2021 йил 28–29 май кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама қилинди.
Таъкидлангандек, карантин тадбирлари муносабати билан республикамиз иқтисодиёти ўсиши 2020 йил якуни билан 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга секинлашиб, ЯИМ ҳажми 580,2 трлн сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг I чорагида ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга ўсган. 2020 йилда инфляция даражаси белгиланган 12,5–13,0 фоизли прогноз параметрларидан паст бўлиб, 11,1 фоизни, 2021 йилнинг I чорагида 10,9 фоизни ташкил этган.
Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 трлн сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4 192 млрд сўмга ошириб бажарилган ёки 2019 йилга нисбатан эса 20,8 трлн сўмга ўсган.
2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромадлари белгиланган 31,9 трлн сўм прогнози амалда 33,9 трлн сўмга ёки 2,0 трлн сўмга (106 фоиз) ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн сўмга кўпайган.
Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари 100 фоизга таъминланиб, 144,1 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг I чорагида 34,1 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 26,6 фоиз бўлган.
2020 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74, 2 трлн сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида, 2021 йилнинг I чорагида эса 18,2 трлн сўм (умумий харажатларнинг 53,3 фоизи) маблағ сарфланган.
Шунингдек, ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2020 йил давомида 2 726 та назорат тадбирларида жами 309,2 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, шундан 1 238 та 223,4 млрд сўмлик текшириш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 34,3 млрд сўми тикланиши таъминланган ҳамда профилактика тадбирлари натижасида 165,8 млрд сўмлик ноқонуний тўловлар тўланиши олди олинган.
Сенат ялпи мажлиси давомида ҳисоботларни кўриб чиқишда асосий эътибор:
● 2020 йилги ва 2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳолати;
● солиқ ва божхона идоралари томонидан белгиланган давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳисобланган даромадлар, солиқларнинг ундирувчанлик даражаси, солиқ қарздорлиги, ортиқча тўловлар;
● маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланилиши;
● «Очиқ бюджет» портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати;
● бюджет маблағларидан фойдаланишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар каби долзарб масалаларга ва уларнинг ечими қаратилди.
Президентнинг жорий йил 13 апрелдаги ПҚ-5072-сонли қарорига мувофиқ, барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга маблағларни йўналтириш ҳамда ушбу маблағларни бошқа мақсадларда сарфланишини олдини олиш мақсадида бюджетдан ташқари ҳисобрақам кўринишида (жами 205 та) «Фуқаролар ташаббуси бюджети» жамғармаси очилиши таъминланди.
Бундан ташқари, республика бюджети маблағлари ҳисобидан эксперимент ўтказилаётган 14 та туман ва шаҳарлар учун жами 92,7 млрд. сўм маблағлар тегишинча маҳаллий бюджетларга белгиланган тартибда ўтказиб берилиб, ушбу маблағлар «Фуқаролар ташаббуси бюджети» жамғармасига йўналтирилди.
Сенат Кенгашининг 2021 йил 22 апрелидаги «Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида»ги ҚҚ-213-IV-сонли қарорига асосан «Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисида Намунавий Низом» тасдиқланган.
Бугунги кунга келиб, жами 159 та туман ва шаҳарларда тегишинча Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан Намунавий низом асосида бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартибини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилдилар.
Шунингдек, маҳаллий бюджетдан тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи ва қўшимча даромадларининг 30 фоизи миқдоридаги маблағлар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиш ва унинг мақсадли сарфланиши устидан Сенат томонидан доимий парламент назорати амалга оширилиши қайд этилди.
Муҳокамалар сўнгида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда 23 та масала, шу жумладан, 11 та қонун муҳокама қилинди.
Сенат Ахборот хизмати материали асосида.