Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 09 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Аудиторлар янги Қонунга эга бўлишди

 

25.02.2021 йилдаги «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ-677-сон Қонуннинг қабул қилинишидан мақсад аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган ҳужжатларни унификациялаб ва тизимлаштириб, ягона норматив ҳужжатга жамлашдир.

 

Қонунда белгиланишича, аудиторлик фаолияти аудит, сифат назорати, таҳлилий текширувлар, ишончни таъминлайдиган топшириқлар, турдош хизматларнинг халқаро стандартлари асосида амалга оширилади. Стандартлар Халқаро бухгалтерлар федерациясининг Аудит ва ишончни таъминлайдиган топшириқларнинг халқаро стандартлари бўйича кенгаши томонидан эълон қилинади.

Аудитнинг халқаро стандартларини Ўзбекистон ҳудудида қўллаш учун уларни тан олиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Аудиторлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги, МБнинг аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари белгиланди.

Шунингдек аудитор малака сертификатини олиш ва унинг амал қилиш муддатини узайтиришни тартибга солувчи нормалар белгиланди.

Аудиторлик ташкилотининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шунингдек мажбурий аудиторлик текширувларини ўтказадиган ташкилотлар рўйхатига тузатишлар киритилди. Энди ҳисобот йили якунларига кўра қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари: активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан ортиқ, маҳсулотларни (ишлар, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми БҲМнинг 200 минг баравари миқдоридан ортиқ, ходимларининг ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқ бўлса, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим.

Мажбурий аудиторлик текширувини ўтказадиган аудиторлик ташкилотларига қўйиладиган талаблар, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларга текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарлик чоралари белгиланди.

Шунингдек аудиторлик ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган турдош хизматлар рўйхати белгиланди, улар жумласига қуйидагилар киритилди:

● бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш, юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш масалалари бўйича маслаҳат бериш;

● юридик шахснинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси), инвестиция активларини ишончли бошқарувчи вазифаларини амалга ошириш;

● аудиторлик ташкилотининг штатида солиқ маслаҳатчиси мавжуд бўлганда ёхуд шартнома асосида уни жалб этган ҳолда, солиққа оид қонунчиликни қўллаш, солиқлар ва йиғимлар бўйича ҳисоб-китоблар, декларациялар тузиш юзасидан маслаҳатлар бериш ва бошқалар.

Белгиланишича, аудиторлик текширувлари натижалари бўйича фақат аудиторлик хулосаси берилади.

Аудиторлар ва аудиторлик ташкилотларининг реестрини юритиш тартиби белгиланди.

Қуйидагилар жорий этилди:

● аудиторлик иши сифатининг ички назорати – аудиторлик ташкилоти томонидан амалга ошириладиган, унинг аудиторлари ва ходимлари томонидан Қонун талабларига риоя этилишини таъминловчи тартиб-таомилларга асосланган ташкилий чора-тадбирлар тизими. Ушбу назорат аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик фаолияти стандартларига биноан амалга оширилади ва аудиторлик хизматлари кўрсатиш чоғидаги мажбурий шарт ҳисобланади;

● аудиторлик ташкилоти иши сифатининг ташқи назорати – ваколатли давлат органи аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда амалга оширадиган, аудиторлик ташкилотлари томонидан Қонун талабларини ва аудиторлик фаолияти стандартларини бузишларни аниқлашга ҳамда келгусида уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизими.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 27.05.2021 йилдан кучга киради. 

 

Эльмира СИРАЗИЕВА.

Прочитано: 511 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика