Сентябрь ойида бухгалтерлар янги Низом (ВМнинг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарорига 2-илова) талабларини ҳисобга олган ҳолда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар кўрсаткичлари инобатга олинадиган ҚҚС бўйича ҳисоботни илк бор топширадилар. Ушбу талабларни ҳисобга олган ҳолда ЭҲФни шакллантириш бўйича, шунингдек 15–16 августда эски шакллар бўйича тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни қайта расмийлаштириш керакми, деган саволлар юзага келмоқда. Эски шакллардан фойдаланиб расмийлаштирилган ЭҲФни нима қилиш керак?
ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази етакчи мутахассиси Нодир МУҲАММАДОВ buxgalter.uz илтимосига кўра шу ва бошқа саволларга жавоб берди.
– Низом 15 августдан кучга кирган, унинг талабларига мувофиқ келадиган шаклларнинг ўзи эса операторимизда ўша куни кечга яқин пайдо бўлган. Аввалги шаклларни қўллаган ҳолда тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни нима қилиш керак, ниманидир ўзгартириш зарурми?
– Ҳисобварақ-фактуралар шаклларига киритилган ўзгартиришлар ҚҚС бўйича ҳисоботнинг автоматик равишда топширилишига, солиқ маъмуриятчилиги нуқтаи назаридан муҳим бўлган бошқа жараёнларга ҳам таъсир кўрсатмайди. Улар бухгалтерларга янада қулайлик яратиш учун ишлаб чиқилган. Шу сабабли кўрсатилган давр учун тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни улар расмийлаштирилган кўринишда қолдириш мумкин.
– Ҳисобварақ-фактураларнинг янги шаклларида корхона реквизитлари автоматик равишда қайд этилади. Тўсатдан эскирган маълумотлар кўрсатилса, нима қилиш керак?
– Аслида бундай бўлиши мумкин эмас. Муайян реквизит ўзгарган тақдирда тадбиркорлик субъектлари 10 кун муддат ичида Т8 шаклини (Низомга 9-илова, АВ рақами 2600, 10.07.2014 й.) тўлдиришлари ва уни юридик шахснинг шахсий кабинетидаги «Солиқ органларига мурожаат қилиш» тугмачасини босиб ДСИга юборишлари ёхуд ўзлари бориб топширишлари керак.
Раҳбар ва бош бухгалтер тўғрисидаги маълумотларга ўзгартиришлар киритиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Ҳисоб маълумотларини ўзгартириш» тугмачасидан ҳам фойдаланиш мумкин.
ЭҲФ шаклини тўлдираётганда тўсатдан эски ахборот чиқиб қолса, муаммони тезкор ҳал қилиш учун уни қўлда тузатиш имкони бор. Бунинг учун маълумотларига тузатиш киритилиши керак бўлган сатрга курсорни олиб бориб, янгиларини киритинг.
– Низомда акциз солиғи ҳисобга олинмаган ҳисобварақ-фактуралар шакллари келтирилган. Ушбу солиқни тўловчилар нима қилишлари керак?
– Акциз солиғи тўловчилари ҳисобварақ-фактурада акциз солиғи ставкаси ва акциз солиғи суммасини кўрсатишлари шарт (Низом 15-б.). Бунинг учун барча ЭҲА операторларида тасдиқланган шаклга керакли устунларни қўшиш имконини берадиган функционал мавжуд. Акциз солиғи тўловчилари шаклни ўзларига мослаштириш учун махсус дарчага белги қўйишлари керак. Операторингиз call-марказидан батафсил маслаҳат олишингиз мумкин.
Низомга 1-иловада барча солиқ тўловчилар учун мажбурий бўлган ҳисобварақ-фактура шаклининг асосий қисми акс эттирилган.
– Низомнинг 15-бандида айтилишича, маркировкаланадиган товарлар реализация қилинганда ҳисобварақ-фактурада маркировкалаш коди кўрсатилиши шарт. Ушбу функционал қандай ишлайди?
– Ушбу опция ишлаб чиқиш босқичида турибди, яқин ойларда ундан фойдаланиш имкони яратилади. У жорий этилганидан сўнг қандай ишлаши ҳақида гапириш мумкин бўлади. Бухгалтер ҳисобварақ-фактураларда маркировкалаш кодини кўрсатиши керак бўлади – бу товарларни реализация қилиш босқичлари устидан мониторингнинг аниқлигини ошириш учун зарур.
Маркировканинг жорий этилиши солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш йўналишларидан бири ҳисобланади («Йўл харитаси»нинг 8-б., 10.07.2019 йилдаги ПҚ-4389-сон қарорига 2-илова). У босқичма-босқич жорий этилади. Рўйхатда биринчи бўлиб сигарета ва алкоголь қайд этилган (ВМнинг 23.11.2019 йилдаги 944-сон қарори).
Олег ГАЕВОЙ суҳбатлашди.