Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 40 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг асосларини мустаҳкамлашга, бозор иқтисодиётини ривожлантиришга, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва фуқароларнинг фаровонлигини яхшилашга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қонунчиликдаги тизимли ўзгаришлар билан боғлиқ жадал ривожланиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ортишига олиб келди. Қонунчилик ҳужжатларининг тарқоқлиги амалиётда уларни тушунишни қийинлаштиришга, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга, ҳаддан ташқари тартибга солиш ва бюрократияга сабаб бўлмоқда.

Мамлакатда сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар институционал-ҳуқуқий базани янгилашни, амалга оширилаётган чуқур ўзгаришларни инобатга олган ҳолда эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилишни тақозо этмоқда.

Ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, энг аввало тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтириш, норматив-ҳуқуқий базанинг тизимлилигини ва комплекслилигини таъминлаш мақсадида ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар билан биргаликда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, натижада 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқараётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 ва 2-иловаларга** мувофиқ эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ҳамда айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда хатлов натижасида аниқланган Ҳукуматнинг 2 мингдан ортиқ эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қарорларини танқидий қайта кўриб чиқиб, тегишли ҳужжатларни бекор қилиш бўйича таклифларни икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Адлия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий хусусиятга эга бўлган ҳужжатларини улар томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлашнинг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш;

янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий этиш ҳамда аввал қабул қилинган бундай қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш, шунингдек, тадбирлар ўтказишни ташкил этиш юзасидан қабул қилинган ҳужжатларини тегишли йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий қилиш;

эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, бюрократик тўсиқ ва ғовларни, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқарувчи ҳужжатларни аниқлаш мақсадида қонунчилик базасини хатловдан ўтказишни давом эттириш ҳамда хатлов натижасида аниқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ва тарқоқ ҳолда тартибга солинаётган ижтимоий муносабатларни тизимлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 июнга қадар барча амалдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ташаббус кўрсатган ҳолда, тизимлаштириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизмини жорий этиш ишлари амалга оширилиши ташкил қилсин.

4. Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгилансин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан идора ва ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдончадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш «E-Qaror» ягона электрон тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;

муаммо таҳлили, уни ҳал этиш йўллари, рақобатга таъсирини баҳолаш, янги тартибга солиш воситаларини жорий этишнинг эҳтимолий оқибатларини прогнозлаш ва баҳолаш, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таҳлил қилиш назарда тутувчи тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича таҳлилий материаллар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш босқичларида лойиҳага илова қилинади;

Адлия вазирлиги ҳар йили мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот тайёрлаб, уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

6. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бир ой муддатда ўзларининг марказий аппаратлари тузилмасида белгиланган штат бирликлари доирасида тартибга солиш таъсирини баҳолашга масъул ходимларни белгиласин.

7. Адлия вазирлигининг ўз марказий аппарати тузилмасида адлия органлари ва муассасалари бошқарув ходимларининг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 10 та штат бирлигидан иборат Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармасини ташкил этиш ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлардаги тартибга солиш таъсирини баҳолашга масъул бўлган ходимларининг малакасини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўриш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

коррупциянинг келиб чиқишига шароит яратаётган қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллашдаги коррупциявий хавфларни таҳлил қилиш.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6019-сон Фармони билан бюрократик тўсиқларни камида 30 фоизга қисқартиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ялпи хатловдан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Адлия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва «Тараққиёт стратегияси» марказининг тартибга солиш юкини камайтириш доирасида гуруҳ бўлиб ишлаш технологияларини такомилга етказиш ва ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) қуйидагиларни назарда тутувчи «очиқ платформа» (open platform)ни ишга тушириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

жамоатчилик, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик, шу жумладан қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларини амалга ошириш доирасида қайта алоқа механизмларини жорий этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари билан тематик онлайн учрашув ва муҳокамалар ўтказиш бўйича ташаббус кўрсатиш;

қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсирини баҳолашда «краудсорсинг» имкониятларидан фойдаланиш, шу жумладан онлайн сўровномалар ўтказиш.

9. Адлия вазирлиги:

а) манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда тегишли идораларнинг фаолият йўналишларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш бўйича «йўл харитаси»ни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;

б) Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар норма ижодкорлиги фаолиятида фойдаланиш мақсадида миллий қонунчиликка имплементация қилиниши зарур бўлган халқаро шартномалар талаблари ҳамда халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари бўйича очиқ маълумотлар базасининг шакллантирилишини таъминласин;

в) 2021 йил 1 январга қадар қуйидагиларни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш чораларини кўрсин:

базадаги мавжуд қонунчилик ҳужжатларини мазкур Фармон талабларига мувофиқлаштириш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда оператив, ташкилий ва бошқа хусусиятга эга ҳужжатларни алоҳида жойлаштириш;

норма ижодкорлиги фаолияти учун қулайликлар яратиш, шу жумладан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатларни алоҳида жойлаштириш.

10. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фанлар академияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик талабларига амал қилган ҳолда илмий ва эксперт доиралари вакиллари, илмий даражалар олиш учун талабгорларнинг илмий-таҳлилий фаолияти натижасида ишлаб чиқилган таклифларни оммавий онлайн ахборот тизимида мажбурий акс эттириш механизмини жорий этсин.

11. Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишли вазирлик ва идораларнинг мурожаатларига асосан давлат илмий-техник дастурлари доирасида амалий илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар танловида тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини илмий-амалий тадқиқ этишга оид мавзуларни мунтазам эълон қилиб борсин.

12. Ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида бир ой муддатда:

адлия вазири (Р.Давлетов), иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари (И.Норқулов) ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси (Н.Шарипов) – ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида онлайн режимда мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказсин, шунингдек, тартибга солиш таъсирини баҳолаш методологиясининг, шу жумладан халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, ўқитилишини ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин;

адлия вазири (Р.Давлетов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси (Н.Шарипов) ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори (Э.Туляков) – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) «очиқ платформа» ташкил этилиши ва узлуксиз ишлашини ҳамда унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида жамоатчилик, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича чоралар кўрсин.

13. Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.

14. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 27 сентябрь

ПФ-6075-сон.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 28.09.2020 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 1–2-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 1025 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика