Раҳбар ассистенти 2020 йил 10 январдан таътилга ариза ёзган. Раҳбарга имзолаш учун қолдирган. Раҳбар аризани 9 январда, ходима ўз вазифаларини (компания ходимларини ўқитиш мўлжал қилинаётганлиги муносабати билан чипталарни харид қилиш ва меҳмонхоналардан жой брон қилиш, шунингдек кофе-брейклар ташкил қилиш билан шуғулланиш) бошқа ходимга топширганидан кейин имзолашини айтган. Ходима ҳамма ишларни уйдан туриб, масофадан бажаришини айтган. Таътилга чиқишидан бир кун олдин у раҳбарни учрата олмаган ва тегишинча, ариза имзоланмаган. Кейинги куни у ишга чиқмаган. Раҳбар у ишга чиқишини ва вазифаларини топширишини талаб қилган, лекин ходима таътилда эканлиги билдирган. Ҳозир раҳбар унга ҳайфсан беришни талаб қиляпти.
Мазкур ҳолатда ходимага ҳайфсан берилиши тўғрими?
– Корхонанинг локал ҳужжатлари билан танишиб чиқмасдан туриб, ушбу саволга жавоб қайтариб бўлмайди.
Умумий қоидага кўра, таътил берилиши рад этилган тақдирда, ходим иш берувчининг рухсатисиз мустақил равишда ишни ташлаб кетишга ҳақли эмас. Шу боис корхонада келишиб тасдиқланадиган таътиллар жадвали бор-йўқлигини билиш муҳимдир (МКнинг 144-моддаси). Таътиллар жадвалида таътил бошланадиган аниқ сана назарда тутилган бўлса, бунга иш берувчи томонидан ходимга таътил берилишига олдиндан розилик билдирилиши деб қараш мумкин. Шу сабабли ходим томонидан бундай жадвалга риоя этилиши таътилга ўзбошимчалик билан чиқиб кетиш деб қаралмайди. Мазкур ҳолатда раҳбар аризани имзоламасдан ва буйруқ чиқарилмасдан таътилдан фойдаланишдан олдин корхонанинг локал ҳужжатларида таътил бериш вақти раҳбар томонидан ўзгартирилиши мумкин бўлган «алоҳида» шартлар назарда тутилган-тутилмаганлигини билиш зарур. Таътил бериш ва ундан фойдаланишнинг муайян тартиб-таомиллари назарда тутилган-тутилмаганлигини ҳам билиш зарур. Локал ҳужжатларда кўрсатилган шартларни бажармаган ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин (МКнинг 181, 182-моддалари).
Корхонада таътиллар жадвали ёки уларни тақдим этиш даврийлиги қайд этилган бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, иш берувчи ходим таътилга чиқишни сўраётган даврда унинг ишда бўлмаслиги раҳбарият учун нохуш оқибатларни келтириб чиқарадиган бўлса, аризани дарҳол қаноатлантиришга мажбур эмас. Масалан, корхона ёки унинг бўлинмаларидан биронтасининг фаолиятида узилишларни юзага келтирадиган бўлса. Иш берувчи йиллик таътилдан фойдаланиши учун ходимга бошқа календарь даврини таклиф этиши мумкин. Таътил ходимлар учун қулай бўлган бошқа вақтда бериладиган ҳолатлар истисно этилади (МКнинг 144-моддаси 3-қисми).
Валерия Ляндрес,
кадрлар хизмати ходими.