Жисмоний шахс экскаваторни сақлаш учун юридик шахсдан жойни ижарага олди.
Ижарага олувчи жисмоний шахс унга тақдим этилган жой учун тўловни нақд ёки пластик карточка билан корхонанинг бевосита банк ҳисобварағига ўтказса бўладими?
– Ҳа, бундай йўл тутса бўлади.
Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин (Низомнинг 3-банди, АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Банк пластик карталаридан (БПК) жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган нақд пулсиз ҳисоб-китобларда фойдаланилади (Низомнинг 107-банди).
Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳисоб-китоблар эса нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин (ФКнинг 790-моддаси).
Банк ва корхона ўртасидаги банк ҳисобварағи шартномасида келиб тушаётган маблағларни киритиб қўйиш шартлари белгилаб олинади (Йўриқноманинг 7-банди, АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Ижарага олувчи жисмоний шахс, агар у тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаса, ижара ҳақини нақд пул билан тўлаши ёки БПК ёрдамида сизнинг банк ҳисобварағингизга ўтказиши мумкин. Пул маблағларини ўтказиш шартлари сиз ва банкингиз ўртасида тузиладиган банк ҳисобварағи шартномасида белгиланади.
Наргиза Воҳидова,
«Norma» МЧЖ эксперти.