Ҳарбий хизматчиларнинг аёллари турмуш ўртоқларининг хизматни ўтаган жойларида уларнинг ишга жойлашишининг имкони бўлмаган тақдирда бирга яшаган вақтлари, стажга қўшилади деб эшитдим.
Шу тўғрими?
– Ҳа, шундай, бироқ айрим шартлари мавжуд. Офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчиклар, мичманлар ва муддатидан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақти, бироқ 10 йилдан ортиқ бўлмаган муддат иш стажига қўшилади (Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «з» банди).
Бунинг учун ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этиш лозим.
Хизмат Ўзбекистон ҳудудида ўталган ҳолларда ушбу маълумотнома Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий органи томонидан берилади, хизмат чет элда ўталган тақдирда эса ҳарбий хизмат ўталган жой бўйича юқори ҳарбий қисмлар, муассасалар, ҳарбий-ўқув (ўқув) муассасалари командирлари (бошлиқлари) томонидан берилади (252-сон Низомнинг 68-банди)