Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 22 / Жавоб берамиз

Алимент ушлаб қолиш қоидалари

 

Алимент қандай даромадлардан ушлаб қолинади? Уларни, масалан, касаллик варақаси бўйича тўловлар ва моддий ёрдамдан ҳисоблаш зарурми?  

 

– Алиментларнинг миқдори ва ушлаб қолиш тартиби қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланган:

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси (кейинги ўринларда – ОК);

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун (Қонун);

Ижро ишини юритиш ва суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ рўйхат рақами 1091, 29.12.2001 й.) (Низом);

Қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки бошқа шахслар томонидан ижро ҳужжатларини ижро этиш қоидалари (АВ рўйхат рақами 1980, 08.07.2009 й.) ва бошқа қонун ҳужжатлари.

Алиментлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади (ОК 104-м.).

Иш ҳақидан

Алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги ва ҳ.к. зарарларни қоплаш тўғрисидаги ишлар бўйича қарорни ижро этишда ундирув қарздорнинг иш ҳақига ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилади (Қонун 64-м., Низом ­121-б. 1-к.б.).

Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади (Қонун 65-м.).

Юқорида қайд этилган даромадлар (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар) СКнинг 371-моддаси билан белгиланган.

Вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганда тўланадиган ижтимоий суғурта нафақаларига ва ишсизлик нафақаларига ундирув фақат алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича суднинг қарорига биноан қаратилиши мумкин (Қонун 68-м.).

 

Қандай ҳисоблаб чиқарилади

Масалан, суд алиментни иш ҳақи ва бошқа даромаднинг 25%и миқдорида белгилади. Бухгалтер алиментни қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқаради:

Алимент суммаси = (Ҳисобланган иш ҳақи – ЖШДС) х 25%.

 

Алиментлар ундирилмайдиган даромадлар

Ундирув қуйидаги пул суммаларига қаратилиши мумкин эмас:

● майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги сабабли кўрилган зарарни тўлаш суммаларига;

● хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида майиб бўлган (яраланган, шикастланган, контузияга учраган) шахсларга ва мазкур шахслар ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда уларнинг оила аъзоларига тўланадиган суммаларга;

● бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга;

● алимент мажбуриятлари бўйича тўланадиган суммаларга;

● меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун тўланадиган суммаларга, шунингдек радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда тўланадиган суммаларга;

● ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланадиган нафақа суммаларига;

● дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа суммаларига;

● қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида болани парваришлаш учун тўланадиган суммаларга;

● бола туғилиши, қариндошлар вафот этиши, никоҳ тузиш муносабати билан корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланадиган суммаларга;

● хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтказилганлиги, қабул қилинганлиги ёки юборилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга;

● меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тариқасида тўланадиган суммаларга (Қонун 69-м.).

 

Нафақат суд орқали

Юридик шахснинг алиментларни ушлаб қолиш мажбурияти нафақат суд қарори (ижро варақаси) билан, балки нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (ижро варақаси кучига эга бўлади), шунингдек ихтиёрий равишда, ўз аризасига мувофиқ белгиланиши мумкин (ОК 131, 135-м.). Бу ҳолларда алиментларнинг миқдорини томонлар ушбу келишувда ёки ихтиёрий равишда белгилайдилар. Ҳар қандай ҳолда у Оила кодексида белгиланган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас.

 

Ижро ҳужжатлари бўйича қарз тўлиқ узилгунга қадар, қарздорга тўланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг кўпи билан 50%и ушлаб қолиниши мумкин (Қонун 66-м.).

 

Икром АБДУЛҚОДИРОВ, юрист.

Прочитано: 366 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика