1. Шартнома суммасининг камайтирилиши товар қийматига ва ҳисобга олинган ҚҚСга таъсир кўрсатадими?
2. Корхона божхона тўловларига камайтириш томонга тузатишлар киритиш учун божхона органига мурожаат қилишга ҳақлими?
1 Қоидага кўра, 6 та усулдан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қиймати божхона тўловларини ҳисоблаш учун асос бўлади (БК 301-м.). |
Олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича аниқлаш усули олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули ҳисобланади (БК 302-м.).
Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битим нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар, башарти улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган бўлса чиқариб ташланади: саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари (БК 305-м.).
Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда, божхона расмийлаштирувида ускунанинг божхона қиймати биринчи усул (олиб кириладиган товарларга оид битимлар қиймати бўйича усул) билан аниқланганда, уларни ўрнатиш харажатлари эса ускунанинг нархидан ажратиб олинмаган бўлса, товар чиқарилгандан кейин шартнома суммасининг камайтирилиши ускунанинг божхона қийматига таъсир кўрсатмайди.
Божхона расмийлаштируви чоғида ускунанинг божхона қиймати бошқа усулда белгиланган бўлса, шартнома суммасининг камайтирилиши ускунанинг божхона қийматига таъсир кўрсатмайди.
ҚҚСни ҳисобга олиш тўғрисидаги масала божхона органлари ваколатига киритилмайди. Тегишли жавоб олиш учун солиқ органларига мурожаат қилишни тавсия этамиз.
2 Товар чиқариб юборилганидан кейин унинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритилади, агар: |
● товарни декларациялашда содир этилган, товарнинг божхона қийматининг ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган техник хатолар аниқланган бўлса;
● ҳужжатларнинг кейинги текшируви пайтида товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларининг миқдорига таъсир кўрсатган нотўғри декларациялаш аниқланган бўлса;
● божхона тўловларининг суммалари қайтарилишига ёки қўшимча тўланишига олиб келадиган ёки товарнинг божхона қиймати миқдорига таъсир кўрсатган бошқа асослар юзага келган бўлса (БК 320-м.).
Шартнома суммаси камайтирилиши ускунанинг божхона қийматига таъсир кўрсатмаса, божхона тўловларига камайиш томонга тузатиш киритилиши мумкин бўлмайди.
Бахтиёр ТУРДИЕВ,
ДБҚ божхона тўловлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.