Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 13 / Божхона

Яширин «Call centre». Хонадонда қадоқланган дорилар

 

ДБҚнинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда «Тошкент-АЭРО» ИБК ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда мўмай даромад кетидан қувиб, юртдошларимиз соғлиғига зиён етказиши мумкин бўлган шахсларнинг қинғир қилмишларига чек қўйишди.

 

Ўтказилган тезкор тадбир давомида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида сифати кафолатланмаган, шунингдек қалбакилаштирилган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларнинг ноқонуний реализацияси билан шуғулланиб келган уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди.

Тумандаги хонадонлардан бири белгиланган тартибда кўздан кечирилганда бу ер хонадон эмас, нақ савдо плафтормасининг ўзи эканлиги маълум бўлди. Мазкур яширин «хонадон-корхона»да тезкор алоқа линияси – «Сall сentre» ташкил қилинган бўлиб, 150 нафарга яқин алоқа операторлари сифати кафотланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни мижозларга ўтказиш билан шуғулланиб келган.

Тезкор тадбир давомида хонадонда, яъни дорихонадан ташқари ҳудудда келгусида сотиш учун мўлжаллаб қўйилган 96 622 дона дори воситаси ва тиббий буюмлар, 72 902 қути биологик фаол қўшимчалар қонунга хилоф равишда сақланаётгани аниқланди. Бу дори ва қўшимчалар жинсий қувватни оширувчи, оздирувчи, семиртирувчи, гижжаларга қарши, юрак фаолиятини яхшиловчи ва бошқа мақсадлар учун кўзланган.

«Хонадон-корхона»да қадоқловчи ускуналар, ярим тай­ёр маҳсулотлар ва бўш қутиларнинг мавжудлиги ушбу дори ва биологик фаол қўшимчалар шу ернинг ўзида бўш қутиларга қадоқланганлиги, қутилар учун ёрлиқлар, қўллаш учун йўриқномалар ҳам шу ердаги рангли принтерда чоп қилинганлигидан далолат берар эди. Келиб чиқиши номаълум бўлган таблетка, кукун ва бошқа турли шакллардаги моддалардан қўлбола усулда қадоқланган дори ва биологик фаол қўшимчаларни ноқонуний реализация қилишда фаол иштирок этган шахслар эса турли даражада рағбатлантириб келинган. «Хонадон-корхона»да сақланаётган 5 521 дона товар – парфюмерия воситалари, ошхона анжомлари, телефон аксессуарлари ва бошқалар ишчиларга совға учун мўлжалланган бўлган.

«Сall сentre» фаолиятида фойдаланиб келинган 202 та монитор, 196 та процессор, 10 та ноутбук, 1 дона рангли принтер, товарларга тегишли юк хатлари, ноқонуний савдо қайд қилиб борилган ҳисоб дафтарлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида дастлабки қиймати 9 млрд 179 млн сўмлик дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа товар-моддий бойликлар вақтинча сақловга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб боришмоқда.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ, Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 339 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика