Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 22 / Божхона

Божхона аудити – божхона назоратининг янги воситаси

 

Ўзбекистон қўшилган (21.12.2020 йилдаги ЎРҚ-654-сон) Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича Халқаро конвенцияга (Киото, 18.05.1973 й.) Бош илованинг 6-боби 6.2-стандартига мувофиқ божхона назорати божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш учун зарур даражада чекланади. Бироқ ТИФни давлат томонидан тартибга солиш воситаларининг самарадорлиги ҳамда божхона назорати сифатини таъминлаш масалаларини ёддан чиқармаслик керак. Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва жадаллаштириш ҳамда бир вақтнинг ўзида ТИФнинг давлат томонидан тартибга солиниши самарадорлиги таъминлаш воситаларидан бири божхона аудити ҳисобланади. Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 25.02.2021 йилдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган. Ушбу низом 2021 йил 1 майдан кучга кирди.

Ушбу тартиб-таомилларни ўтказиш механизмига доир саволларга махсус мухбиримизга ДБҚ божхона аудити ва контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси катта инспектори Павел ДМИТРИЕВ жавоб берди: 

 

– Аввало таъкидлаш жоизки, Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом Президентнинг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони (5.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон) доирасида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган:

● ташқи савдони ривожлантириш ва товарларнинг божхона расмийлаштирувини жадаллаштириш;

● ТИФ иштирокчисининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини ўрганиш;

● хатарларни бошқариш соҳасида божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;

● ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш.

 

– Божхона аудитини ўтказишга ТИФ иштирокчисини танлаш тартиб-таомили қандай бўлади? Унинг мезонлари қандай?

– Божхона аудити ўтказилиши лозим бўлган шахслар Давлат божхона қўмитасининг «Bojxona auditi» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали танланади.

Божхона органларининг божхона аудитини ўтказиш учун тайинланган мансабдор шахслари ушбу тизим орқали автоматик тарзда тайинланади. Божхона аудити камерал ва (ёки) ­сайёр шаклда ўтказилади.

Камерал божхона аудитини ўтказиш учун «Bojxona auditi» тизимидаги қуйидагилар асос бўлади:

● божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида камерал божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

● хорижий давлатларнинг тегишли органларидан олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мос келмаслиги;

● Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шакллари ўтказилиши натижалари бўйича божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкин деб ҳисобланганда;

● ваколатли вазирлик ва идораларга сўровномалар юбориш натижаси бўйича олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мувофиқ эмаслиги.

«Bojxona auditi» тизимида сайёр божхона аудити тўғрисида қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлади:

● божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида сайёр божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

● божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлигини кўрсатувчи камерал божхона аудити натижаларига кўра сайёр божхона аудити ўтказиш зарурияти вужудга келганда;

● божхона органлари талабига асосан белгиланган муддатда хабарномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги;

● камерал божхона аудити натижалари бўйича тузилган далолатнома юзасидан ваколатли шахснинг эътирози бўлган саволларга аниқлик киритиш зарурати юзага келганда;

● Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шаклларининг ўтказилиши натижалари бўйича божхона қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлиги ҳолатига аниқлик киритиш учун товар ва транспорт воситалари сақланадиган жойларга чиқиб, улар бўйича амалга оширилган операцияларнинг қонунийлигини ўрганиш ва текшириш зарурияти юзага келганда.

 

– Божхона аудитини ўтказишда ТИФ иштирокчиси ва божхона органи ходими учун қонун ҳужжатларида қандай ҳуқуқлар назарда тутилган?

– Божхона аудитини ўтказишда ТИФ иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

● сайёр божхона аудити ўтказилиши тўғрисидаги божхона органи қароридан хабардор бўлиш, у тўғрисидаги қарор билан танишиш ва нусха олиш, божхона органи мансабдор шахсларининг хизмат гувоҳномасини кўрсатишларини талаб қилиш;

● ўтказилган божхона аудити натижалари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш;

● божхона аудити далолатномасини олгандан кейин ўтказилган божхона аудити бўйича, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни божхона аудити материаллари, шунингдек, учинчи шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган тижорат ва банк сирларини ўз ичига олмаган маълумотлар билан танишиш;

● божхона органига далолатнома бўйича ёзма равишда эътироз қилиш;

● божхона аудити ўтказиш бошлангунига қадар мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини ўтказиш.

ТИФ иштирокчиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Божхона аудитини ўтказишда божхона органи мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

● товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган жойларга ҳамда ТИФ иштирокчисининг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудга чиққан ҳолда, сайёр божхона аудитини ўтказиш;

● товарлар чиқариб юборилгандан кейин уларни сотиб олувчи шахслардан товарларни сотиб олишга оид шартномалар, ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиш;

● божхона аудитини ўтказиш билан боғлиқ сўровномаларни хорижий давлатларнинг давлат ва бошқа органларига (ташкилотларига) юбориш;

● товарлар ҳамда бошқа буюмлардан намуналар ва нусхалар олиш, улар юзасидан экспертиза тайинлаш;

● божхона назорати остида бўлган ёки чиқаришга рухсат берилган товарларни зарурати бўлган тақдирда, ваколатли шахснинг ҳудуди, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини кўздан кечириш, хатловдан ўтказиш, қиёслаш, уларни фото ва видео тасвирга олиш;

● мутахассис, таржимон ва холисларни жалб этиш ҳамда улардан тегишли хулосалар, таржималар ва кўрсатмалар олиш.

 

– ТИФ иштирокчиси божхона ­аудити остида қолмаслиги учун қандай шартларга риоя этиши лозим?

– Аввал айтганимиздек, божхона аудитидан ўтказилиши лозим бўлган шахслар «Bojxona Auditi» тизими орқали автоматик тарзда юқорида санаб ўтилган камерал ёки сайёр божхона аудитини танлаш мезонлари асосида танланади.

Шуни қўшимча қилиб айтиш керакки, асосий шарт Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳисобланади.

 

– Божхона аудити натижалари бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланганда ТИФ иштирокчисига нисбатан қандай чоралар кўрилади?

– Божхона аудити натижалари бўйича далолатномада келтирилган тафовут ва (ёки) хатоликлар божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликка сабаб бўлганда ТИФ иштирокчисига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича талабнома юборади.

Божхона аудити натижалари бўйича аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар, шу жумладан қўшимча ёки қайта ҳисобланган божхона тўловлари ваколатли шахс томонидан божхона органининг талабномаси олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида божхона юк декларациясини тузатиш шаклини расмийлаштириш орқали бартараф этилади. Божхона тўловларидан қарздорликни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган ҳоллар бундан мустасно.

Божхона аудити натижалари бўйича аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар белгиланган муддатларда бартараф этилмаган тақдирда, божхона тўловларини ундириш суднинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади.

Божхона аудити давомида ТИФ иштирокчиси томонидан муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатларни тайёрлаши ёки уларни қалбакилаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

 

– ТИФ иштирокчиси божхона аудити натижалари устидан шикоят қилиши мумкинми? Шикоят қилиш тартиб-таомили қандай?

– ТИФ иштирокчиси божхона ­аудити натижаларига рози бўлмаган тақдирда, далолатнома ва (ёки) талабнома олинган кундан эътиборан 30 кун ичида далолатноманинг барча ёки айрим қоидалари юзасидан ёзма эътирозларини юқори турувчи божхона органига ёки судга тақдим этиши мумкин.

Президентнинг «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (17.06.2020 йилдаги ПҚ-4754-сон) билан Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган.

Суҳбатимиз якунида шуни таъкидламоқчиманки, божхона аудити тартиб-таомилларининг жорий қилиниши халқаро стандартлар ва нормалар (Киото конвенциясига Бош илованинг 6.6 стандарти, ЖСТ савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги битимининг 7.5-моддаси, 27.11.2014 йилдаги Баённомага илова) талабларига мувофиқ бўлади. Божхона аудитининг қўлланилиши қуйидагиларга имконият яратади:

● ТИФ иштирокчиларига нисбатан соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларни самарали қўллаш ҳисобига товарларни божхона назоратидан ўтказиш вақтини ва харажатларини қисқартиришга;

● ташқи савдо субъектларини янада рағбатлантириш мақсадида қўшимча имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш мезонларини аниқлаш ва белгилашга;

● ТИФ иштирокчилари томонидан йўл қўйилган хатоликларни мустақил равишда аниқлаб, ҳуқуқбузарликларни самарали тарзда бартараф этишга.

 

 Бизнинг маълумотнома

ЖСТ битимида (Жаҳон савдо ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги Марокаш битимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённомага илова, Марокаш, 15.04.1994 й.) қуйидаги жумла қайд этилган:

«Товарлар чиқарилишини жадаллаштириш мақсадида аъзоларнинг ҳар бири томонидан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда бошқа алоқадор қонунлар ҳамда бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида божхонада тозалашдан кейин аудит ташкил этилиши ёки қўлланилиши лозим» (7-м. 5.1-б.).

Бошқача айтганда, ЖСТнинг ҳар бир аъзосида постаудит тизими ­(яъни товарлар чиқарилганидан кейин назорат қилиш тизими) мавжуд бўлиши лозим. Бироқ, бунда шу нарса муҳимки, постаудит тизими товарлар чиқарилишини жадаллаштириш мақсадида қўлланилади. Ҳақиқатан ҳам назоратни товарлар чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилиш босқичидан товарлар чиқарилгандан кейинги босқичга ўтказиш ҳақида сўз бормоқда.

Прочитано: 1474 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика