Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 09 / Божхона

ТИФ иштирокчилари эътиборига

 

2020 йил декабрь ойининг охирида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, Божхона брокерлари уюшмаси улар билан танишиб чиқишни тавсия этади.

 

Божхона кузатуви

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи савдо юкларини божхона назорати остида ташишни соддалаштириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори (22.12.2020 йилдаги 800-сон) билан қуйидагилар тасдиқланди:

● Божхона назорати остида автомобиль йўлларида ташилаётган товарларнинг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ­(1-илова);

● Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ваколатли шахслар билан реал вақт режимида ва интерактив шаклда ўзаро ҳамкорлик асосида ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом ­(2-илова).

Товарлар ва автотранспорт воситаларининг божхона органлари томонидан хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жўнатувчи ҳамда манзил божхона постларида, шунингдек қабул қилиш-топшириш пунктларида устувор тартибда амалга оширилади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш куннинг ёруғ вақтида, автотранспорт воситаси жўнатувчи божхона органига етиб келган пайтдан эътиборан 6 соатдан кечиктирмай бошланиши керак.

Бунда божхона ҳамкорлигида кузатиб бориш билан боғлиқ харажатлар ташувчи ёки бошқа манфаатдор шахслар томонидан қопланади.

Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган транспорт воситалари ички ишлар органларининг блок постларида тўхтатилиши ҳамда товарларни кўриш учун автомобилнинг юк бўлмаси очилиши тақиқланади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ваколатли шахслар томонидан электрон шаклда онлайн режимида тақдим этилади. Эслатиб ўтамиз, тўловлар тўланишини таъминлаш тўловчининг танловига кўра қуйидаги исталган усуллар орқали амалга оширилади: пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш, товарларни гаровга қўйиш, банк кафолатини тақдим этиш, божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш, кафиллик (БК 339-м.).

Бунда тўловчи божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун божхона органининг депозитига пул маблағлари суммасини Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ҳамда чет эл валютасида киритиши мумкин.

 

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш

Вазирлар Маҳкамасининг «Радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида рухсат этиш ҳамда радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори (22.12.2020 йилдаги ­801-сон) билан қуйидагилар тасдиқланди:

● Барча турдаги радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни ишлаб чиқиш, модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ва хориждан олиб кириш учун радиочастота полосаларини (номиналларини) ажратиш тартиби тўғрисидаги низом (1-илова);

● Радиоэлектрон воситаларни сотиб олиш ва (ёки) ўрнатиш, хориждан олиб кириш, эксплуатация қилишга рухсат этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (2-илова);

● Юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (3-илова);

● Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб кириш тартиби тўғрисида низом ­(4-илова);

● Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида низом ­(5-илова);

● Ўзбекистон Республикаси радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисида низом (6-илова).

Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, декларантлар турли хилдаги ва фойдаланиш мўлжали турлича бўлган, шу жумладан турли асбоб-ускуналар ва транспорт воситалари учун бутловчи буюмлар сифатида олиб кириладиган радиоэлектрон воситалар (РЭВ) ва юқори частотали қурилмалар (ЮЧҚ) божхона расмийлаштируви «Электромагнит мослашув маркази» ДУК томонидан белгиланган тартибда берилган рухсатнома мавжуд бўлгандагина амалга оширилишини эътиборга олишлари лозим.

Расмий спорт мусобақаларида, шунингдек кўргазма ва ярмаркаларда фойдаланиш учун чет элга вақтинчалик олиб чиқилган РЭВ ва ЮЧҚларни ЎзР ҳудудига қайтариб олиб кириш, ушбу воситалар ва қурилмаларни олиб чиқиш вақтида уларни қайтариб олиб кириш тўғрисида божхона органига берилган мажбуриятлар асосида амалга оширилади.

 

Рақамли маркировка

Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (31.12.2020 йилдаги 833-сон) қарори билан қуйидагилар тасдиқланди:

● Маҳсулотларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш ва уларнинг айланмасини кузатиб бориш қоидалари ­(1-илова);

● «Asl belgisi» маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига техник хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (2-илова);

● Тамаки маҳсулотларини идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом (3-илова);

● Алкоголь маҳсулотларини идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом (4-илова).

ББУ шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмол товарларининг айрим гуруҳларини Ўзбекистон Республикасига четдан келтиришни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори (12.12.2011 йилдаги 324-сон) ва ушбу қарор билан тасдиқланган Махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган четдан келтириладиган истеъмол товарлари рўйхати (2-илова) ўз кучини йўқотганлигига эътиборни қаратади.

2021–2022 йилларда идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш талаби жорий қилинадиган маҳсулотлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори (20.11.2020 йилдаги 737-сон) билан тасдиқланган. Рўйхатга тамаки маҳсулотлари (ТИФ ТН коди 2402 90 000 0), алкоголь маҳсулотлари (пиво маҳсулотларидан ташқари) (ТИФ ТН кодлари – 2204, 2205, 2206, 2207, 2208), пиво маҳсулотлари (коди – 2203), дори воситалари ва тиббий буюмлар (кодлари – 3303, 3004), сув ва салқин ичимликлар (кодлари – 2201, 2202), маиший техника (кодлари – 8403, 8404, 8405, 8414, 8415, 8416, 8418, 8419, 8422, 8423, 8424, 8450, 8508, 8509, 8510, 8513, 8516, 8518, 8519, 8521, 8522, 8525, 8527, 8528) киритилди.

 

Махсус божхона пломбалари

ДБҚнинг қарори (АВ рўйхат рақами 2904-2-сон, 31.12.2020 й.) билан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида авто ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига махсус божхона пломбалари қўйиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

«Экспорт» божхона режимида божхона юк декларацияси «яшил» йўлак орқали автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказилганда божхона махсус пломбалари қўлланилмайдиган ҳолат киритилди. Ушбу қоидада истиснолар мавжуд, махсус божхона пломбалари кўрсатиб ўтилган шартларда қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:

● товарлар ХЙТ расмийлаштирилган ҳолда олиб чиқилаётганда;

● юк жўнатувчилар ва (ёки) ташувчиларнинг махсус божхона пломбаларини қўллаш тўғрисидаги талаби мавжуд бўлганда.

Шунингдек хорижий давлатлар божхона органлари, транспорт ва экспедиторлик ташкилотлари томонидан товар ва транспорт воситаларига қўйилган идентификация воситалари қаторида товарларни ишлаб чиқарувчилар ва ушбу товарларни юборувчиларнинг идентификация воситалари ҳам тан олинади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 487 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика