Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2020 год / № 19 / Хўжалик юритиш қоидалари

«Форс-мажор»: 10 та янглиш фикр

 

Бир қарашда форс-мажор – анча олдин бизнинг ҳаётимизга кириб келган барчага таниш тушунча. Ва бизга у ҳақда барча нарса маълумдек туюлади. Бироқ бутун дунё бўйлаб пандемия тан олинган пайт келди ва бу – бизнинг иродамизга боғлиқ бўлмаган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати. Демакки, форс-мажор рўй берди. Бу ҳақда кўп гапирса бўлади, лекин у амалиётда қандай қўлланади? 

 

Президентнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида (19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) ва Савдо-саноат палатасига (ССП) форс-мажор ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома эълон қилиш ҳамда тегишли сертификатлар бериш топширилган. Ушбу ҳужжатдан тўғри фойдаланиш учун форс-мажор билан боғлиқ кенг тарқалган янглиш фикрларни эътиборга олинг.

 

1-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Коронавирус пандемиясининг ўзи форс-мажор ҳисобланади»

Пандемиянинг ўзи қандайдир шартнома мажбуриятларини бажариш учун тўсқинлик қилиши амри маҳол. Бундай тўсқинликлар ҳукумат пандемиянинг ривожланишига жавобан қабул қиладиган чоралар туфайли юзага келиши мумкин. Масалан – чегараларни ёпади, карантин чекловларини ўрнатади, ишлаб чиқаришни тўхтатади, товарлар ва йўловчилар ташишни чеклайди, жамоат транспорти ишини ёпади. Шу боис тадбиркор музокараларда қандай қилиб қабул қилинган чоралар ёки тақиқлар унинг шартнома бўйича мажбуриятларини бажаришга аниқ тўсқинлик қилаётганлигини тушунтириши ва ҳужжат билан тасдиқлашига тўғри келади. Исботлаш лозим бўладиган муҳим ҳолат – бу форс-мажор ва шартнома мажбуриятларини бажаришнинг имконсизлиги ўртасидаги сабаб-оқибат боғлиқлиги.

 

2-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Жорий этилган карантин чоралари ижарага ҳақ тўламаслик, товарни етказиб бермаслик, хизмат кўрсатмаслик ҳуқуқини беради»

Карантин енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати бўлганлигини исботлаш мушкул. Агар, олдинги даромадлардан маҳрум бўлганлиги туфайли шунчаки унга ҳавола қилган ҳолда шартнома бўйича тўловни амалга ошириш рад этилса, хизмат бажарилмаса ёки товар етказиб берилмаса, буни етарлича баҳона деб бўлмайди. Контрагент ҳам, суд ҳам кейинчалик бу вазиятни форс-мажор деб тан олмайди. Ҳозир юзага келган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати вақтинчалик тусга эга, демак, тарафларни шартнома мажбуриятларини бажаришдан тўлиқ озод этмайди. Улар фақат қуйидаги имкониятларни беради:

  •  мажбуриятларни бажаришни кейинга қолдириш (кечиктириш);
  •  уларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда бажариш;
  •  жарималар ва пеняларни олдини олиш;
  •  бошқа тарафга зарарни қоплаш мажбуриятини олдини олиш;
  •  бундай ҳолатлар муайян муддатдан кўпроқ чўзилса, шартномани муддатидан олдин бекор қилиш.

Форс-мажор тугагандан кейин эса барча мажбуриятлар тўлиқ ҳажмда бажарилиши лозим.

 

3-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Форс-мажор – бу шартномалар шартларини ўзгартириш ва уларни бекор қилиш учун асос»

Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларининг рўй бериши ўзича тарафларга бир тарафлама тартибда шартнома шартларини ўзгартиришни талаб қилиб туриб олиш ҳуқуқини бермайди. Шартнома нархи, тўловни амалга ошириш шартлари ва усулларини ва ҳ.к.ни ўзгартириш мумкин эмас. Уни бажариш муддатлари кейинга сурилиши мумкин, бу ҳам бўлса – фақат форс-мажорнинг амал қилиш муддатига қадар сурилиши мумкин. Пандемия тугагандан кейин шартномани бажариш имконияти мавжуд бўлса, тарафларнинг мажбуриятлари тўхтатилиши мумкин эмас. Тўғри, тарафлардан ҳеч бири, форс-мажор туфайли юзага келган муддат ўтказиб юборилиши оқибатида унинг шартномага бўлган қизиқиши йўқолган тақдирда шартномадан воз кечиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган. Қизиқиш йўқолганлигини ҳам исботлаш лозим бўлади.

 

4-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Ходимларни масофадан ишлашга ўтказиш юзасидан тавсия – бу бўш турган ижарага олинган бино учун ҳақ тўламаслик учун асос»

Карантин чекловлари жорий этилгандан кейин республиканинг барча корхона ва ташкилотлари раҳбарларига ходимларни масофадан ишлашга ўтказиш тавсия қилинди. Натижада офислар ва бошқа хизмат бинолари бўш турибди. Тадбиркорлар ижарага олинган майдондан фойдаланган жойда, қонуний савол туғилди, ижара тўлови билан қандай йўл тутилади.

Таъкидлаш жоизки, корхонани масофадан ишлашга ўтказиш қонунчиликда буюрилмаган, балки шунчаки тавсия қилинган (ВМнинг 23.03.2020 йилдаги 176-сон қарорининг 2-б. 9-хатбошиси). Ҳар бир раҳбар ўзи мустақил равишда қарор қабул қилган ва унда танлаш имкони бўлган – масофадан ишлашга ўтиш ёки ўтмаслик. Шу боис, агар ижарага берувчи ижара тўловларини вақтинча тўхтатиб туришни рад этса, вазиятни енгиб бўлмайдиган кучларнинг амал қилиши таъсири остига тушириб бўлмайди.

 

5-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан берилган «Форс-мажор» сертификати ўзича импорт-экспорт контрактлари бўйича жавобгарликдан озод қилиш учун етарли»

Олинган «Форс-мажор» сертификати шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги учун жавобгарликдан озод бўлиш учун кафолат ҳисобланади, деб ўйлаш мутлақо нотўғри. Бу ҳужжат ҳақиқатан мурожаат қилган тарафда енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари рўй берганлигини тасдиқлайди. Бироқ контрагент мажбуриятлар айнан форс-мажор рўй берганлиги туфайли бажарилмаганлигига сўзсиз рози бўлишга мажбур эмас. Айбдор тараф эса мажбуриятларни бажармаслик учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳодисалар рўй беришини фаол бўлмаган тарзда кузатиб турмаганлиги, балки ўзининг тасарруфида бўлган барча чораларни кўрганлигини исботлаши керак.

 

6-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Савдо-саноат палатаси ички шартномалар бўйича «ФОРС-МАЖОР» сертификатини бермаслиги муносабати билан ҳамкорлар билан муаммоларни олдини олиш мумкин эмас»

Шуни инобатга олиш лозимки, сертификат – бу судда фойдаланиладиган ҳужжат. Судгача олиб бормаган маъқул. Юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун энг мақбул вариант – музокаралар курсисига ўтириш.

Республикада ҳозир бутун бизнес бир хил шароитларда ва қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келаётганлигини ҳамма тушунади. Ўз контрагентини тушунишга ҳаракат қилиш зарур ва унга ўз муаммоларини шундай тушунтириш керакки, у сизнинг ҳолатингизга кирсин. Ҳамкорларингиздан яширинманг, хабарномалар, хатлар ёзинг, юзага келган вазиятнинг сабабларини тушунтиринг. Биргаликдаги ҳаракатлар билан мураккаб ҳолатдан чиқиш йўлини изланг ва бир-бирингизга ён беринг. Ҳар қандай ҳолатда ишлашни давом эттириш лозим ва ўз ҳамкорларингизни йўқотмаслигингиз зарур. Чекловлар тугайди, юзага келган ҳамкорлик муносабатлари эса қолади.

