Ташкилотимизда хизматлар кўрсатишга экспорт шартномаси мавжуд. Харидор-норезидент ҳар ойда бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномаси бўйича валюта маблағларини жўнатади. Бироқ валюта маблағларини ташкилотимизнинг банкдаги ҳисобрақамига ўтказишда банк-корреспондент томонидан воситачилик ҳақи ушлаб қолинади. Банк-корреспондент чет элда жойлашган, айнан қаердалигини билмаймиз. Ҳисобрақамимизга ушбу воситачилик ҳақи чегириб қолинган сумма келиб тушади.
Ташкилотимиз чет элдаги банк-корреспондент томонидан ушлаб қолинган воситачилик ҳақи учун норезидентнинг даромадларидан солиқ тўлаши лозимми?
– Йўқ, ташкилот чет элдаги банк-корреспондент томонидан ушлаб қолинган воситачилик ҳақи учун норезидентнинг даромадларидан солиқ тўламайди.
Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган ва доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан олинадиган солиқ норезидентга даромад тўловчи солиқ агенти томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади (СК 351-м. 1-қ.).
Корхонангизнинг банкдаги ҳисобрақамига валюта маблағларини ўтказишда банк-корреспондент томонидан ушлаб қолинадиган воситачилик ҳақи норезидентнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизматлар кўрсатишдан олинган даромади ҳисобланмайди. Ушбу даромадлар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар ҳисобланади, тегишинча, уларга солиқ солинмайди (СК 351-м. 3-қ. 2-б.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.