Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 40 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

Мамлакатда илғор хорижий тажриба асосида солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда солиқ тўловчиларнинг солиқ органлари билан ўзаро муносабатларида шаффофликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга солиқ маслаҳати давлатнинг янги солиқ сиёсатини самарали амалга оширишнинг профессионал институти ва солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш масалаларида солиқ тўловчиларнинг ишончли ёрдамчиси сифатида етарлича шаклланмаган.

Давлат томонидан тартибга солиш, солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, улар касбининг ҳуқуқий мақоми ва нуфузини мустаҳкамлаш, солиқ тўловчилар ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ маслаҳатчилари ташкилотларига:

давлат солиқ ва божхона хизмати органлари билан муносабатларда солиқ тўловчининг манфаатларини ифодалаш;

солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этиш;

давлат солиқ хизмати органларининг талабномаларида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида хулосаларни солиқ тўловчи номидан давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш бўйича қўшимча ҳуқуқлар берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасининг (кейинги ўринларда – Палата) 2021 йил 1 январдан Молия вазирлигининг қуйидаги функцияларини Палатага ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш;

солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш;

солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш;

солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритиш.

3. Молия вазирлиги:

а) Палатага қуйидаги масалаларда кўмаклашсин:

солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш курсларини, шу жумладан, масофадан ўқитиш шаклида ташкил этиш;

солиқ маслаҳатчиларининг малака имтиҳонларини тайёрлаш ва ўтказиш;

б) ўзининг расмий сайтида солиқ маслаҳатчилари реестрини жойлаштириш ва мунтазам равишда янгилаб боришни таъминласин.

4. Белгилансинки, солиқ маслаҳатчиси адвокатлик тузилмалари, аудиторлик ташкилотлари, шунингдек, бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматларни кўрсатувчи бошқа юридик шахсларнинг штатида меҳнат фаолиятини олиб борган тақдирда, солиқ маслаҳати бўйича фаолиятда уч йил мобайнида иштирок этмаганлиги учун унинг малака сертификати амал қилишини тугатишга йўл қўйилмайди.

5. Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Палатанинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқлар бўйича хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари рўйхатини (кейинги ўринларда – Рўйхат) юритиш;

«таваккалчиликни таҳлил қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида аниқланадиган, йиллик айланмаси охирги уч йил мобайнида 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар (таваккалчилик даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно) ихтиёрий тугатилганда Рўйхатга киритилган солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг солиқлар бўйича хулосалари солиқ органлари томонидан тан олиниши.

6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 1 январдан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтида «солиқлар ва солиққа тортиш» ҳамда «бухгалтерия ҳисоби ва аудит» йўналишлари бўйича 4-курс бакалавриатининг ўқув дастурларига «солиқ маслаҳати» фани киритилишини таъминласин.

7. Палата Молия вазирлиги билан биргаликда:

а) бир ой муддатда солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув дастурини тасдиқласин. Бунда давлат солиқ хизмати органларида иш стажига ва (ёки) аудитор сертификатига эга бўлган талабгорлар учун ўқув дастурини оптималлаштириш назарда тутилсин;

б) икки ой муддатда:

ўқув жараёнига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқсин ва солиқ маслаҳатига ўқишни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан уларга риоя қилиниши устидан мониторинг олиб борсин;

масофадан ўқитиш шаклидаги солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш курслари ташкил этилишини таъминласин.

8. Солиқ маслаҳатчиларига судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларида солиқ солиш, солиқ органларининг ҳужжатлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ва (ёки) ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситалари, аудио ва видео ёзиш қурилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилсин.

9. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни киритсин:

а) икки ой муддатда:

Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни;

б) уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Рўйхатни юритиш ва солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқларга доир хулосаларни бериш тартибини:

ўз фаолиятини бир йилдан ортиқ муддат давомида амалга ошираётган ва штатида камида бир йиллик солиқ маслаҳатчиси стажига эга солиқ маслаҳатчилари бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотларини Рўйхатга киритиш;

солиқларга доир берилган хулоса доирасида ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятлари солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари томонидан яширилганлиги ёки қасддан бузиб кўрсатилганлиги ҳолатлари солиқ органлари томонидан аниқланганда уларни Рўйхатдан чиқариш;

Рўйхатни Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида жойлаштириш ва мунтазам равишда янгилаб бориш;

в) 2021 йилнинг 1 апрелига қадар солиқ маслаҳати соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг асосий қоидаларини белгиловчи ҳамда самарали фаолият кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари институтини шакллантиришга имкон берувчи янги таҳрирдаги «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2020 йил 30 сентябрь

ПҚ-4846-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.09.2020 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 528 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика