Коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳозирги мураккаб даврга қарамай, божхона хизмати ходимлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда товарларнинг экспорт-импорт операцияларини тезкорлик билан, соддалаштирилган тартибда амалга ошириб келмоқда. Республикамиз божхона чегара постлари орқали товарларнинг кириб келиши ва чиқиб кетиши 24 соат мобайнида давом этмоқда.
Экспорт салоҳияти
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 8 ойи давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган экспорт ва импорт товарларининг ташқи савдо айланмаси 811,2 млн АҚШ долларини ташкил этган. Мазкур даврда вилоят экспортёрлари 170,9 млн АҚШ доллари қийматига эга товарларни 50 та давлатга экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг тегишли даврига нисбатан 221,11 млн АҚШ долларига ёки 21,42%га камайган. Ҳисобот даврида сальдо манфий кўрсаткичга эга бўлиб, 469,20 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан четга кўпроқ мева-сабзавот, тўқимачилик, озиқ-овқат, калава ип, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, ҳайвонлар учун озуқалар, пойабзал маҳсулотлари чиқарилган.
Импорт имкониятлари
Таҳлил этилаётган даврда умумий қиймати 640,2 млн АҚШ долларига тенг бўлган товарлар импорт қилинган бўлиб, булар асосан технологик асбоб-ускуналар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, металл ва улардан тайёрланган буюмлар, тиббиёт ва фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ҳамда пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлардир.
Импорт маҳсулотлари кўпроқ Хитой, Россия Федерацияси, Туркия, Қозоғистон, Япония, Словения ва Германия каби давлатлардан олиб келинган. Мазкур товарлардан давлат бюджетига қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 649,6 млрд сўмлик божхона тўловлари ундирилган.
Ҳисобот даврида вилоятда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 315,6 млн АҚШ долларлик асбоб-ускуналар олиб кирилиб, «Эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимига расмийлаштирилган ва божхона тўловларидан 572,1 млрд сўм имтиёзлар қўлланилган. Мазкур асбоб-ускуналарнинг 45,65 млн АҚШ доллари миқдоридаги қисми бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган. Шунингдек, ТИФ қатнашчиларига 1 трлн 171,2 млрд сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Экспорт-импорт операцияларига кетадиган вақтни янада қисқартириш ва божхона расмийлаштируви жараёнини янада соддалаштириш мақсадида божхона соҳасига жорий қилинган «Хавфни бошқариш тизими»нинг самарали фаолияти натижасида битта БЮДни «экспорт» божхона режимига расмийлаштириш учун ўртача 38 дақиқа вақт сарфланаётган бўлса, «импорт» божхона режимида эса бу вақт 2 соату 7 дақиқани ташкил этмоқда. Жорий йилнинг 15 сентябрь ҳолатига мазкур тизим орқали жами 27 826 та БЮД тегишли йўлакларга тақсимланган бўлиб, шундан 28,8% (8 016 та БЮД) «яшил» йўлак орқали, 39,7% (1 1057 та БЮД) «сариқ» ҳамда 31,5% (8 753 та БЮД) «қизил» йўлаклар орқали расмийлаштирилган. Мазкур БЮДларда аниқланган 239 та хавфларни минималлаштириш чораларини кўриш натижасида давлат бюджетига 1 млрд 630 млн сўмдан ортиқ қўшимча божхона тўловлари ундирилган.
Қонунбузарликлар аниқланмай қолмайди
Маълумки, товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 344 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилиб, натижада жами 3 млрд 82 млн сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан 14 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 301 таси бўйича маъмурий ишлар юритилган.
Шу маънода божхона органлари олдига қўйилган долзарб вазифалардан бири 2021 йил 1 январдан эътиборан «Божхона аудити» ахборот тизимининг жорий этилишидир. «Божхона аудити» ААТнинг ишга туширилиши «яширин иқтисодиёт»ни қисқатиришда ва тадбиркорларга қулайликлар яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Божхона тизимида мазкур амалиётнинг жорий этилиши натижасида юкларни ялпи божхона назоратидан ўтказишга асосланган текширишлардан воз кечилади. Яъни, «Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали «кўк йўлак»ка йўналтирилган ҳамда шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назорат амалга оширилади. Оддий қилиб айтганда, тадбиркорлар томонидан импорт қилинган товарлар қисқа фурсатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, чиқариб юборилади. Кейинчалик «Божхона аудити» дастури таҳлил усуллари орқали хавф объектини танлаб олиб, текшириб кўриш юзасидан топшириқ беради.
Бу эса ҳалол тадбиркорларга кенг имкониятлар бериб, товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни янада қисқартиради. Ва аксинча, қонунчилик талабларини бузишга уринган ноҳалол тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўлақонли божхона назоратини назарда тутади.
Бугунги синовли кунларда халқ дардини тинглаш, уларни қийнаб келаётган муаммолардан хабардор бўлиш, бу муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан брифинглар ҳамда вилоят телерадиокомпаниясининг «Очиқ мулоқот» кўрсатувида тўғридан-тўғри чиқишлар уюштирилди.
Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати подполковниги.