 

7-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Ички контрактларга форс-мажор татбиқ этилмайди»

Мисол учун хусусий таълимни оламиз. Болалар боғчалари, мактаблар ва бошқа таълим муассасаларининг иши ҳукуматнинг иродали қарори билан тўхтатилди. Мазкур тақиқ хусусий таълимга ҳам дахл қилди. Бу ҳолда пандемия эмас, балки айнан ҳукуматнинг республикадаги барча ўқув муассасаларининг ишини тақиқлаш тўғрисидаги қарори форс-мажор ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, таълим фаолияти билан банд бўлган ва ижарага олинган биноларда ишлайдиган барча тадбиркорлар ўзларининг ижарага берувчиларини ҳукуматнинг фармойиши ҳақида хабардор қилган ҳолда мажбурий бекор турилган вақт учун ижара тўловини тўхтатиб туриши мумкин.

 

8-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Форс-мажор муносабати билан чет давлат контрагентида юзага келган муаммолар тадбиркорни ички шартномалар бўйича жавобгарликдан озод қилмайди»

Фараз қилайлик, хорижий контрагент жорий этилган чеклов чоралари сабабли товарни ўз вақтида етказиб бера олмади. Бу товар эса ички шартнома бўйича битим предмети ҳисобланади. Умумий қоидага биноан мажбуриятларнинг учинчи шахс томонидан бажарилмаганлиги енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати ҳисобланмайди (ФК 333-м. 3-қ.). Шу боис етказиб бериш муддатларини бузганлик учун харидор олдида жавоб беришга тўғри келади.

Бироқ, агар хорижий контрагент ўз мамлакатининг ваколатли органидан форс-мажор тўғрисидаги гувоҳномани юборса, ўзбекистонлик ҳамкор олдида ўзини оқлаш имконияти пайдо бўлади. Бошланишида у билан музокараларда сиз ҳавола қиладиган нарса мавжуд бўлади. Ва кейинчалик суд ишни кўриб чиқишда хорижий контрагентнинг гувоҳномасини етказиб бериш муддатлари бузилишининг объектив сабаби сифатида тан олиши мумкин. Албатта – ўзбекистонлик импорт қилувчи бошқа етказиб берувчидан зарур товарни олиш имконсизлигини исботлаши шарти билан.

 

9-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Контрагентларда ички шартномалар бўйича юзага келган муаммолар учинчи шахслар билан битимларда далил бўлади»

Қарздор ўз шартномалари бўйича муаммоларни ҳал қилишда ўзининг етказиб берувчилари ёки пудратчилари айби билан юзага келган муаммоларга ҳавола келтириши лозим эмас. Контрагентларда юзага келган мураккабликлар форс-мажор деб тан олиниши мумкин эмаслиги қонунчиликда мустаҳкамланган (ФК 333-м. 3-қ.). Бунинг устига – республика ичидаги битимлар бўйича «Форс-мажор» сертификатини олиб бўлмайди. Шу сабабли контрагентга таъсир кўрсатадиган чеклов чоралари бошқа битимлар учун оқлаш бўлиб хизмат қилмайди.

 

10-ЯНГЛИШ ФИКР:

«Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати рўй бергунга қадар шартнома мажбуриятларини бузиш ҳам жарима санкциялари остига тушмайди»

Агар енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати рўй берган пайтда етказиб бериш, тўловни амалга ошириш ёки хизмат кўрсатиш муддатлари аллақачон бузилган бўлса, жавобгарлик рўй беради. Форс-мажор ҳолатлари шартноманинг амал қилиш муддати давомида рўй берганлигига қарамай, корхона барибир жаримага тортилади ва шартнома шартларида назарда тутилган пеня ҳисобланади. Фақат ҳамкор билан келишган ва қўшимча келишув имзолаган ҳолда санкцияларни олдини олиш мумкин.

 

Элеонора мазурова, адвокат,

Альберт Сафин, юрист,

«Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 662 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика