Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 19 / Божхона

ТИФ иштирокчилари саволларига ДБҚдан жавоблар

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон) биноан Давлат божхона қўмитасида юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилган.

 

2020 йилнинг 16 мартидан 23 апрели давомида тезкор штабга Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали коронавирусга қарши кучайтирилган тартиб даврида божхона тартиботларининг амал оширилишига доир 5 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Эътиборингизга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда тезкор штаб ва Агентлик штабига келиб тушган энг кўп берилган саволларга жавоблар ҳавола қилинади.

 

Имтиёзли шартлар – Рўйхат бўйича

 

Четдан келтирилган юкларимиз ҳозирги вақтда вақтинча сақлаш божхонада режимига жойлаштирилган. Бошқа товарлар қатори улар орасида ювувчи, дезинфекция қилувчи воситалар ва бошқа гигиена товарлари бор.

 Яқинда айрим турдаги товарларни имтиёзли асосда олиб кириш бўйича Президентимизнинг Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон қабул қилингунга қадар олиб кирилган товарларга ҳам ушбу имтиёзлар татбиқ этиладими?

– Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида (3.04.2020 йилдаги ­ПФ-5978-сон) ­1-иловага мувофиқ товарларни олиб киришда қўшимча тарзда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланган. Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхатига 20 та товар позицияси киритилган (ПФ-5978-сон Фармонга 1-илова). Булар сирасига озиқ-овқат товарлари ва санитария-гигиена ҳамда тиббиёт учун мўлжалланган товарлар киради.

Фармон иловасида божхона тўловларидан озод этилган товарларнинг ТИФ ТН келтирилган бўлиб, тадбиркорлар томонидан олиб кирилган товарлар мазкур кодлар билан таснифланадиган бўлса, олиб кирилган санасидан қатъи назар, «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштираётганда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари қўлланилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг 4–22 апрель кунлари давомида мамлакатимизга 40 минг тоннадан ортиқ 29 млн АҚШ долларилик шу турдаги маҳсулотлар импорт қилинган.

 

Паррандачиликка божхона имтиёзлари

 

Давлатимиз раҳбари томонидан кичик бизнесни ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугунги кунда қишлоқ шароитидан келиб чиқиб, паррандачилик фаолияти билан шуғулланиш учун тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасида қандай имтиёзлар борлигини айтиб берсангиз?

– Президентнинг «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг (13.11.2018 йилдаги ПҚ-4015-сон) 16-бандига мувофиқ, наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йил 1 ноябрга қадар божхона тўловларидан озод этилган (16-банд).

Мазкур қарор талаблари асосида 2020 йилнинг I чорагида мамлакатимизга умумий қиймати 3,2 млн долларлик товарлар импорт қилинган бўлиб, ушбу товарларга божхона тўловларидан 5,1 млрд сўмлик имтиёзлар қўлланилган.

 

Иссиқхона комплексларини қуриш учун

Бугунги кунда республикамизга иссиқхона комплексларини қуриш учун четдан олиб келинадиган товарларга нисбатан божхона тўловлари бўйича қандай имтиёзлар мавжуд?

– Бугунги кунда иссиқхона комплекслари ва уларни ишлаб чиқариш учун четдан олиб келинадиган товарларга нисбатан имтиёз қўллашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг бир нечта амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд.

Хусусан, 2021 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилмайдиган иссиқхона комплекслари божхона тўловларидан озод қилинган (6.03.2018 йилдаги Ф-5230-сон фармойиш).

Шунингдек, Президентнинг 29.03.2018 йилдаги ПФ-5388-сон Фармони ҳамда 20.11.2018 йилдаги ПҚ-4020-сон қарори талабларига мувофиқ замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари гофрланган картон идиш ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган, ускуна, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар божхона тўловларидан озод этилган.

 

Чекловларсиз экспорт-импорт

 

– Мен Самарқанд вилоятида паррандачилик фаолияти билан шуғулланаман. Россия Федерациясидан парранда учун дон импорт қилсам бўладими?

– Жаҳон миқёсида тобора кенг тарқалиб бораётган коронавирус инфекциясининг республикамизга кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш мақсадида Давлат чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари орқали 2020 йил 16 март кунидан бошлаб фуқаролар ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари (автобус, енгил автотранспорт воситалари, темир йўл ва ҳаво транспорти) ҳаракати вақтинча тўхтатилган бўлса-да, ушбу чекловлар истисно тариқасида халқаро юк ташувчи транспорт воситаларига татбиқ этилмаслиги белгиланган ҳамда жорий қилинган чекловлар экспорт-импорт операцияларини амалга оширишга тўсқинлик қилмайди.

 

Карантин даврида кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлаш

 

Ҳозирги карантин кунларида четдан келтирилаётган товарлар учун ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлашда биз тадбиркорлар учун кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти борми?

– Божхона кодексининг 329-моддасида божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ошмаган муддатга берилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти Президент ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан узоқроқ муддатларга ва божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда берилиши мумкин.

Президентнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон) асосан қўшилган қиймат солиғини тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб кирганда, шунингдек, иш (хизмат)ларни импорт қилганда импорт қилинган товарлар (иш, хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғидан имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланиш имконияти назарда тутилган (10-банд).

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларини кечиктириш имконияти тақдим этилган (ВМнинг 10.02.2020 йилдаги 76-сон қарори).

Жорий йилнинг I чораги давомида тадбиркорлик субъектларига жами 2 205 та божхона юк декларациялари бўйича 254,7 млрд сўм миқдоридаги ҚҚСни кечиктириб тўлаш имконияти берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қўшилган қиймат солиғини кечиктириб тўлаш имкониятини олиш учун божхона расмийлаштируви амалга оширилаётган Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий божхона бошқармасига мурожаат қилиниши лозим.

 

Сертификатлаш – «Ягона дарча» орқали

 

– Карантин даврида экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни тегишли идоралардан олишда қандай қулайликлар мавжуд?

 – Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўзбекэкспертиза» АЖ, «Ўздавкарантин» томонидан электрон равишда расмийлаштириш йўлга қўйилди.

Тадбиркорлар интернетдаги yagonadarcha.uz манзилида жойлашган ушбу тизим орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юборишса кифоя.

Аризага жавобан берилган ҳужжат ва сертификатлар мазкур портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади.

Ҳозирга келиб «Ягона дарча» БАТдан 14 мингга яқин ТИФ иштирокчиси фойдаланмоқда. Тизим орқали қисқа муддат давомида 146 мингдан ортиқ рухсатнома ва сертификатлар электрон равишда тақдим қилинган.

 

Имтиёзли юк автотранспорти

 

– Хориждан юк ташиш учун мўлжалланган автомобиль олиб келишда имтиёзлар мавжудми?

– 2022 йил 1 январга қадар ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (самосваллардан ташқари) божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинган (6.03.2019 йилдаги ­ПҚ-4230-сон қарорнинг 9-банди).

 

Томчилатиб суғориш тизими учун

 

Мамлакатимизга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёларни олиб киришда божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланиладими?

– Президентнинг «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (18.03.2019 йилдаги ПҚ-4243-сон) мувофиқ 2022 йил 1 январга қадар озуқабоп экинлар етиштирувчилар, шунингдек томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан олиб кириладиган, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёлар мазкур қарорнинг 7-иловасидаги рўйхатга мувофиқ божхона тўловларини тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилган (16-банд).

 

Жўнатмалар – фақат «Ўзбекистон почтаси» орқали

– Хитойда ишлар қайта тиклангани сабабли биз интернет орқали нарса буюртма қилсак, етиб келадими? Божхонадан ўтказишадими?

– Коронавирус инфекциясининг республикамизга кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Хитой Халқ Республикасидан кириб келувчи барча турдаги почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилган эди.

Бироқ, 2020 йил 27 февралдан бошлаб Хитой Халқ Республикасидан фақатгина «Ўзбекистон почтаси» АЖ орқали кириб келаётган жўнатмаларни қабул қилишга рухсат этилган.

 

Асбоб-ускуналарга тариф имтиёзлари

 

– Бугунги кунда республикамизга четдан олиб келинадиган технологик асбоб-ускуналарга нисбатан божхона тўловларидан қандай имтиёзлар мавжуд?

Солиқ кодексининг 246-моддаси 6-банди ва Божхона кодексининг 297-моддаси 2-қисми 13-бандига мувофиқ, божхона ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналарга нисбатан божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари берилиши назарда тутилган.

Маълумот учун айтиш жоизки амалдаги қонунчиликда технологик асбоб-ускуналарга нисбатан акциз солиғи белгиланмаган.

 

Тиббий буюмлар ишлаб чиқариш учун хом ашёни экспорт қилиш тўхтатилди

Коронавирус пандемияси сабабли дунё мамлакатлари турли товарлар экспортига ҳар хил чекловлар қўймоқда. Ўзбекистонда ҳозирги даврда қайси маҳсулотларни четга экспорт қилишга чекловлар ўрнатилган?

 – Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус пандемияси даврида тиббий буюмлар учун хом ашё экспорти ва цемент маҳсулотлари импортига чекловлар жорий этиш тўғрисида»ги қарорига (23.04.2020 йилдаги 247-сон) асосан жорий йилнинг 1 майидан 31 декабрга қадар тиббий ниқоблар учун хом ашё товарларининг экспорти учун вақтинча чеклов ўрнатилган.

 Ҳимоя ниқобларининг ички бозордан ортиқ ҳажмини Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва «Дори-дармон» компаниясининг ўзаро қўшма хулоса асосида экспортга чиқаришга рухсат берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш борасида жорий қилинган чекловлар истисно тариқасида халқаро юк ташувчи транспорт воситаларига татбиқ этилмаслиги белгиланган ҳамда республикамиздан турли давлатларга юқорида кўрсатилган товарлардан бошқа экспорт товарларини олиб чиқишга чекловлар жорий этилмаганлигини маълум қиламиз.

 

Уруғлар, кўчатлар ва минерал ўғитларни олиб келишга доир

Хориждан уруғлар, кўчатлар ва минерал ўғитлар олиб келмоқчиман. Бу масалада тадбиркорларга қулайликлар борми?

– Президентнинг ПФ-5388-сон Фармонига мувофиқ 2021 йил 1 январга қадар четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) озод этилган (6-банд).

 

Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимиз, хусусан ТИФ иштирокчиларининг божхона соҳасига доир саволлари бўлса, ДБҚда узлуксиз фаолият кўрсатаётган – 11-08 қисқа рақамли долзарб алоқа тармоғи орқали мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз. 

 

ДБҚ Матбуот хизмати. 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 319 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика