2016 йилда радиостанция ҳар бир йил учун 342 ЭКИҲ (ҳозир – БҲМ) қийматида 5 йилга лицензия олган. Уни олиш чоғида ушбу қиймат 222 710 400 сўмни (342 х 130 240 х 5) ташкил этган. Лицензия НМА сифатида тан олишш учун барча талабларга жавоб беради. Бироқ гап шундаки, лицензия битимига мувофиқ лицензия тўлови учун ҳисобварақ-фактура ҳар йили шу ҳисобварақ-фактура тақдим этилган кундаги ЭКИҲни (БҲМ) ҳисобга олган ҳолда расмийлаштирилади. Ўтган 5 йил мобайнида умумий қиймати 311 327 730 сўмлик ҳисобварақ-фактуралар тақдим этилган. Ҳар бир ҳисобварақ-фактуранинг суммаси тегишли йилдаги ЭКИҲдан (БҲМ) келиб чиққан ҳолда ҳисобланган. Корхонамиз ҳар йили тўлов амалга ошириладиган йил бошланишига камида 30 кун қолганда лицензия учун давлат божини тўлаши лозим. Шу вақтда лицензиар ЭҲФни тақдим этади ва давлат божи унга асосан тўланади. Айни пайтда кейинги 5 йил учун лицензия олишга ҳужжатларни расмийлаштиряпмиз. 2021 йилдан бошлаб фойда солиғи тўловчисимиз.
Фойда солиғини ҳисоблашда хатоликлар келиб чиқмаслиги учун лицензия олиниши ва амортизация ҳисобланиши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилиши лозим?
Бухгалтерия ҳисоби
Лицензия берганлик ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун давлат божи ундирилади. Телекоммуникациялар соҳасидаги давлат божи лицензияни олиш билан бир вақтда ёки ҳар йили тенг улушларда тўланади. Унинг миқдори «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун билан белгиланади (Низом 41-б., ВМнинг 22.11.2000 йилдаги 458-сон қарорига 2-илова).
Корхонангиз лицензияни 5 йиллик муддатга олади. Жами 5 йил учун давлат божи лицензиянинг бошланғич қийматига киритилиши лозим (АВда 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатга олинган 7-сон БҲМС 14-б.). Бироқ лизенция учун давлат божининг ҳақиқий суммаси ҳар йили муайян санадаги БҲМга мувофиқ аниқланади ҳамда ҳар йили лицензияловчи орган томонидан ҳисобварақ-фактура тақдим этилади. БҲМ даврий равишда ўзгариб туради, корхона лицензия амал қилиш муддатининг 5-йили учун ЭҲФни олмагунча лицензия битимининг ҳақиқий суммасини аниқ билмайди.
Масалан, радиостанция 2021 йил 20 майда лицензия олган. Давлат божи миқдори лицензиядан фойдаланиладиган ҳар бир йил бошида 342 БҲМ сифатида белгиланади. 2021 йил 20 майга БҲМ 245 000 сўмни ташкил этади. Тўловлар лицензиядан фойдаланиладиган кейинги йил кириб келишига камида 30 кун қолганда амалга оширилади. Айтайлик, корхона томонидан НМАнинг бошланғич қийматига киритиладиган бошқа харажатларни амалга оширмаган.
Фикримча, корхона лицензия олиш учун давлат божини бирйўла 5 йил учун 418 950 000 сўм (342 х 245 000 х 5) миқдорида тан ола олмайди, чунки:
● унда ушбу суммани олдиндан тўлаш мажбурияти бўлмайди. Кейинги йиллар учун тўловни тўлаш мажбурияти 2022 йил 20 апрелдан, 2023 йил 20 апрелдан, 2024 йил 20 апрелдан ҳамда 2025 йил 20 апрелдан кечиктирмай, лицензиар томонидан ЭҲФ тақдим этилганда юзага келади. Кейинги йиллар учун Дт 0830 «Номоддий активларни харид қилиш» Кт 7010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар» бухгалтерия ўтказмасини бериш учун асос мавжуд эмас. Лицензиар 5 йил учун жами давлат божи суммасига ЭҲФ тақдим этган, корхона эса ҳар йили қисмларга бўлиб тўлаётган бўлса, кейинги йиллар учун айнан шундай ўтказмани амалга ошириш лозим бўлар эди;
● шунингдек, корхона олдиндан барча йиллар учун давлат божини тўламайди. Унда узоқ муддатли дебиторлик қарзи юзага келмайди. Кейинги йиллар учун давлат божи суммасига Дт 0830 «Номоддий активларни харид қилиш» Кт 0940 «Бошқа узоқ муддатли дебиторлик қарзлари» бухгалтерия ўтказмасини амалга ошириш учун асос йўқ. Бироқ лицензиянинг умумий қиймати 50 БҲМдан ошишини ва у НМА сифатида тан олиниши талабларига мувофиқлигини биламиз. Шу боисдан ҳар йили 342 БҲМга ЭҲФ олинганда қуйидаги бухгалтерия ўтказмаларини амалга ошириш лозим:
● 0410-«Патентлар, лицензиялар ва ноу-хау» счёти дебети
● 0830-«Номоддий активларни харид қилиш» счёти кредити.
Биринчи йилда ушбу сумма 83 790 000 сўмни (245 000 х 342) ташкил этади.
7-сон БҲМСга мувофиқ НМА бўйича эскиришни 4 та усулдан бири бўйича ҳисоблаш мумкин. Қўлланиладиган усулни ҳисоб сиёсатида акс эттириш лозим. Бироқ мазкур ҳолатда қўлланилиши энг мақбул бўлган эскиришни ҳисоблаш усули – бу тўғри чизиқли усулдир. Сиз бир йил учун лицензия қийматини 12 ойга бўлиб, қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали ҳисобдан чиқаришингиз лозим:
● 2010-«Асосий воситалар» счёти дебети
● 0510-«Патентлар, лицензиялар ва ноу-хаунинг амортизацияси» счёти кредити.
Биринчи йил учун ҳар ойлик амортизация суммаси 6 982 500 сўмни (83 790 000 / 12) ташкил этади.
Бундай бухгалтерия ўтказмалари 5 йил мобайнида амалга оширилиши лозим.
Фойда солиғи бўйича солиқ оқибатлари
Корхона лицензия учун давлат божини тўлашда харажат қилмайди, НМА қиймати шакллантирилади. Харажатлар НМАга амортизация ажратмалари ҳисобланганида юзага келади.
Лицензиядан (НМА объекти) фойдаланиш муддати шартномада келишилган муддатдан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Амортизация ажратмалари лицензиянинг дастлабки қийматидан ва фойдаланиш муддатидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинган меъёрлар бўйича ҳар ойда ҳисобланади (СК 307-м. 2, 3-қ.).
Лицензиянинг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил этади. Агар ҳар йили давлат божини тўғри чизиқли усулда амортизация қиладиган бўлсангиз, ушбу сумма фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблашда чегириб ташланади.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.