Доимий рўйхатга олиш институтининг жорий этилгани ва ID-карталар жорий қилинганлиги муносабати билан Тошкент вилоятидаги хусусий мулки бўлган уй-жой майдонига қариндошларни рўйхатга олиш қоидаларига қандай ўзгартиришлар киритилди?
– Қариндошлар ўзларининг тўғри шажараси бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларининг яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга олинган ёки хусусий мулки бўлган уй-жой майдонига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари рўйхатининг (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 2-бандига мувофиқ доимий рўйхатга олинади.
Бундай фуқароларни доимий рўйхатга олиш учун МваФРБга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
● Низомга 1-иловага мувофиқ мулкдор аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бориш имкони мавжуд бўлмаса;
● доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки ID-картаси, ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари ёхуд Қуролли Кучларнинг контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
● доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси.
Вояга етмаган шахснинг хусусий мулки бўлган уй-жой майдонига унинг қариндошларини доимий рўйхатга олиш ота-онасининг ёки васийнинг (ҳомийнинг) розилиги асосида ҳал этилади (Низомнинг 10-б.).
Шу билан бирга Рўйхатнинг 4-бандига мувофиқ ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, шунингдек, меҳнатга қобилиятсиз бўлган ҳамда ўз оиласи (эри (хотини) ва фарзандлари) бўлмаган вояга етган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар – ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига доимий рўйхатга олинади.
Ушбу фуқароларни доимий рўйхатга олиш учун МваФРБга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
● Низомга 1-иловага мувофиқ мулкдор аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бориш имкони мавжуд бўлмаса;
● доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки ID-картаси;
● туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар;
● ТМЭК маълумотномаси (меҳнатга қобилиятсиз фуқаролар учун) (Низомнинг 12-б.).
Шу тариқа, қариндошларни хусусий мулки бўлган уй-жой майдонига доимий рўйхатга олишда муҳим ўзгартиришлар бўлмаган.