Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Меҳнат мигрантлари уй-жой билан қандай таъминланади
Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 29.01.2020 йилдаги 39-сон қарори).
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 20.08.2019 йилдаги ПФ-5785-сон Фармонида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда уй-жойлар қурилиши бўйича давлат дастурларининг ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратилиши назарда тутилган.
Уй-жой имтиёзли ипотека кредити асосида тақдим этилади. Ушбу тартиб-таомил бир неча босқичдан иборат.
Даставвал ариза берувчи талабгорларни танлаш бўйича комиссиянинг раисига мурожаат қилиши, сўровнома-аризани ва доимий яшаш жойи тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Комиссия томонидан ҳужжатлар 15 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Комиссия томонидан аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари бир қанча ижтимоий мезонлар асосида аниқланади:
- талабгорда мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги;
- турар жойда ижара шартларида яшаши;
- бошқа оила билан бир уйда яшаши;
- кўп болалилик ва бошқалар.
Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва уй-жой шароитларини ўрганиш натижасида комиссия ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ёзма тавсия берилган ариза берувчилар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компаниясига мурожаат қиладилар.
2020 йил дастурлари ижроси доирасида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига ипотека кредитлари 1 йиллик имтиёзли давр билан берилади, бунда ипотека кредитидан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 7%дан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.01.2020 йилдан кучга кирди.
Олиб кириладиган транспорт экологик сертификатлашдан қандай ўтказилади
Вазирлар Маҳкамасининг 30.01.2020 йилдаги 50-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган «М» ва «N» тоифалардаги ғилдиракли янги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини экологик сертификатлаш тартиби тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб заҳарлилик даражаси «Евро-4» экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган «М» ва «N» тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларини фойдаланиш ва сотиш мақсадида олиб кириш ман этилган (30.10.2019 йилдаги ПФ-5863-сон Фармон).
Илгари «L» и «G» тоифалардаги транспорт воситаларига ҳам тақиқ белгилаш режалаштирилган эди. Бироқ тасдиқланган таҳрирда улар қайд этилмаган.
Ғилдиракли янги транспорт воситалари (ҒТВ) деганда ишлаб чиқарилган кундан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган, йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш, шунингдек махсус ишларни бажариш учун мўлжалланган автомобиллар, шатакка олувчи автомобиллар, тиркамалар ва ярим тиркамалар тушунилади.
«М» тоифаси – камида 4 та ғилдираги мавжуд бўлган йўловчи ташишда ишлатиладиган механик ғилдиракли янги транспорт воситалари, шунингдек ҳайдовчининг жойидан ташқари 8 тадан ошмаган ўриндиқлар билан таъминланган, йўловчи ташишда ишлатиладиган автобуслар, микроавтобуслар, махсус йўловчи ғилдиракли транспорт воситалари, булар жумласига электродвигателлар билан жиҳозланган ғилдиракли транспортлар киритилмайди.
«N» тоифаси – юкларни ташишда фойдаланиладиган, максимал массаси 3,5 тоннадан ошмайдиган ғилдиракли транспорт воситалари, юкларни ташишга мўлжалланган, максимал массаси 3,5 тоннадан ошадиган, лекин кўпи билан 12 тоннадан ошмайдиган, юкларни ташишга мўлжалланган, максимал массаси 12 тоннадан ошадиган ғилдиракли транспорт воситалари.
Экологик сертификатни олиш учун ариза берувчи (жисмоний ёки юридик шахс) Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги экологик сертификатлаш органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- белгиланган шаклдаги ариза;
- республика божхона ҳудудига кирганлиги тўғрисида белги қўйилган юк ташиш ҳужжатларининг нусхаси (юкхат, инвойс, ҳисобварақ-фактура);
- транспорт воситасининг паспорти (ҒТВ ишлаб чиқарилган ва унга тақдим этилган санаси кўрсатилган ҳужжат) ёки ҳисоб-маълумотномаси;
- янги ҒТВ учун – экологик стандартдан паст бўлмаган экологик тоифа меъёрларига ҒТВнинг мослигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (синов баённомаси, хулоса, сертификатлар, гувоҳнома).
Ҳужжатлар ваколатли органга «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ёки тўғридан-тўғри экологик сертификатлаш органига мурожаат қилиш орқали тақдим этилади.
Экологик сертификатлаш органи томонидан олинган ҳужжатлар таҳлил қилинади ва натижа ижобий бўлганда, сертификатлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ва бундан кейин:
- ҒТВ 1 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда божхона омбори вакили ва ариза берувчи (унинг вакили) иштирокида далолатнома расмийлаштирилган ҳолда идентификацияланади;
- ҒТВнинг кўрсаткичлари бензин, газ ва дизель двигателлари бўлган транспорт воситалари учун белгиланган ифлослантирувчи моддалар ташламалари меъёрларига мувофиқлиги таҳлил қилинади.
Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ келмаса, ваколатли орган 1 иш куни давомида бу ҳақда ариза берувчига асосланган ёзма билдиришнома юборади.
Aризани кўриб чиқиш, экологик сертификатлаш жараёнини амалга ошириш, экологик сертификат бериш (беришни рад этиш) бўйича ишларнинг қиймати шартнома асосида белгиланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.01.2022 йилдан кучга киради.
Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.
Кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича эксперимент бошланди
Вазирлар Маҳкамасининг 7.02.2020 йилдаги 64-сон қарори билан кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича эксперимент бошланди. У пойтахтимизнинг Яккасарой тумани, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида 2020 йил 1 майга қадар ўтказилади. Мақсад – «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунни апробация қилиш.
Қонун жорий йилнинг 1 августида кучга киради. 1 июнга қадар тажриба натижаларига кўра, ҳужжатни такомиллаштириш зарурати ва республиканинг бошқа ҳудудларида у қандай қўлланилиши аниқлаб олинади.
Ўтказилаётган тажрибадан асосий мақсад – кўп квартирали уйларни қуйидагилар томонидан бошқаришнинг турли механизмларини амалиётда апробация қилиш:
- бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан (бевосита бошқариш);
- юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи томонидан шартнома асосида;
- уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан.
- Қуйидагиларни амалга оширадиган ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилди:
- бошқаришнинг қўлланилаётган ҳуқуқий механизмларнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш;
- бошқариш органларининг моддий-техник жиҳозланишини, шунингдек улар раҳбарлари ва ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш;
- кўп квартирали уйларнинг жойлашуви харитасини ишлаб чиқиш, ҳар бир уйни паспортлаштириш, туташ ҳудудларни белгилаш чораларини кўриш ва ҳ.к.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда эксперимент самарали ўтказилишини таъминлаш бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳига юкланди.
Жиззах, Марғилон ва пойтахтнинг Яккасарой тумани уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш бўлимларида кўп квартирали уйларни бошқариш масалалари бўйича аҳоли учун маслаҳат пунктлари ташкил этилади. Бир ой муддатда тегишли ҳудудий ҳокимликлар квартиралар мулкдорларига туташ ҳудуддан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ҳужжатлар беради, бошқариш ташкилотларига эса фаолият юритиши учун зарур бино ва иншоотлар ажратади.
Эксперимент ўтказиш даврида «Энг яхши бошқарувчи» танловлари ташкил этилади, уларнинг натижалари ҳамда ғолибларнинг иш тажрибаси ОАВда кенг ёритилади.
Шунингдек, ҳужжат билан ҳуқуқий эксперимент ўтказиш механизмларини тартибга солувчи вақтинчалик низом тасдиқланди. Низом:
- кўп квартирали уйларни бошқаришни ташкил этиш;
- уйларни сақлаш учун зарур хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатини шакллантириш;
- бошқариш органи фаолияти тўғрисидаги ахборотни ёритиш;
- энг яхши бошқарувчи танловини ўтказиш;
- авария-тиклаш хизматларининг фаолият юритиши;
- бошқариш шартномаси бекор қилинганлиги муносабати билан уйни бошқариш билан боғлиқ теxник ва бошқа ҳужжатлар, теxник воситалар ва ускуналарни топшириш;
- квартиралар мулкдорлари ва ижарачиларининг бошқарувчи ташкилотлар (бошқарувчилар) ва УМШ билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишни тартибга солади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.02.2020 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова,
«Norma» МЧЖ эксперти.