Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 08 / Солиқ солиш

Текин фойдаланишга олдингизми – даромадни ҳисобланг

 

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлмиш МЧЖ шаклидаги кичик корхона ягона таъсисчи-жисмоний шахсга эга. Корхонанинг соф активларини кўпайтириш мақсадида таъсисчи ўзига тегишли бўлган нотурар жой биносини 2 йил давомида МЧЖ балансига текин фойдаланишга бериш шаклида МЧЖ мулкига ҳисса қўшмоқчи. Мол-мулкни бериш муддати ва унинг текин берилиши таъсисчининг қарорида ҳамда МЧЖнинг уставида келишилган.

Фойдаланишга берувчи (жисмоний шахс) ва қабул қилувчи (МЧЖ) мулкни қабул қилиш ва бериш жараёнида, текин фойдаланишга берилаётган мулкни қайтариш муддати тугаганда томонларда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? 

 

– Нотурар жой биносини текин фойдаланишга бериш ссуда шартномаси билан расмийлаштирилади ва топшириш-қабул қилиш далолатномаси орқали топширилади. Бунда мулк ҳуқуқи ссуда берувчи, яъни жисмоний шахс томонида сақланиб қолади (ФК 36-боби.).

Мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзга шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши давлат рўйхатидан ўтказилади. Шунингдек, бино ва иншоот ёки уларнинг қисмлари ижараси ҳуқуқи ҳам бир йилдан ортиқ муддатга тузилган шартнома асосида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак (Низом 32-б., 29.12.2018 йилдаги 1060-сон ВМҚга 1-илова).

Нотурар жой бинога мулк ҳуқуқининг ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар Низомнинг 38–41-бандларида кўрсатилган. Ушбу бандларда кўчмас мулкни чекланган муддатга текинга фойдаланишга бериш тўғрисидаги шартнома кўрсатилмаган.

Шу тариқа, 2 йил муддатга текинга фойдаланишга берилган (қабул қилинган) нотурар жой бинонинг кадастр ҳужжатлари қайта рўйхатдан ўтказилмайди. Ушбу бино жисмоний шахснинг мулки бўлиб қолади.

Ўз навбатида, жисмоний шахс қуйидаги тўловларни тўлашга мажбур:

● 2% солиқ ставкаси бўйича яшаш учун мўлжалланмаган бино учун мол-мулк солиғи (СКнинг 422-м. 1-қ. 4-б.);

● ер солиғи. Эътибор беринг:  яшаш учун мўлжалланмаган жой кўп квартирали уйда жойлашган бўлса ҳам, ер солиғидан озод қилинмайди. Солиқ мулкдор томонидан юридик шахслар учун белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўланиши керак (СК нинг 434-м. 2-қ. 437-м.).

Сиз, таъсисчи нотурар жой биносини балансга ўтказмоқчи эканлиги ҳақида ёзмоқдасиз. Юқорида кўрсатилганидек, буни амалга ошириш мумкин эмас. МЧЖ ушбу бинони молиявий ҳисоботида (балансида) акс эттира олмайди. Юридик шахснинг балансида унга эгалик ҳуқуқи асосида ёки молиявий ижара шартномаси асосида тегишли бўлган асосий воситалар акс эттирилади. Фойдаланишга олинган бинони корхона балансдан ташқари 011 «Ссуда шартномаси бўйича олинган мол-мулк» ҳисобварағида ҳисобга олади (Йўриқнома 1-қ. I бўлим; 446-б., 21-сон БҲМСга 2-илова, АВ рақами 1181, 23.10.2002 й.). Бунда корхона соф активлари кўпаймайди.

Нотурар жой биносини текин фойдаланиш учун олганда, МЧЖ текин олинган мол-мулкдан даромад олади (СКнинг 299-м.).

Фойдаланишга берувчи томон – жисмоний шахсда қўшимча солиқ мажбуриятлари пайдо бўлмайди. Қабул қилувчи томон – МЧЖ эса текин олинган хизматнинг бозор қийматини баҳолаши ва уни солиққа, айни вазиятда айланмадан олинадиган солиққа тортиладиган жами даромадга қўшиши керак (СК 297-м. 3-қ. ­10-б., 299-м. 1-4-қ., 463-м. 1-қ.). Бозор қиймати сифатида ОАВдан олинган маълумотлардан ёки давлат кўчмас мулкидан фойдаланиш учун минимал ижара тўлови ставкаларидан, ҳудудий зоналар, қурилиш турлари бўйича, ён ҳудудлардан фойдаланиш ва тижорат мақсадларида фойдаланиш қулайликлари коэффициентларини инобатга олган ҳолда, фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайман.

Бинодан текин фойдаланишдан олинадиган даромад фақат солиққа тортиш мақсадида аниқланади. Бу бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмаслиги мумкин.

Бино жисмоний шахсга қайтарилганда корхона томонидан даромадни ҳисоблаш ва шунга мувофиқ солиқ тўлаш тўхтатилади. Жисмоний шахс нотурар жой биноси учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини юридик шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича тўлашни давом эттиради.

 

 

Ольга БУСАРОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 434 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика