Шу билан бирга, давлат мукофотларига доир ҳужжатларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, улар қайси давлат арбоби томонидан имзоланганлиги, унинг жамият тараққиёти ва ривожига қўшган ҳиссаси ҳам уларнинг баҳосига таъсир кўрсатади. Ишора қилинган ашёларни баҳолашда баҳоловчи буюртмачининг талаб ва эҳтиёжларини тушуниб, ўзаро келишилган ҳолда баҳолаш мақсади ва вазифаларини аниқ белгилаб олиши, ҳисоботнинг тегишли ўринларида баҳолашга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи чекловчи шартлар ҳамда бошқа керакли изоҳ ва шарҳларни тушунарли тарзда баён этиши лозим бўлади. Бундан ташқари, баҳолаш объектларини идентификация қилиш ва тавсифлашда қўлланиладиган атама ва тушунчалар мазмунини очиб бериши уларнинг маъноларини ва мурожаат қилинган асосий ва ёрдамчи манбаларни ҳаволаларда кўрсатиб ўтиши талаб этилади.
Юқорида қайд этилганларни инобатга олган ҳолда қуйидаги таклифларни билдиришни лозим топдик:
● давлат мукофотлари эгаларининг вафотидан сўнг, мукофотларнинг талон-торож қилиниши, йўқолиб кетиши, сотиб юборилишининг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида тарихий қадриятларни асраш ва ўтганлар ёдига ҳурмат билан қараш ҳиссини шакллантиришга қаратилган тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш;
● давлат мукофотларининг юртимиз сарҳадларидан ташқарига чиқиб кетиши олдини олиш мақсадида уларнинг музейлар томонидан сотиб олинишини йўлга қўйиш ва бунинг учун зарур шароитларни яратиш;
● мутасадди давлат идоралари томонидан давлат мукофотлари ҳақида етарли маълумотларни ўз ичига олган махсус даврий нашрлар – каталоглар мунтазам чоп этилишини йўлга қўйиш;
● давлат мукофотларининг ноқонуний айланиши олдини олиш учун ягона электрон ахборот платформасини ишлаб чиқиш;
● муайян объектнинг эркин муомаласи чегараланган шароитда бозор қиймати деган тушунча ва атамани истеъмолга киритиш.
Давлат мукофотларининг мақоми ҳақида бир неча оғиз сўз айтишни лозим топдик. Фикримизни ҳаётий мисолларда баён этишга ҳаракат қиламиз.
Масалан, Бухоро амири Саид Амир Олимхон Россия империяси ҳукумати томонидан 1901 йилда бриллиантлар қадалган I даражали Муқаддас Станислав ордени, 1906 йилда I даражали Муқаддас Анна ордени, 1910 йилда II даражали Муқаддас Владимир ордени, 1911 йилда Оқ бургут ордени (Орден Белого орла), 1916 йилда Муқаддас Александр Невский ордени, 1913 йилда Николай II портрети туширилган кўкрак эсдалик нишони, шунингдек, 1902 йилда хоссатан Амир Олимхон учун буюртма асосида ясалган сопи бриллиантлар билан безатилиб, ҳужумга шайланган илон тасвири туширилган, тиғи кумушдан ишланган ислимий ўсимликсимон нақшлар туширилган, ғилофига араб алифбосида «Бухороий шариф» ёзуви битилган шамшир билан тақдирланган. Ҳозирда ушбу шамшир Украинанинг Херсон вилоятида фаолият юритаётган Херсон ўлкашунослик музейида сақланмоқда. Маълумотларга кўра, Херсон музейи ушбу нодир экспонатни 100 000 АҚШ долларига сотишдан бош тортган. Амирнинг қолган мукофотлари қаерда сақланаётганлиги ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлар топиш имкони бўлмади. Лекин, бугунги кундаги талаб ва таклифларга асосланган маълумотларга кўра, биргина II даражали Муқаддас Владимир орденининг ўзи 300 000–400 000 рубль оралиғида баҳоланмоқда.
Яна бир мисол. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ўз меҳнат фаолияти давомида жами 45 та давлат мукофотига, жумладан, 20 та орден, 13 та медаль, 1 та ўқ отар жанговар қурол, 11 та фахрий унвонларга сазовор бўлган. Шуларнинг 2 тасини собиқ иттифоқ (1981 ва 1988 й.й.), 3 тасини мустақил Ўзбекистон Республикаси (1994, 1996 ва 1997 й.й.) ва қолган 40 тасини чет мамлакатлар давлат мукофотлари ташкил этади. Бу мукофотлар ҳозирда тарихий қадриятларга айланиб улгурди. Биз уларни асраб, келажак авлодга етказишимиз, уларнинг давлатимиз сарҳадларидан четга чиқиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак. Улардан юртдошларимиз баҳраманд бўлиши учун давлат ва уй музейларига намойиш учун тақдим этилса нур устига нур бўлар эди.
Илёс ҚОДИРОВ,
«Veritas» МЧЖнинг заргарлик буюмларини баҳолаш бўйича эксперти.