Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 13 / Божхона

Йўқ қилиш режимига расмийлаштирилади

 

Форс-мажор вазиятлар туфайли товар бузилди. Уни йўқ қилиш режимига расмийлаштиришимизни маслаҳат беришди. Шунда йўқ қилиш жараёни учун тўлов тўлашдан бошқа харажатлар қилинмайди чоғи.

Бу қандай режим ўзи, у қай тарзда қўлланилади? Қонун ҳужжатларига биноан қандай товарларни йўқ қилса бўлади, қандай товарларни йўқ қилиш мумкин эмас? Ростдан ҳам божхона тўловларини тўлаш шарт бўлмайдими? 

 

– Божхона режимининг номидан ҳам унинг маъносини тушуниб олиш қийин эмас. Бу шундай режимки, бунда чет эл товари божхона тўловлари тўланмаган ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда божхона назорати остида йўқ қилинади, шу жумладан фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади (БК 121-м.).

 

Рухсатнома талаб қилинади

Товарни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириш учун БКнинг ­21-боби қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган рухсатномани олиш керак бўлади. Бунинг учун божхона органига:

● божхона юк декларацияси;

● товарнинг кузатув ҳужжатлари;

● ДБҚ томонидан белгиланган шакл бўйича тузилган йўқ қилиш далолатномаси тақдим этилади.

Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар бўлган тақдирда йўқ қилинадиган товарларга нисбатан божхона органларининг ахборот тизимида бундай ҳужжатлар мавжудлигини божхона органи мустақил равишда текширади (БК 123-м.).

 

Маълумот учун. Йўқ қилиш божхона режими авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида йўқ қилинган ёки шикастланган товарларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Бунда товарларни ушбу режимга жойлаштириш тўғрисида маълум қилган шахс божхона органига тегишли ваколатли органнинг кўрсатилган ҳолатларнинг мавжудлиги ҳамда товарлар шу ҳолатлар натижасида йўқ қилинганлиги ёки шикастланганлиги тўғрисидаги хулосасини тақдим этиши керак (БК 125-м.).

 

Нималарнинг йўқ қилинишига йўл қўйилмайди

Йўқ қилинадиган товарлар ўзининг истеъмол хоссаларини тўлиқ йўқотадиган ва уларнинг дастлабки ҳолатини иқтисодий фойдали усулда тиклаб бўлмаган тақдирда товарлар йўқ қилиш божхона режимига жойлаштирилади.

Йўқ қилиш режими тартиб-таомилларининг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги товарларнинг йўқ қилинишига йўл қўйилмайди:

● маданий бойликларнинг;

● йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларининг, уларнинг қисмлари ва дериватларининг, бундан эпидемиялар ва эпизоотияларнинг олдини олиш мақсадида йўқ қилиниши талаб этиладиган ҳоллар мустасно.

Қуйидаги ҳолларда ҳам товарларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди, агар:

● йўқ қилиш атроф муҳитга зарар етказиши ёхуд инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирса ёки хавф туғдириш эҳтимоли бўлса;

● йўқ қилиш товарларнинг одатий мақсадига кўра уларни истеъмол қилиш орқали амалга оширилса;

● божхона органи товарлар амалда йўқ қилинганлигини назорат қилиш имкониятига эга бўлмаса;

● экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат органининг йўқ қилишни амалга ошириш имконияти тўғрисидаги, уни амалга оширишнинг усули ва жойи кўрсатилган хулосаси божхона органларининг ахборот тизимида бўлмаса. Ушбу қисмнинг қоидалари авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида қайтариб бўлмас тарзда йўқотилган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди (БК 122-м.).

 

Режимга расмийлаштириш

Йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириладиган товарнинг божхона расмийлаштируви товар қайси божхона органининг фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органи томонидан амалга оширилади. Товар йўқ қилингунига қадар ваколатли шахс томонидан божхона органига товарни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириш учун божхона юк декларациясини, шунингдек товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади.

Товар божхона омборида сақланган тақдирда, йўқ қилиниши маълум қилинган товарни божхона омборидан олиб чиқиш учун божхона органи томонидан рўйхатга олинган БЮД асос бўлади.

 

Маълумот учун. Товарни йўқ қилиш жойигача етказиб бериш ва уни йўқ қилиш божхона назорати остида амалга оширилади. Бунда БЮД у йўқ қилингунига қадар берилади ва рўйхатдан ўтказилади, товар йўқ қилингандан кейин эса расмийлаштирилади.

Товарни йўқ қилиш факти бўйича божхона органининг мансабдор шахси, ваколатли шахс ва товарларни амалда йўқ қилиш чоғида ҳозир бўлган бошқа шахслар томонидан имзоланадиган йўқ қилиш далолатномаси тузилади. Далолатнома товар амалда йўқ қилинганидан кейин бир иш куни ичида божхона органига тақдим этилади (БК 126-м.).

 

Маълумот учун. Товарларни «Йўқ қилиш» божхона режимига расмийлаштирганлик учун божхона йиғимлари ундирилмайди (Ставкаларга 1-изоҳ, 9.11.2020 йилдаги 700-сон ВМҚ билан тасдиқланган).

 

Йўқ қилиш усуллари

Товарларни йўқ қилиш табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда ваколатли шахс томонидан унинг ўз маблағлари ҳисобидан қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

● товарларнинг батамом йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган термик, кимёвий, механик тарздаги ёки бошқа турдаги (ёқиб ташлаш, бузиб ташлаш, кўмиб ташлаш) таъсир кўрсатиш;

● демонтаж қилиш, қисмларга ажратиш, механик усулда бузиш, шу жумладан тешиш, йиртиш, бошқа усулда шикаст етказиш, башарти бундай шикастланишлар товарларни кейинчалик тиклаш ва улардан дастлабки кўринишида фойдаланиш имкониятини истисно этса.

 

Маълумот учун. Божхона омборида сақланаётган товарларни йўқ қилиш божхона режимига жойлаштириш тўғрисида тегишли ваколатли давлат органининг товар истеъмолга ва фойдаланишга яроқсизлиги, шунингдек бундан буён уни сақлаш мумкин эмаслиги ҳақидаги хулосасига кўра, ваколатли шахсга олдиндан ёзма хабар юборилган ҳолда божхона омборининг эгаси томонидан маълум қилиниши мумкин.

 

Муҳим жиҳат

Товарни йўқ қилиш натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар улар шу ҳолатда божхона ҳудудига олиб кирилганида бўлгани каби бошқа божхона режимига жойлаштирилиши лозим (БК 127-м.). Шуни қайд этиш керакки, агар улардан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган тақдирда, товарларни эркин муомалага чиқариш (ИМ 40) божхона режимига жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг учун, қоида тариқасида, товарларни йўқ қилишда ана шундай чиқиндилар қолмаслигига ҳаракат қилинади.

 

Маълумот учун. Йўқ қилиш натижасида ҳосил бўлган ва кейинчалик фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келгунга қадар қайта ишланган чиқиндилар декларацияланмайди.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 326 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика