Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 38 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Меҳнат мигрантлари ўқитилади ва уларга молиявий ёрдам кўрсатилади

 

Президентнинг 15.09.2020 йилдаги ПҚ-4829-сон қарори билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилади.

 

Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб:

биринчидан, хорижга чиқиб кетаётган шахслар ишга юборилишидан олдин касб-ҳунарга ўқитилади. Хорижий иш берувчининг малака талабларига жавоб берадиган шахслар бундан мустасно. Касб-ҳунарга ўқитиш давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида амалга оширилади.

Меҳнат миграциясига чиқиб кетаётган шахсларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш учун маҳаллаларда «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этилмоқда. Ҳудудларда қўшимча равишда коллеж ва техникумларнинг биноларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари очилади (11.08.2020 йилдаги ПҚ-4804-сон). Уларнинг ўқув дастурлари хорижий йирик иш берувчиларнинг талабларига мослаштирилади. Хорижий иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликлари билан улар учун зарур бўлган касблар бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида узвий алоқалар ўрнатилади.

Кейинги йил бошида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида япон тили ва касбий малака тест маркази, Фарғонада пайвандчилар мактаби, Гулистонда хизмат соҳасида фаолият кўрсатадиган ишчиларни тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилади. Наманган вилоятида эса «IT School» ўқув марказлари ҳамда чет тилларига ўқитиш ва хизмат соҳаси бўйича касбларга тайёрлаш ўқув марказлари ташкил этилади.

иккинчидан, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат ­фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатдан ўтказилган кам таъминланган оила аъзоларига қуйидаги шартларда микроқарзлар берилади:

● 10 млн сўмгача миқдорда;

● 1 йил муддатга;

● микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш, шу жумладан йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун;

● микроқарз фоиз ставкасининг МБ асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади;

● микроқарз ҳамда унга ҳисобланган фоизлар қарз олувчининг ёки оила аъзоларининг топшириғига мувофиқ уларнинг ҳисобварақларига халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали келиб тушган маблағлардан ушлаб қолиш йўли билан ҳамда қонун ҳужжатларида кўрсатилган бошқа усулларда тўланиши мумкин;

учинчидан, меҳнат мигрантларига ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия ­миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади (8.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарор 3-б., 3-хатбошиси; 10-б. 2-хатбошиси);

тўртинчидан, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатдан ўтказилган, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб, қайтиб келган кам таъминланган оила аъзоларига:

а) Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни қоплаш учун 10 БҲМгача миқдорда субсидия тўланади:

● якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ёки кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказган вақтдан бошлаб биринчи 3 ой давомида ижарага олинган бино ва иншоотларнинг ижара ҳақини тўлаш;

● тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка ўқиш;

● кредит олишда таъминот сифатида тақдим этиладиган суғурта полиси бўйича тўловларни амалга ошириш;

б) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган кредитлар бўйича кредит фоизи ставкасининг МБ асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.

16 сентябрдан бошлаб чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган фуқароларга тўланадиган бир марталик моддий ёрдам миқдори 1 БҲМдан 2 БҲМгача оширилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб эътироф этилди. Шу муносабат билан Ташқи меҳнат миграция агентлигининг ҳудудий филиаллари янги тартибда фаолият юритади. Ҳокимлар ҳудудий филиалларга умумий раҳбарлик қилади, Агентлик ҳудудий филиалларга методик ёрдам кўрсатади, маълумот беради, ходимларини рағбатлантиради ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Филиалларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва меҳнат инспекторлари хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар оила аъзоларининг ҳолидан мунтазам хабар олиб туради.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 16.09.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег ЗАМАНОВ,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 181 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика