Norma.uz

Қурилиш: коррупциянинг олдини олишда хорижий давлатлар тажрибаси қандай?

 

Мамлакатимиз бугунги кунда жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Ялпи ички маҳсулот ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш давлат раҳбари томонидан иқтисодий сектор вакилларига қўйилаётган энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу вазифаларни самарали бажариш учун эса аввало коррупцияни бартараф этиш лозим бўлади.

 

Қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг барча секторлари учун локомотив вазифасини ўтайди. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўйи ва жозибадорлигини ушбу юртда мавжуд бўлган энг машҳур архитектура намуналари кўрсатиб беради. Прогнозларга асосан, дунё бўйлаб капитал-қурилиш соҳасига ажратиладиган маблағлар ҳажми 2025 йилга келиб 70 фоизга ўсади ҳамда 14 трлн АҚШ долларига етади.

 

БМТ барқарор ривожланиш дастури, Европа комиссияси, Жаҳон банки, «Transparency international», «GIACC» каби халқаро ташкилотлар қурилиш соҳаси иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа секторлари орасида энг коррупциялашганини таъкидлайди.

2020 йилнинг апрель-май ойларида Бухоро ва Сирдарё вилоятларида бўлган воқеалар ҳам бажарилаётган ишларнинг сифатини очиқ кўрсатиб берди.

Қурилиш соҳасида коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш юзасидан муайян бир расмий халқаро ҳужжат мавжуд эмас. Шунга қарамасдан, БМТ, Жаҳон банки, «Transparency international» ва бир қатор бошқа халқаро нотижорат ташкилотлари томонидан соҳада коррупцияни камайтиришга қаратилган таҳлилий ҳужжатлар тузиб чиқилган.

Жумладан, БМТнинг 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш дастури (UNDP)га 17 та мақсад киритилган бўлиб, улардан 16 мақсад тинч, адолатли ва таъминланган жамият қуришни ўз ичига олади. Бунда 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш дастурини рўёбга чиқариш учун бугунги кунда ҳар йили бир неча трлн долларлаб маблағларни «ўғирлаётган» жаҳон капитал-қурилиш тизимидаги коррупция бартараф этилиши лозим бўлган энг муҳим муаммолар сирасига киритилган. Соҳада коррупцияни бартараф этиш ҳамда шаффофликни тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни муваффақиятли олиб бораётган халқаро ташкилотлардан бири сифатида «CoST» халқаро шаффоф қурилиш дастурини олиш мумкин. Мазкур дастур 2012 йилдан бери фаолият олиб боради. Бугунги кунда 15 та мамлакат билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиб келмоқда. Тадбирлар давомида соҳада коррупцияни бартараф этиш учун давлат харидларини амалга ошириш юзасидан олиб борилган барча маълумотларни ошкор қилиш ҳамда тендер (танлов) жараёни ва натижалари барча учун очиқ бўлиши тавсия қилинган.

Мазкур ташкилот томонидан унга аъзо бўлмаган давлатлардаги фуқаролар учун қурилиш тизимида коррупциянинг олдини олишга қаратилган алоҳида қўлланмалар ишлаб чиқилган. Ташкилотга аъзо давлатларга эса йирик қурилиш объектларида ўзининг қўшимча аксилкоррупцион экспертизасини таклиф қилади. Бундай амалий тадбирлар айрим давлатлар учун бюджет маблағларини сақлаб қолишга сабаб бўлган.

Жумладан, ташкилот экспертлари томонидан Гватемалада давлат органи мансабдор шахслари томонидан аслида барқарор турган кўприкни таъмирталаб ҳолатда деб кўрсатиб, унда 5 млн АҚШ доллари миқдоридаги қурилиш-таъмирлаш ишларини фавқулодда тез тартиб-таомиллардан фойдаланиб, танловсиз таниш бўлган пудратчига топширилгани аниқланган. Натижада шартнома бекор қилиниб, бюджет маблағлари сақлаб қолинган.

Мазкур ташкилот ННТ сифатида капитал-қурилиш тизимида жамоатчилик назоратини амалга оширишини, барча даражадаги мансабдор шахсларга маҳаллий ОАВдан кўра самарали босим ўтказа олишини ҳамда маҳаллий пудратчи ташкилотларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келишини таъкидлаб, аъзо бўлмаган давлатларни ҳамкорликка чақирган. Юртимизда ҳам шу каби ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Соҳада шаффофликни тарғиб қилувчи халқаро дастурлардан яна бири сифатида 2012 йилда Жаҳон банкидан алоҳида дастур сифатида ажралиб чиққан «Open contracting partnership» дастурини олишимиз мумкин. Мазкур ташкилот давлат органлари, ташкилот, идора ва муассасалар ҳамда давлат эгалигидаги корхоналар томонидан ўтказилган ҳар қандай давлат харидларини интернет тармоғида очиқ эълон қилиб боришни тарғиб қилади. Бугунги кунга қадар ушбу ташкилот дастурини 30 дан ортиқ давлат имплементация қилган бўлиб, мазкур давлатлар томонидан ушбу ташаббус юқори даражада баҳоланган.

Дастурнинг асосий қоидаларидан бири капитал-қурилиш соҳасида давлат харидларини амалга оширишда, ер танлаш, лойиҳа ишларини олиб бориш, экспертизадан ўтказиш, тендер савдоларини ўтказиш, пудратчи билан шартнома тузиш, қурилиш ишларини олиб бориш ҳамда объектни қабул қилиш жараёнида расмийлаштириладиган барча ҳужжатларни онлайн платформада битта ҳужжатлар пакетига йиғиш ҳамда жамоатчиликка эълон қилиш ғояси саналади. Шунингдек, дастур томонидан эълон қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати, ушбу ҳужжатларнинг барча давлатлар учун ягона намуналари ҳамда мазкур ҳужжатларда кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати ҳам ишлаб чиқилган.

Капитал-қурилиш тизимида коррупцияни бартараф этиш билан глобал даражада шуғулланувчи махсус халқаро ташкилотлар сони у қадар кўп эмас ва уларнинг аксарияти ХХ асрнинг бошларидагина фаолиятини бошлаган. Улар орасида энг биринчилардан бири сифатида 2008 йилда британиялик икки адвокат томонидан ташкил этилган Қурилишда коррупцияга қарши кураш глобал марказини кўрсатиш мумкин. Мазкур ташкилот томонидан капитал-қурилиш соҳасида 12 та коррупцияга қарши кураш бўйича минимал стандартлар эълон қилинган. Улар орасида шаффофлик ва қулай ахборот қидирув тизимини ташкил қилиш, ички ва ташқи аудит ҳамда комплаенс-назорат тизимларини жорий этиш мавжуд.

Юқорида қайд этилган стандартлар капитал-қурилиш соҳасининг ҳам давлат, ҳам нодавлат сектордаги субъектларига қаратилган умумий стандартлар бўлиб, уларнинг кўпчилиги у ёки бу шаклда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидан ўрин олган. Шу ўринда юқоридагилардан «комплаенс назорат» тизимини жорий қилиш бўйича ўрнатилган стандарт ҳам миллий қонунчилигимиздан ўрин олиши коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш учун хизмат қилган бўлар эди.

Хорижий экспертлар томонидан соҳада коррупциянинг олдини олиш юзасидан берилган тавсияларда одоб-ахлоқ қоидаларига тааллуқли тавсияларни кўп учратиш мумкин.

Масалан, дунёнинг коррупцияга қарши кураш бўйича етакчи ташкилотларидан бири бўлган «Transparency international» ташкилоти томонидан қурилиш соҳасида давлат харидларини олиб борадиган ҳар қандай орган ёки ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш бўйича қатъий қоидаларни ўз ичига олган одоб-ахлоқ қоидаларини тузиб чиқишлари ва унинг ичига манфаатлар тўқнашуви, коррупция тўғрисида хабардор қилиш ҳамда хабар берган шахсларнинг ҳимоясини таъминлашнинг механизмларини яратишлари лозимлиги белгиланган.

Юқоридаги аксарият фундаментал талаблар бўйича юртимизда бирор-бир амалиёт мавжуд эмас.

Жумладан, капитал-қурилишда давлат назоратини олиб борувчи орган ҳамда корхоналарда ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилмаган бўлиб, бу борада идораларда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида ходимларга йиғилиш ўтказиб, уқтириш ва йиғилиш баёни тузган ҳолда расмийлаштириш каби самарасиз ҳамда кўзбўямачиликка асосланган амалиёт сақланиб қолган.

Қолаверса, қурилиш соҳасида жамоатчилик назорати ҳамда шаффофлик институтларини қўллаш ўрнига тендер (танлов) савдоларини ўтказишда талабгорларнинг таклифларини ўрганиш ва баҳолаш, шунингдек, тендер ғолибини аниқлаш ёпиқ йиғилишларда ўтказилиши ҳамда таклифларни ўрганиш ва баҳолашга оид ахборот ошкор қилинмаслиги талаблари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан буюртмачиларга «намуна» қилиб берилганини қандай тушуниш мумкин?

«Transparency international» халқаро ташкилотининг халқаро инвесторлар орасидаги нуфузини ҳамда ундаги коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон Республикаси 180 та давлат орасида 153 ўринни эгаллаганлигини инобатга олиб, соҳадаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ҳамда буюртмачи хизмати функциясини бажарувчи барча компанияларда юқорида назарда тутилган одоб-ахлоқ қоидаларини тузиб чиқиш мажбуриятини юклаш, тендер савдоларида жамоатчиликнинг иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда тендер савдолари натижаларини жамоатчилик учун очиқ эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Миршод Хўжаев,

Бош прокуратура академияси

магистратура тингловчиси.

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 532 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика