Бизнинг МЧЖ 2018 йилнинг охирида рўйхатдан ўтказилган, унга ИФУТ бўйича 41.20.1 «Уй-жойлар қурилиши» коди берилган. Уй-жойлар қурилишии 2019 йил апрель–май ойларида бошланган, бир вақтнинг ўзида 2019 йил октябрдан бошлаб ЎзР ТХБ орқали олинган цемент сотилган. Статистик ҳисоботларни тақдим этишда улгуржи савдодан тушум ҳисобга олинган. Қурилиш тугалланмаганлиги сабабли бизга уй-жой қурилиши бўйича тушум бўлмаган. Статистик ҳисоботлар топширилганидан сўнг ИФУТ бўйича 46.73.0 «Ёғоч материаллари, қурилиш материаллари ва санитария-техника ускуналари улгуржи савдоси» коди берилди.
Статистика органи томонидан йил якунлари бўйича берилган ИФУТ коди корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида берилган коддан фарқ қилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
– Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи (ИФУТ) иқтисодий фаолият бирликларини (айрим корхоналар ёки корхоналар гуруҳини) таснифлаш учун мўлжалланган, иқтисодий статистика соҳасида (ишлаб чиқариш, бандлик, миллий счётлар ва бошқаларда) статистик маълумотларни тайёрлаш учун асос бўлади ва қуйидагиларда қўлланилиши мумкин:
● статистик бирликлар билан тақдим этиладиган бошланғич статистикада, шунингдек статистик маълумотларни агрегатлаш жараёнида;
● миллий счётлар тизимига мувофиқ макроиқтисодий ҳисоб-китоблар қилишда;
● статистик маълумотларнинг халқаро алмашинувида;
● республика ва ҳудудий миқёсда иқтисодий-статистик таҳлил ўтказиш учун;
● бошқарув органлари, вазирликлар ва идоралар, илмий-тадқиқот муассасаларининг кундалик иқтисодий амалиётида.
ИФУТ бўйича код ҳақиқий асосий фаолият туридан келиб чиққан ҳолда берилади. 2019 йил якунларига кўра сизда асосий фаолият тури савдо бўлган, сабаби корхонада қурилиш бўйича тушум олинмаган.
Асосий фаолият тури ўзгартирилса, корхонани кичик бизнес субъектлари жумласига киритиш учун ўртача йиллик ходимлар сони мезони ҳам ўзгартирилади, бундан келиб чиқиб молиявий ҳисобот топшириш даврийлиги, асосий воситаларни мажбурий тартибда қайта баҳолаш даврийлиги, шунингдек муайян солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ва солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш тартиби белгиланади. Ушбу мақсадларда Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичига амал қилиш лозим (ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига 1-илова).