Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 3 / Ташқи иқтисодий фаолият

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Якунланган йил поёнида Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг фаол иштироки ҳамда кўмаги остида онлайн-форматда навбатдаги семинарни ўтказди. Тадбир божхона соҳаси ва ТИФ қонунчилигига киритилган янгиликларнинг шарҳига бағишланди. Бундай янгиликлар оз бўлгани йўқ. Мавзу долзарб бўлиб, уларнинг муҳокамаси ҳам худди божхона амалиётидаги долзарб масалалар каби фаол тарзда олиб борилди.

Семинарда ББУ аъзолари – божхона брокерлари, ТИФ соҳасида хизматлар кўрсатувчи компаниялар, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, шунингдек ДБҚ, ИТСВ, Божхона институти ва Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этди.  

 

«Ягона дарча» божхона ахборот тизимига киритилган янгиликлар ҳамда ТИФ иштирокчиларининг шахсий кабинети тўғрисида ДБҚ Божхона маъмуриятчилигида илғор ва инновацион усулларни жорий этиш бошқармасининг бошлиғи Фарҳод ОЛИМЖОНОВ гапириб берди. Газетамиз яқинда бу ҳақда ёзган эди.

Божхона қиймати тўғри белгиланиши ва божхона тўловлари тўланиши устидан назоратни ўрнатиш билан боғлиқ мантиқий назорат тизимидаги ўзгартиришлар хусусидаги маълумотларни ДБҚ Божхона тўловлари бошқармасининг бош инспектори Жамшид Исомуродов тақдим этди. Унинг айтишича, мантиқий назорат тизими асосан БЮДни рўйхатдан ўтказгунга қадар иш беради, бу тизим хатоларни ва нотўғри декларациялаш ҳолатларини бартараф этади. Масалан, божхона тўловлари бўйича кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш тақдим этилиши билан боғлиқ бўлган мантиқий назоратнинг 4 та янги тури ўрнатилган дейлик. Божхона тўловларини тўлашнинг таъминоти сифатида банк кафолати ёки суғурта полисидан фойдаланишда БЮДнинг 44-графасида кечиктириб тўлашга оид ҳужжатларни акс эттиришнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Бунда ваколатли иқтисодий операторлар (ВИО) билан йирик солиқ тўловчилар учун фарқланишлар ҳам бор. Хатоликларни четлаб ўтиш учун маълум қилинган қийматни тасдиқловчи ҳужжатларга келтирилган матнли изоҳларга эътиборни қаратиш лозим бўлади.

БЮДни тўлдиришни соддалаштириш ва қонунчилик меъёрларини амалиётда бир хилда қўллаш бўйича тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган ҳамкорликдаги тизимли ва методологик ишларни олиб бориш таклифи билан Божхона институтининг кафедра мудири, т. ф. д., профессор Қурбонқул Каримқулов чиқиш қилди.

 

БЮД: хатолар устида ишлаш

БЮДни тўлдиришда энг кўп учрайдиган хатоликлар тўғрисида семинар иштирокчиларини ДБҚ Ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармасининг статистика бўлими бошлиғи Нуриддин Ҳайитов хабардор қилди. Унинг айтишига кўра, Бошқарма томонидан мантиқий назорат тизими ишлаб чиқилган бўлиб, у БЮДдаги эҳтимолий хатоликларни декларация рўйхатдан ўтказилгунга қадар аниқлаш имкониятига эгадир. Ушбу тизим ёрдамида декларациялардаги 25 269 та эҳтимолий хатоликлар аниқланган, улар ҳақида декларантларга батафсил хабарномалар жўнатилган. 4 882 та декларацияга эса бир божхона режимидан бошқасига расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган йўл қўйиб бўлмайдиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Божхона ходими БЮДнинг алоҳида графаларини тўлдираётганда кўпинча йўл қўйиладиган хатолар билан таништирди ҳамда улар қай тарзда тўғри тўлдирилиши лозимлигини тушунтирди. Масалан, «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилаётган товарларга БЮД тўлдирилаётганда қуйидаги графаларда хатоларга йўл қўйилади:

● 44-графа «Қўшимча маълумотлар/тақдим этилаётган ҳужжатлар» – 15 829 (аниқланган умумий хато ва камчиликлар сонининг 62,6%);

● 11-графа «Савдо қилинаётган мамлакат» – 62 365 (14,7%);

● 31-графа «Юк жойлари ва товар тавсифи». «Маркировка ва миқдор – контейнерлар рақами – товар тавсифи» – 2 159 (8,5%);

● 40-графа «Умумий декларация/аввалги ҳужжат»913 (3,6%).

Шу билан бирга Н.Ҳайитов ­37-графа «Процедура»да ёки ­40-графа «Умумий декларация/аввалги ҳужжат»да олдинги божхона режимининг кодини олдинги божхона режимига расмийлаштирилган БЮД тўғрисидаги ахборотда кўрсатишда ҳам хатолар учрашини қайд этди, улар – 913 (3,6%). Шунингдек чегарада транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотни 21-графа «Чегарадаги транспорт воситаси»да ва 25-графа «Чегарадаги транспорт тури»да акс эттирганда ҳам ҳатолар учрайди – 833 (3,3%).

 

Қандай қилиб тўғри тўлдирилади

Божхона ходими БЮД графаларини тўғри тўлдиришнинг тартибини батафсил тушунтириб берди. У Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ рақами 2773, 6.04.2016 й.) мувофиқ БЮДнинг 44-графасида БЮДнинг 31-графасида кўрсатилган ҳар бир товар ҳақида баён этилган маълумотларни тасдиқловчи, БЮДни тўлдиришга асос бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилишини эслатиб ўтди. Ҳар бир ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар БЮДни тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари таснифлагичига мувофиқ ҳужжатнинг тартиб рақами ва ҳарфли кодини қўйган ҳолда кўрсатилади (Йўриқномага 12-илова) (реквизитларнинг ҳар бири янги сатрдан бошланади).

31-графада декларацияланаётган товар ҳақида маълумот кўрсатилади, бу маълумотлар ТИФ ТН асосида таснифлаш қоидаларига мувофиқ декларацияланаётган товарларни муайян 10 рақамли подсубпозицияда аниқ таснифлаш имконини бериши лозим. Маълумотларнинг ҳар бири янги сатрдан бошланади ва улардан ҳар бирининг олдига тартиб рақами қўйилади. Масалан, 1 рақами остида товарнинг номи (савдо, тижорат ёки бошқа анъанавий номи), товар белгилари, маркалари, моделлари, артикуллари, навлари, стандартлари ва бошқа техник ва тижорат тавсифлари (давлат стандартлари, техник регламентлар ҳамда стандартлар ва ҳ.к.) тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек декларацияланаётган товарнинг миқдорий ва сифат таркиби тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Товарлар баён этилаётган божхона режимидан аввал бошқа божхона режимига жойлаштирилган бўлса, БЮДнинг 40-графасида товарларни аввалги божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлган БЮД ҳақида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

аввалги ҳужжатнинг коди – ушбу ҳолатда «ГТД»; аввалги БЮДнинг рўйхат рақами; ушбу товарнинг аввалги БЮДнинг 32-графасидаги тартиб рақами; аввалги БЮДнинг ­32-графасида кўрсатилган товарнинг, расмийлаштирилаётган брутто вазни (килограммда); аввалги БЮДнинг 32-графасида кўрсатилган товарнинг, расмийлаштирилаётган нетто вазни (килограммда); қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори (агар мавжуд бўлса); қўшимча ўлчов бирлигининг ТИФ ТНга мувофиқ шартли белгиланиши (агар мавжуд бўлса).

БЮДнинг 37-графасини тўлдираётганда кўпинча олдинги режимнинг коди нотўғри кўрсатилар эди. Масалан, олдинги режим «Вақтинча сақлаш» режими бўлган бўлса, 70 кодининг ўрнига – 74 коди кўрсатилган. Умуман олганда, графада товарларни Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтиш процедурасининг 7 белгили коди кўрсатилади. Ушбу код қуйидаги 3 та таркибий қисмлардан иборат:

● биринчи 2 та рақам – Божхона режимлари таснифлагичига мувофиқ баён этилаётган божхона режими коди (Йўриқномага 3-илова);

● кейинги 2 та рақам – аввалги божхона режими коди. Агар аввалги божхона режими мавжуд бўлмаса «00» кўрсатилади;

● охирги 3 та рақам – Товарларни олиб ўтиш хусусиятлари таснифлагичига (Йўриқномага 11-илова) мувофиқ декларацияланаётган товарларни олиб ўтиш хусусияти коди. Агар товарларни олиб ўтиш хусусияти белгиланмаган бўлса «000» кўрсатилади.

БЮДнинг 40-графасида аввалги режимлар ёзувларининг тартиб рақамлари кўрсатилади.

 

Йўриқномадаги янгилик

ДБҚ Ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш ва божхона статистикаси бошқармасининг статистика бўлими бошлиғи Йўриқномага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида ҳам ахборот берди (АВ рақами 2773-5, 2.11.2020 й., 3.02.2021 йилдан кучга киради). Улар Президентнинг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони (5.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон) ва Президентнинг «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (21.08.2020 йилдаги ПҚ-4812-сон) асосида ҳужжатни айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш мақсадида киритилган.

Агар шахслар устав капиталида давлат улуши бўлган ташкилотлар бўлса, эндиликда БЮДнинг 2, 8, ­9-графаларида алоҳида «00000003» коди кўрсатилади».

Мамлакат ёки ҳудуд Имтиёзли солиқ режими бериладиган ва (ёки) молиявий операциялар амалга оширилганда ошкор этиш ва ахборот бериш назарда тутилмайдиган давлат ва ҳудудлар (оффшор ҳудудлар) рўйхатига (Низомга 1-илова, АВ рўйхат рақами 2467, 12.06.2013 й.) киритилган бўлса, 11-графанинг ўнг бўлмасида «1» коди кўрсатилади. Агар мамлакат ёки ҳудуд Рўйхатга киритилган бўлмаса, графанинг ўнг бўлмасида «2» коди кўрсатилади.

БЮД 20-графасининг учинчи бўлмасида ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) шартларига мувофиқ БЮД асосида экспорт қилинаётган товарлар учун қўлланиладиган ҳисоб-китоблар шаклининг 2 рақамли коди, сўнгра «/» белгисидан кейин товарларни жўнатиш шаклининг 2 рақамли коди кўрсатилади (электрон БЮДда ҳар бир код алоҳида ажратилган майдонда кўрсатилади).

Экспорт қилинаётган товарлар учун ҳисоб-китоблар шаклининг икки рақамли коди қуйидаги тартибда кўрсатилади: «10» – олдиндан тўлов; «20» – аккредитив; «30» – банк кафолати; «40» – экспорт контрактларини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурталаш полиси; «50» – экспорт факти бўйича; «60» – консигнация бўйича; «70» – бартер операцияси; «80» – беғараз (тўловсиз) асосда етказиб бериш.

Ҳисоб-китобларнинг аралаш шакллари қўлланган ҳолларда графада мутлақ ифодада устунликка эга бўлган ҳисоб-китоб шакли кўрсатилади.

Товарларни жўнатиш шаклининг икки рақамли коди қуйидаги тартибда кўрсатилади: «01» – товар тўғридан-тўғри шартнома (битим, келишув) тузувчи шахс манзилига жўнатилаётган бўлса; «02» – товар тўғридан-тўғри шартнома (битим, келишув) тузувчи шахс манзилига жўнатилмаётган ҳолларда.

31-графада электрон БЮДда товарнинг маркаси ва брендининг номи, энергия самарадорлиги класси тўғрисидаги маълумот алоҳида ажратилган майдончада ҳам кўрсатилади (товар маркаси ёки брендининг номи мавжуд бўлмаган ҳолларда «маркасиз», «брендсиз» деб кўрсатилади).

Сочилган, уюмланган, қуйилган ҳолатда ўрамсиз олиб ўтиладиган товарлар учун қуйидаги кодлардан бири қайд этилади: «01» – сочилган ҳолда; «02» – уюмланган ҳолда; «03» – қуйилган ҳолда.

Товарларнинг бир қисми давлат харидларига алоқадор бўлмаган ҳолларда улар алоҳида товар сифатида декларацияланади.

Электрон БЮДда товарга оид маълумотлар БЮДнинг формати ва тузилишидан келиб чиқиб, алоҳида ажратилган майдончада ҳам кўрсатилади.

Йўриқномани янгидан киритилган ёки ўзгартирилган қоидалар талабларига мувофиқлаштириш мақсадида айни вақтда унга яна бошқа бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Божхона қонунчилигидаги бу ва бошқа янгиликлар хусусида ББУ раисининг ўринбосари Энвер Халилов ўз тақдимотида батафсил гапириб берди, «СБХ» ўқувчилари бу ҳақда келгуси сонларимизда ўқишади.

 

ИТСВ амалга ошираётган тадбирлар хусусида

Ташқи савдони тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги асосий вазифалар ва муаммоли масалаларни ИТСВ Тариф ва нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш бошқармасининг бош мутахассиси Анастасия Белова ўз нутқида ёритиб берди. Бош мутахассис Вазирликнинг асосий вазифалари билан таништириб ўтди. Тариф жиҳатдан тартибга солиш соҳасида бу:

● Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, ДБҚ, МВ ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини жалб этган ҳолда импорт божхона божлари ставкаларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

● ИТСВ ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг фаолиятини ташкил этиш, Кенгаш котибиятининг вазифаларини бажариш;

● товарлар божхона қийматини баҳолаш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

● халқаро тан олинган қоидалар ва меъёрларга мувофиқ келувчи божхона маъмуриятчилиги тизимини шакллантириш;

● ТИФ иштирокчиларининг божхона-тариф тартибга солиш масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш;

● Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Doing Business» рейтингидаги кўрсаткичлар доирасида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

● савдода ҳимоя чораларини (аксилдемпинг чоралар, компенсация божлари ва ҳимоя чоралари) жорий этиш заруратини белгилаш мақсадида импортни таҳлил қилиш.

Белова нотариф тартибга солиш соҳасида ҳам изчил чора-тадбирлар қабул қилинганлигини қайд этди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонни «ПБТ+» (Преференциялар бош тизими) бенефициар мамлакатлар рўйхатига киритишни таъминлашга қаратилган бир қатор чоралар амалга оширилмоқда. Мазкур масаланинг ҳал этилиши маҳаллий тадбиркорликни ташқи савдо фаолиятида самарали преференциал қўллаб-қувватлашга омил бўлади.

ТИФ учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида божхона ахборот тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифларни фаол тарзда ишлаб чиқиш, асосий ҳамкор мамлакатлар билан ўзаро савдода товарларнинг келиб чиқиш электрон сертификатларини ўзаро тан олиш ва алмашиш масалаларини йўлга қўйиш, преференциал савдо бўйича халқаро битимларни ишлаб чиқиш ва келишиш, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистон товарларига нисбатан чекловли сиёсатини кузатиб бориш, қўшни мамлакатлар билан чегара ҳудудларида эркин савдо зоналарини ташкил этиш бўйича масалаларни ишлаб чиқишга доир ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, инвестициявий лойиҳалар ва давлат дастурларини амалга ошириш доирасида республикамиз ҳудудига олиб кирилаётганда божхона божи тўлашдан озод қилинадиган товарлар рўйхатини тасдиқлашни назарда тутадиган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Нотариф тартибга солиш чораларини амалга ошириш бўйича муҳим жиҳатлардан бири миллий норматив база ва техник имкониятларнинг трансчегаравий қоғозсиз савдога мувофиқлиги, миллий қонунчилигимизнинг ЖСТнинг савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги Битими қоидаларига мувофиқлигини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш ҳисобланади. Шу билан бирга миллий қонунчиликнинг ЖСТнинг санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битими қоидаларига мувофиқлигини баҳолашга доир тадбирларни ташкил этиш, миллий стандартлар ва техник регламентларни халқаро талабларга уйғунлаштириш, шунингдек «Global G.A.P.», «ISO», «Halal» ва шунга ўхшаш ихтиёрий стандартларни кенг миқёсда жорий этиш масалалари ҳам нотариф тартибга солиш чораларидан ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида нотариф тартибга солиш тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.

ИТСВ Инвестиция муҳитини ривожлантириш бошқармасининг бошлиғи Алексей Сим ҳамкасбининг мавзусини тўлдирган ҳолда давлат органлари ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигига доир 2 та фойдали дастакни маълум қилди:

● ИТСВ–ББУ–ТИФ иштирокчиси ҳамкорлиги доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тезкор ўрганиш ва таҳлил этиш ҳамда уларга доир таклифларни ишлаб чиқиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳини ташкил этиш;

● тақдим этилган электрон буюртмалар асосида ТИФ иштирокчиларига божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини амалга ошириш учун ижрочи божхона брокерини топиш имкониятини берувчи интернет-майдончаларни яратиш.

 

***

Ўзбекистонда ваколатли иқтисодий оператор институтининг ривожланиши хусусида ДБҚ Божхона маъмуриятчилигида илғор ва инновацион усулларни жорий этиш бошқармасининг ходими Азиз Мухсинов гапириб берди. Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомга (24.08.2020 йилдаги 500-сон ВМҚ билан тасдиқланган) биноан эндиликда ВИО мақомини божхона брокерлари, божхона омборлари ва божхона етказиб берувчилари олишлари мумкин. ВИО институти хусусидаги янгиликлар тўғрисида «СБХ»нинг келгуси сонларида янада батафсил сўз юритамиз.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 708 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика