Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 3 / Жавоб берамиз

ННТга мақсадли тушумларга фойда солиғи солиш лозимми?

 

Корхона уюшмага (ННТ) унинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга бепул молиявий ёрдам кўрсатди. Корхона – ушбу уюшманинг аъзоси эмас. ННТга мақсадли тушумларга фойда солиғи солинадими?  

 

– Солиқ кодексининг 48-моддаси талаблари бажарилиши шарти билан мақсадли тушумлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди ва уларга фойда солиғи солинмайди (СК 304-м. 9-б.).

Нотижорат ташкилотларни таъминлаш ва уларнинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга йўналтирилган бепул келиб тушган қуйидаги тушумлар мақсадли тушумлар деб эътироф этилади:

● давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида;

● бошқа юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган тушумлар (СК 48-м. 5-қ.).

Акциз тўланадиган товарларни олиш мақсадли тушумларга кирмайди.

Олувчи мақсадли тушумлардан топширувчи шахс ёки қонунчилик томонидан белгиланган мақсади бўйича фойдаланиши керак.

 

Агар тушумлар олувчи томонидан мақсадига биноан фойдаланилмаган бўлса, уларни мақсадли деб эътироф этиш мумкин эмас ва фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромадга киритиш зарур.

Бундан ташқари, хайр-эҳсон қилинган мулкдан хайр-эҳсон қилувчининг розилигисиз бошқа мақсадда фойдаланиш хайр-эҳсон қилувчига, унинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисига хайр-эҳсонни бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради (ФК 511-м. 7-қ.).

 

СКнинг 48-моддаси 6-қисмида нотижорат ташкилотларни таъминлаш ва уларнинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга йўналтириладиган мақсадли тушумлар рўйхати келтирилган. Хусусан, уларга:

ННТ муассисларининг, иштирокчиларининг, аъзоларининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун ва ташкилотнинг уставига мувофиқ амалга оширилган бадаллари;

● хайр-эҳсон, яъни умумфойдали мақсадларда ҳадя (ФК 511-м.)

● хайрия фаолиятини амалга ошириш учун олинган маблағлар ёки бошқа мол-мулк;

● уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун берилган бюджет маблағлари;

● нотижорат ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ улар томонидан тузилган солиқ тўловчи бўлган таркибий бўлинмалардан бепул олинган маблағлар;

● уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун диний ташкилотлар томонидан олинган мол-мулк киради.

 

Эслатиб ўтамиз

Ҳомийлик (ҳомийлик фаолияти) – бу юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий беғараз ёрдами (фаолияти). У ҳомийлик мақсадларида бошқа шахсларга мол-мулкни (шу жумладан – пул маблағларини) қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланади («Хайрия тўғрисида»ги Қонуннинг 3-м. 4-хатбошиси).

 

Бинобарин, агар ННТ томонидан олинган мақсадли маблағлар Солиқ кодексида белгиланган талабларга мувофиқ келса, улардан мақсадига биноан фойдаланилган тақдирда, солиқ солиш мақсадида даромад ҳисобланмайди.

 

Олег ЦОЙ,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 189 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика