2017 йилда Россия Федерациясининг ҳудудида Москва шаҳрида эҳтиётсизлигим туфайли паспортимни ит чайнаб ташлаган. Буни билгач зудлик билан Ўзбекистон Элчихонасига мурожаат қилдим, у ерда менга Ватанимга қайтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат тақдим этилди. Самарқандга қайтгач, яшаш жойимдаги паспорт столига паспортимни тиклаш учун мурожаат қилдим. Шахсимни тасдиқловчи ҳужжатни олиш учун 2 ой кетди. Паспортни олгач, стикер учун ОВИРга мурожаат қилдим. Уни 1,5 ой кутишимга тўғри келди, бироқ менга 2 йилга тақиқ белгиланди ва сабаби тушунтирилмади. РФга стикерсиз қайтдим. 3 йил ўтгач, 20.01.2020 йилда ОВИРнинг тақиқ муддати тугаганлигига умид қилиб Ўзбекистонга қайтдим. Шаҳар паспорт столига мурожаат қилдим, у ерда менга тақиқ ҳали олиб ташланмаганлигини маълум қилдилар, сабабини тушунтирмадилар, нима қилишим кераклиги айтмадилар. Паспорт столи ходимлари қандай йўл тутишимни аниқ айта олмаяптилар. Нима қилишим керак?
– Ҳа, шахсга нисбатан ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижда бўлганида борган мамлакатининг қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахбороти, шунингдек хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти (қонун бузилишлар рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) мавжуд бўлса – у ҳисобга қўйилган кундан бошлаб 2 йил ўтгунгача рад этишлари мумкин. Хорижга чиқиш ҳуқуқидаги чекловлар учун асослар рўйхати кенгроқ талқин қилиниши мумкин эмас (Низомнинг 39-банди, 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова).
Бошқа асослар бўйича хорижга чиқиш ҳуқуқи рад этилганлиги ва белгиланган муддатда жавоб қайтарилмаганлиги юзасидан фуқаро юқори турувчи органга шикоят қилиши мумкин, у ерда бир ойдан кечиктирмай жавоб беришлари шарт, уларнинг қарорларидан норози бўлинган тақдирда судга мурожаат қилиш мумкин.
Шу тариқа, хорижий давлат ҳудудида содир этилган ҳуқуқбузарлик учун, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортига нисбатан эҳтиётсизлик қилганлигингиз ва уни яроқсиз ҳолга келтирилган ҳолат учун Ўзбекистон Республикаси ТИВ МваФР Бош бошқармасида ҳисобга қўйилгансиз.
Юқори турувчи органга ҳисобдан чиқариш масаласи бўйича мурожаат қилишингиз лозим. Рад жавоби олган тақдирингизда, суд инстанциясига мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.