Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 10 / Нуқтаи назар

Жисмоний шахсларнинг устав фондига киритган улушига солиқ солиш масаласига доир

 

Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг юридик шахснинг устав фондига жисмоний шахслар киритган мулкий улушларга солиқ солишга доир тушунтиришлари акс-садоларга сабаб бўлди. Тушунтиришлар солиқ органларига маъқул бўлди, бироқ бизнес ҳамжамияти, солиқ маслаҳатчилари ва юристларда эътирозлар уйғотди.

ЎзР ССП ҳузуридаги Ҳакамлик суди судьяси Нодир ЮЛДАШЕВ ушбу масала юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди: 

 

– 16 февралда buxgalter.uz порталида Юридик шахсларнинг УФдаги улушга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги мақола эълон қилинган эди. Унинг муаллифи юридик шахсларнинг устав фондига пул кўринишида бўлмаган улушларни киритишнинг солиқ оқибатлари ҳақида ўқувчиларга маълумот берди. Мисол тариқасида жисмоний шахсларнинг пул кўринишида бўлмаган улушлари келтириб ўтилган.

Афсуски, мақола муаллифи жисмоний шахс томонидан устав фондига пул кўринишида бўлмаган улушларни киритиш натижасида ушбу жисмоний шахсда ЖШДС тўлаш мажбурияти юзага келиши ҳақида хулоса чиқарган. Ягона далил сифатида юридик шахснинг устав фондидаги қўйилмани улушга алмаштирилиши келтирилади. Шунингдек мақолада биринчи марта бу ҳолатга нисбатан «сотиш» тушунчасидан фойдаланилган.

Ушбу мақола муаллифининг фикрига, афсуски, қўшилиб бўлмайди, сабаби бундай тавсияларни амалда қўллаш Ўзбекистон қонун ҳужжатларининг, шунингдек Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари (шу жумладан конституциявий ҳуқуқлари) бузилишига олиб келади. Улуш сифатида киритилаётган мол-мулкка оид ҳужжатларга эга бўлмаган хорижий инвесторларга солиқ солишда салбий оқибатлар юзага келиши мумкин.

Биринчи навбатда, ушбу ҳолатда қўлланиладиган СКнинг 46-моддасига эътиборни қаратмоқчиман. «Реализация» нимани англатади? СКнинг 46-моддасида белгиланишича, товарларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳақ олиш асосида ўтказиш ёки ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш, шу жумладан қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда гаровга қўйилган товарларни айирбошлаш ва ўтказиш товарларни ёки хизматларни реализация қилиш деб эътироф этилади.

СКда қуйидаги мезонлар белгиланади:

● товарга мулк ҳуқуқининг ўтказилиши;

● ҳақ олиш асосида ўтказиш.

Мулкчилик ҳуқуқининг товарга ўтказиш қисмида, ҳақиқатан ҳам, бир қарашда, мулкчилик ҳуқуқининг номинал ўтишини кўриш мумкин. Бироқ, биринчидан, ўтказадиган тараф мол-мулкнинг билвосита эгаси бўлиб қолаверади. Иккинчидан, СКнинг 7 ва 14-моддаларида белгиланган битимни расмийлаштиришда унинг иқтисодий мазмуни устуворлиги принципи иккала фаолиятни: реализация ва инвестицияни тенглаштиришга имкон бермайди.

Улуш киритишнинг асосий сабаби тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳисобланади. Қонунан эътироф этилишича («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги Қонун») таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олишга қаратилган ташаббускор фаолият тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади. Бунда реализация ва инвестиция ўртасида фарқ мавжуд. Реализация қилиш натижасида реализация қилувчи тараф «шу ерда ва ҳозир» бунинг эвазига нимадир олиши лозим бўлади, инвестиция киритишда ҳам нимагадир эга бўлишга умид қилинади, бироқ бунда келгуси даврларда умид рўёбга чиқиши кафолатланмайди.

Муассисда инвестиция киритишдан даромад олишга кафолат йўқ. Ахир солиқ даромад мавжуд бўлса юзага келади, даромад бўлмаганда-чи? Солиқ ортиқча тўланган ҳисобланадими? Ортиқча тўланган маблағлар давлат томонидан қайтариладими? Фикримча, Солиқ кодекси қоидаларини талқин қилишга юзаки ёндашиш СКнинг 7 ва 9-10-моддаларида берилган аниқлилик ва адолатлилик принципларининг бузилишига олиб келади.

Ҳақ олиш асосида ўтказиш қисмида – ҳақ олиш асосида ўтказиш принципи нимани англатади? Келинг, 2019 йилда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг ­7-моддасига мурожаат қилайлик. Унда ҳақ олиш асосида ўтказиш принципи тўлов асосида битимларни амалга ошириш сифатида аниқ белгилаб берилган. Буни мавжуд суд амалиёти, шунингдек Адлия вазирлиги ва фаолият кўрсатувчи судьялар иштирокида тайёрланган Фуқаролик кодексининг 102-моддасига шарҳлар ҳам тасдиқлайди.

УФга муассис томонидан улуш киритилиши ҳақ олиш асосида ўтказиш мезони ҳамда айирбошлаш мезонига тўғри келмайди. Айирбошлаш тўғрисидаги битимга нисбатан талаблар Фуқаролик кодексининг ­30-бобида келтирилган, кодексда белгиланган талабларнинг катта қисмига риоя этилмайди. Масалан:

1) товарни бошқасига алмаштириш орқали бериш – улушда бундай мақсад бўлмайди;

2) ҳадя олувчи нархдаги фарқни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олиши – УФга улуш киритишда бундай мажбурият мавжуд бўлмайди;

3) шартнома ёзма шаклда расмийлаштирилиши – бундай шарт қўйилмайди.

Бунда солиқ тўлаш мажбурияти қандай пайдо бўлади?

Мақолада ўқувчига «сотиш» тушунчасини шакллантириш таклиф этилади ва бунда Фуқаролик кодексининг 386-моддаси кўрсатиб ўтилади. Бироқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида «сотиш» атамаси мавжуд эмас. Дарвоқе, ФКда ҳам бундай атама берилмаган. Айтиб ўтилган ФКнинг 386-моддасида фақат товарларнинг олди-сотдиси тўғрисидаги умумий қоидалари келтирилган, олди-сотди жараёнига қўйиладиган асосий талаблар тавсифланган. Қонун ҳужжатларида белгиланмаган атамалардан фойдаланилиши СКнинг 7 ва 9-моддаларида тасдиқланган аниқлилик принципининг бузилишига олиб келади.

Афсуски, агар солиқ органлари ушбу мақолани амалда қўллашга қабул қиладиган бўлсалар, Солиқ кодексининг 7–14-моддаларида белгиланган солиқ солишнинг бошқа принциплари ҳам қўпол равишда бузилишига йўл қўйилиши мумкин.

Аниқлилик принципи – бунда солиқ солинадиган даромад юзага келиши учун аниқ қонуний асослар мавжуд эмас. Амалда мавжуд бўлмаган тушунчалардан ҳамда фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларидан танлов асосида фойдаланиш ва бунда бошқа мажбурий мезонларни инкор этишга («алмаштириш» тушунчасини аниқлаштиришда) йўл қўйилмайди.

СКнинг 7 ва 10-моддаларида қайд этилган адолатлилик принципида фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган солиқларни белгилашга йўл қўйилмайди деб таъкидланган. Конституциянинг 53 ва 54-моддаларида иқтисодий фаолият эркинлиги кафолатлари ҳамда мулкдорнинг ўзига тегишли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Мулкдор ҳатто ишбилармонлик фаолиятини бошламаган ҳолатларда ҳам тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш манбаларига солиқ солиниши адолатдан бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, бундай солиқларнинг қўлланилиши Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, сабаби бундай қоидалар қўлланилганда мулкий улушларига ҳужжатлари мавжуд бўлмаган хорижий инвесторларнинг кўпчилигига солиқ солиниши талаб этилади. Биз бундай вазиятда танлов асосида ёндаша олмаймиз-ку! Бу ҳам қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Ушбу ҳолат бир вақтнинг ўзида солиқ солишнинг иккита – аниқлилик ва адолатлилик принципининг бузилишига олиб келади.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олган ҳолда, билдирилган хулосаларни муҳокама қилиб, натижалар бўйича Солиқ, Фуқаролик кодексларига ҳамда «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунга комплекс ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинади.

Прочитано: 682 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика