Божхона органлари томонидан мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, «яширин иқтисодиёт»га қарши курашиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан 2021 йилнинг январь-апрель ойлари мобайнида 3,8 трлн сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилишига эришилди.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан салкам 4 трлн сўм имтиёзлар берилди.
Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда маиший-техника ва уларнинг қисмлари ташкил этди.
Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 153,3 млрд сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди. Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилди.
Масалан, жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида 167,7 млн АҚШ долларига тенг бўлган товарлар хорижий бозорларга йўналтирилди.
Мазкур кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 88,2 млн АҚШ доллари ёки 11,1%га ошди. Товарлар 30 га яқин давлатга, шу жумладан асосан Россия, Афғонистон, Туркия, Хитой ва Қозоғистонга экспорт қилинган.
Экспорт товарлари орасида тўқимачилик, металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, электроника ва унинг қисмлари, калава ип, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари кўпроқ улушни ташкил этган.
Божхона постларида жами 21 424 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилиб, 102 867 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, декларацияларнинг 26 893 таси (26,1%); «яшил йўлак», 49 129 таси (47,8%) «сариқ йўлак», 26 845 таси (26,1%) «қизил йўлак» тартибида расмийлаштирилган.
Бошқармада божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳисобот даврида 793 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, натижада 115,0 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар вақтинча сақловга олинди. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 28,8 млрд сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Бундан ташқари, стратегик аҳамиятга эга товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмаси йўналишида 3 ҳолатда 22 870 қути тамаки маҳсулотлари, 14 ҳолатда 2 млрд 982,7 млн сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 8 ҳолатда 2 млрд 855,7 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди.
Келгусида ҳам тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, экспортчи корхоналарга ҳуқуқий ҳамда амалий кўмаклар бериш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш, жиноятчиликка, хусусан, контрабанда товарларининг, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши аёвсиз кураш олиб бориш, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида, тезкорлик билан ҳал этиш каби асосий йўналишлар бошқарманинг асосий стратегик йўналишлари бўлиб қолади.
Отабек ОДИЛОВ,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати раҳбари.