Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 814-сон қарорига мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб республикамизнинг халқаро аэропортларида, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида божхонадан ўтишда икки йўлакли тизим жорий қилинган.
Шу вақтга қадар асосан мамлакатимизнинг халқаро аэропортларида ўрнатилган «яшил» ва «қизил» йўлаклар 2021 йилдан бошлаб автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида ҳам жорий қилинди. Шу муносабат билан Тошкент марказий темир йўл вокзалида худди чегара божхона постларидаги каби барча назорат органларининг фаолият юритишини таъминловчи алоҳида зал ишга туширилди. Бу ерда паспорт назорати, санитария-эпидемиологик ва божхона назоратларини амалга ошириш учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
Бинобарин, илгари хорижга қатнаётган йўловчи поездлари мазкур вокзалдан 18 км олисда жойлашган «Келес» темир йўл чегара божхона постида божхона назоратидан ўтиши учун соатлаб тўхтатиб турилар эди. Божхона ходимлари эса вагонларга чиқиб, ноқулай шарт-шароитларда божхона кўригини амалга оширган. Табиийки, бу айрим ҳолларда йўловчиларнинг, айниқса, хорижий сайёҳларнинг ҳақли эътирозларига ҳам сабаб бўлган.
Энди бу каби ҳолатларнинг олди олинди: йўловчилар поезд вагонидан тушгач, вокзалнинг ўзида, саноқли дақиқаларда божхона назоратидан ўтади.
Хориждан поездда кириб келган йўловчи эндиликда божхонада ортиқча вақт йўқотмаган ҳамда декларация тўлдирмаган ҳолда «яшил» йўлак орқали ҳаракатланиши мумкин. Фақатгина чекланган нормалардан ортиқча товар ва валюта қимматликларини олиб ўтаётган шахсларгина йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, «қизил йўлак»дан ҳаракатланиши талаб қилинади.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.