Россия сайтидаги дастур компонентидан фойдаланиш имконияти (калит) учун Visa корпоратив сўм картаси орқали тўлов тўлашни режалаштирмоқдамиз. Банк долларга конверсияни амалга оширади ва бизнинг картадан сўмдаги эквивалент суммани ҳисобдан чиқаради. Калитнинг ўзи биз кўрсатган электрон манзилга келади. Биз лицензион битим шартларини қабул қилаётганимиз ҳақида сайтда белги қўйилади.
1. Бундай харидни мамлакатимиз қонун ҳужжатларига мувофиқ қандай расмийлаштириш керак?
2. Божхона расмийлаштируви ҳам керакми?
1 Хўжалик юритувчи субъектлар бирламчи ҳисоб ҳужжатини унга қуйидагиларни илова қилган ҳолда бир томонлама расмийлаштириш ҳуқуқига эга: |
а) қўшилиш шартномаси, оферта, лицензия ва бошқа шартноманинг электрон нусхалари;
б) инвойс, ҳисобварақ-фактура ёки контрагентдан электрон хабар шаклида олинган бошқа ҳужжат нусхалари;
в) электрон тўлов тизимларидаги транзакциялар скриншоти, рақамли товарни сотиб олиш тўғрисидаги веб-сайтдан лог-ҳисоботлар ва пул маблағлари тушганини ва тўланганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (Низомнинг 6-б., 16.08.2018 йилдаги 670-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
2 Божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан моддий ташувчи орқали олиб ўтиладиган рақамли маҳсулотларнинг импортида амалга оширилади (Низомнинг 7-б.). |
Рақамли дистрибуция усуллари орқали экспорт ёки импорт қилинадиган рақамли маҳсулотлар божхонада расмийлаштирилмайди (Низомнинг 9-б.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.