Norma.uz

Ахлат учун қандай тўланади: прописка жойи бўйичами ёки яшаш жойи бўйичами?

 

Мен бир манзилда пропискадан ўтганман, лекин бошқа манзилда яшайман. Менга ҳар иккала жойда ахлат учун ҳақ ёзишади.

Шу иш адолатданми? Прописка қилинган жойимда мен 3 йилдан буён яшамайман. Шундай экан, мен чиқинди чиқармаган бу жойимда нима учун пул тўлашим керак?

Ахлат учун ҳақ қай тарзда тўланади: прописка жойи бўйичами ёки ҳақиқатда яшаётган жойи бўйичами?

Бу масала қайси ҳужжатлар билан тартибга солинади? 

 

– Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар ҳақи ҳақиқатда истиқомат қилаётган жой бўйича тўланади. Бу масалан Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари (6.02.2019 йилдаги 95-сон ВМҚга 1-илова) билан тартибга солинади.

Агар, абонент манзили бўйича ҳеч ким истиқомат қилмаган ёки кам шахслар истиқомат қилган тақдирда, у Санитар тозалаш маркази ёки унинг мутахассисига абонент тўғрисидаги маълумотга тузатишлар киритиш учун мурожаат қилишга ҳақли. Абонент фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тасдиқланган, ҳақиқатда истиқомат қилувчи шахслар тўғрисидаги далолатномани илова қилади. Маҳалла қўмиталари одатда далолатнома олдиндан уй боши ва бир қанча қўшнилар томонидан тасдиқланган бўлишини талаб қилишади. Шундан кейин Санитар тозалаш маркази далолатномани олган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига тегишли тузатишлар киритади ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилади (Қоидаларнинг 38-б.).

Умуман олганда, пойтахтимизда кўп квартирали уйларда пропискадан ўтган ва уларда яшаётганларнинг аниқ ҳисобини юритиш анча мушкул. Уларнинг миқдори мунтазам ўзгариб туради. Иккиламчи уй-жой фондида уй ёлловчилар, меҳмонлар кўпчиликни ташкил этади. Айримлар шаҳарга келади, бошқалари чиқиб кетади ёки бир киши пропискадан ўтган бўлса-да, беш киши ёхуд ундан ортиқ одам вақтинча рўйхатдан ўтмаган ҳолда ҳам яшайверади. Аслида аҳолининг бу қадар кўп ҳаракатланиши, кўчиб юриши жараёнини қамраб олиш мумкин бўлмаса керак. Шунинг учун бизда ахлат учун ҳақ тўлаётганлардан кўра яшаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

Бинобарин, Қоидаларнинг 6-бобида жисмоний шахслар – қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларни тўловчиларни ҳисобга олиш тартиби назарда тутилган. Абонентлар ҳисобини олиб бориш Санитар тозалаш марказлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда амалга оширилади. Маълумотлар Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига тақдим этилади (Қоидаларнинг 35, 36-бандлари).

Ҳужжатдан келиб чиқилганда, квартирада пропискадан ўтганлар-яшовчилар ҳақидаги ахборотни йиғиш ва унинг тўғрилигига доир асосий юк маҳалла қўмиталари зиммасига юкланади. Улар ҳар ойнинг 5-санасига қадар Санитар тозалаш марказига ҳақиқатда истиқомат қилувчи шахслар бўйича маълумот тақдим этиб борадилар. Хусусан, абонент билан бирга истиқомат қилувчи, кўчиб келган ёки кўчиб кетган шахслар, абонентнинг манзили бўйича бир ёки бир нечта бирга истиқомат қилувчи шахслар сонининг ўлим, туғилиш, кўчиб келиш ёки кўчиб кетиш (шу жумладан вақтинча) билан боғлиқ ўзгаришлар ва ҳ.к. кўрсатилади. Маҳалла ҳудудида бир неча ўн минглаб кишилар истиқомат қилиши мумкин. Маҳалла идорасида эса 5–6 киши ишлайди. Бу ишни улар уддалай олишармикин? Тўғрисини айтганда, уддалай олишмайди. Шунинг учун унчалик жиддий киришмайдилар ҳам бу ишга. Бунинг натижасида бизда ҳақиқатда яшаётганларнинг ишончли ҳисоби мавжуд эмас ва ҳали-бери бўлмаса ҳам керак. Мана шунинг оқибати ўлароқ, кўпинча квартирада 2 нафар киши пропискадан ўтган бўлади, хизматлар учун тўлов ҳақини эса тўрт киши учун ҳисоблашади. Масалани ойдинлаштириш учун бу икки нафар одамни қаердан олдинглар, деб сўрасангиз: «Қўшнингиз айтди» дейишади. Ёки аксинча. Квартирада бир киши пропискадан ўтган, аслида эса 8 нафар меҳмон ёки ижарачилар 2 йилга кўчиб келган. Ахлат учун тўловни эса бир киши номидан тўлашади. Маҳалла қўмитаси маълумотларни Санитар тозалаш марказига жўнатади, Марказ эса, ўз навбатида, уларни Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига юборади. Амалиётда қандай бўлаётгани турмушимиздан аён.

Ҳисобга олинмаган абонентлар ёки уйдагилар билан бирга бир квартирада яшаётган шахслар бўлса нима қилиш керак? Бу ҳолда қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинади. Қайси пайтдан бошлаб ҳисоб-китоб қилинади? Қоидаларнинг 37-бандида ҳақиқатда истиқомат қилувчи шахслар сони ортган (кўчиб кириш, туғилиш ва шу кабилар) вақтдан бошлаб тўлиқ қайта ҳисоблаб чиқилиши назарда тутилган. Бу далил фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки Санитар тозалаш маркази ходими томонидан тузилган далолатнома; ички ишлар органлари томонидан доимий яшаш жойи (шу жумладан вақтинча турган жойи) бўйича рўйхатга олинганлигининг тасдиғи; фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг туғилганликни қайд этиш тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар билан тасдиқланади. Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолатларда эса – ўтган 3 ой учун ҳисоб-китоб қилинади.

Прочитано: 737 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2020-12-03 09:58:05, Гость_абдурауф андижондан:
№44 сон учун. Ахлат (каттик) ташиши муаммоси жуда куп.Уни ташиш билан шугулланувчи "ТОЗА худуд" да аник руйхатлар мавжуд эмас.Шунинг учун юкоридаги холат хамма республикамиз махаллаларида аралаш куралаш булиб кетган. Масалан мени хам 2 ерда яшайди деб нореал карзлар киритишган, келган инспекторга бу мауаммони хал этинг сунгра хак тулайман деб айтганимдан сунг у кайтиб келмади!? Кейинги холатга утсак биз уйимизда 10 жонмиз, кишлокда яшаймиз, асосан бир йилда бир марта бахорда печка кулини топширамиз, колган ойларда 1 ойда 1 коп (1 йилда 12 коп) ахлат чикади, Шунга хар ойда 20000-30000 сумдан тулов тулаш шартми? Таърифларга узгартириш вакти келмадимикин?

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика