МЧЖга раҳбар билан тузиладиган меҳнат шартномасининг намунаси керак бўлди. Кадрлар хизмати Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи раҳбарини ёллаш тўғрисида намунавий меҳнат шартномасини топди (ВМнинг 19.04.2003 йилдаги 189-сон қарорига 4-илова). Бироқ у амал қилмай қўйган, ўз кучини йўқотган. Ундан намуна сифатида фойдаланиш мумкинми? Ёки вазиятдан чиқишнинг бошқа йўли борми?
– Амалдаги қонун ҳужжатларида МЧЖ раҳбари билан тузиладиган меҳнат шартномасининг бирхиллаштирилган шакли мавжуд эмас. Дарҳақиқат, илгари ВМнинг «Хусусийлаштирилган корхоналарни корпоратив бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (19.04.2003 йилдаги 189-сон) 4-сон иловада Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи раҳбарини ёллаш тўғрисида намунавий меҳнат шартномаси келтирилган эди, кейинроқ у ўз кучини йўқотган. Бироқ ушбу намунавий шартномадан – қонун ҳужжатларига зид келмайдиган қисмида намуна сифатида фойдаланишингиз мумкин. Шу билан бирга ВМнинг «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга (11.03.1997 йилдаги 133-сон) 2-сон иловада келтирилган меҳнат шартномасининг намунавий шаклидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.
МЧЖ директори билан муассис ёки муассислар бир нечта бўлса, улардан бири жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорига асосан меҳнат шартномасини тузади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 39-м. 2-қ.).
Корхона раҳбари билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш мумкинлигига эътибор беринг (МКнинг 76-м. 3-хатбошиси).
Аслида, директор билан тузиладиган меҳнат шартномаси бошқа ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномасидан унча фарқ қилмайди. Ҳуқуқ ва мажбуриятларида фарқ бўлиши мумкин.
Раҳбар билан штатлар жадвали ва меҳнат шартномасини тасдиқлаш тўғрисидаги намунавий буйруқлар билан buxgalter.uz сайтида танишишингиз мумкин.