Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 12 / Божхона

Етарли даражада қайта ишланганлик мезони

 

Мижоз Польшадан (жўнатиш мамлакати) товар олиб келмоқчи, лекин товарнинг ўзи Хитойда ишлаб чиқарилган. Товар бўлиб-бўлиб туркумларга  ажратилган ҳолда Польшага жўнатилмоқда, кейин эса у ерда товар йиғилади (Хитойнинг Польшадаги заводида), ана ундан кейин тайёр маҳсулот сифатида уни Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилмоқда. Келиб чиқиш сертификати бўлади.

Қайси давлатни кўрсатганимиз тўғрироқ?

Божхона товар қайси мамлакатдан импорт қилинаётган бўлса шу мамлакат сертификатини тасдиқлайдими?

Мамлакатимизда товар ишлаб чиқарилган мамлакат қандай аниқланади? 

 

– Товар тўлиқ ишлаб чиқарилган ёки БКнинг 50-бобида белгиланган талабларга мувофиқ етарли даражада қайта ишланган мамлакат товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳисобланади (БК 358-м.).

 

Маълумот учун. Бир гуруҳ мамлакатлар, мамлакатларнинг божхона иттифоқлари, минтақа ёки товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш мақсади ажратиб кўрсатишни тақозо этса, бирор мамлакатнинг муайян қисми товар ишлаб чиқарилган мамлакат деб ҳисобланиши мумкин

 

Польшадан келтириладиган товарнинг у ишлаб чиқарилган мамлакатини аниқлаш масаласини шу давлатнинг савдо-саноат палатаси ёхуд мазкур мамлакатнинг товар ишлаб чиқарилганлиги тўғрисидаги сертификатни берадиган бошқа ваколатли органи ҳал қилади. Тахмин қилишимизча, агар товар ЕИнинг ушбу мамлакатида белгиланган етарли даражада қайта ишланганлик мезонларига жавоб берса, товар ишлаб чиқарилганлиги тўғрисидаги сертификат Польшаники бўлади. Агар гап фақат юзаки  йиғиш ҳақида кетса, у ҳолда, билишимизча, Хитой давлати кўрсатилади.

 

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат 

Товарни божхона ҳудудига олиб киришда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат қуйидаги ҳолларда мажбурий тартибда тақдим этилади:

● ЎзР тариф преференциялари берадиган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга (Ўзбекистон Республикаси ЕИ мамлакатларига энг кўп қулайлик бериш режимини (ЭКҚБР) тақдим этади, Польша ҳам шу мамлакатлар сирасига киради);

● муайян мамлакатдан олиб кирилиши миқдорий чекловлар (квоталар) ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа чоралари орқали бошқариб туриладиган товарларга;

● божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёхуд товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида нотўғри маълумотлар декларация қилинаётганлигига божхона органида асослар мавжуд бўлганда;

● агар бу талаб ЎзРнинг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса (БК ­364-м. 2-қ.).

 

Маълумот учун. Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан бир вақтда тақдим этилади. Сертификат йўқолган тақдирда уни берган орган томонидан расмий равишда тасдиқланган дубликати қабул қилинади

 

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ёки ундаги маълумотларнинг, шу жумладан товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилса, божхона органи қўшимча ёки аниқлик киритадиган маълумот беришни сўраб ушбу сертификатни берган органларга ёки сертификатда товар ишлаб чиқарилган мамлакат сифатида кўрсатилган мамлакатнинг ваколатли ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин (БК 364-м. 3-қ.).

БК 364-моддасининг 2 ва 3-қисмларида белгиланган ҳолларда, лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ёки сўралган маълумотлар тақдим этилмагунига қадар товар муайян мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланмайди.

 

Маълумот учун. Божхона органларида товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат бланклари намуналари, товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни тасдиқлаш ва беришга ваколатли бўлган органлар муҳрларининг излари ва шахсларнинг имзолари мавжудлиги Ўзбекистон билан эркин савдо зонасини (ЭКҚБР) ташкил этувчи ёки мамлакатимиз томонидан эркин савдо режими ўрнатилган давлатларда ишлаб чиқарилган сертификатни божхона органлари томонидан қабул қилиш шартидир.

 

Етарли даражада қайта ишлаш

Мамлакатимизда агар товарни ишлаб чиқаришда 2 ёки ундан ортиқ мамлакат иштирок этаётган бўлса, товарнинг ишлаб чиқарилган жойи етарли даражада қайта ишлаш мезонларига мувофиқ аниқланади (БК ­360-м. 1-қ.).

Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш учун товарни етарли даражада қайта ишлашнинг қуйидаги мезонларидан бири қўлланилади:

● товарни муайян мамлакатда қайта ишлаш ёки тайёрлаш бўйича операцияларни амалга ошириш натижасида унинг ЎзР ТИФ товар номенклатурасидаги ўрни дастлабки 4 та белгисининг исталган бири даражасида ўзгариши;

● адвалор улуш қоидаси – фойдаланилган материалларнинг ва (ёки) қўшилган қийматнинг фоизли улуши якуний маҳсулотнинг нархида қайд этилган белгиланган улушига етганда товар қийматининг ўзгариши (БК 360-м. 2-қ.).

Қуйидагилар товарнинг етарли даражада қайта ишланганлиги мезонларига жавоб бермайди:

● сақлаш ёки ташиш вақтида товарларнинг бут сақланишини таъминлаш бўйича операциялар;

● товарларни сотишга ва ташишга тайёрлаш операциялари (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил этиш, саралаш, қайтадан ўраш ва бошқалар);

● оддий йиғув операциялари;

● товарларни (таркибий қисмларни) аралаштириб ҳосил қилинган маҳсулотга унга дастлабки таркибидан жиддий фарқлантирадиган хусусиятларни бермаслик;

● 1–4-бандларда кўрсатилган операцияларнинг иккитасини ёки ундан ортиғини бир вақтда амалга ошириш;

● чорва молларини сўйиш.

БК 360-моддасининг ­2-қисмида кўрсатилган товарнинг етарли даражада қайта ишланганлиги мезонларининг қўлланилиш хусусиятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Прочитано: 541 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика