СССР паспортим бор эди. Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида прописка қилинганман. Паспортим йўқолган. Кўп жойларга мурожаат қилганман, лекин фойдаси бўлмади.
Нима қилишим керак?
– Паспортини йўқотиб қўйган фуқаро зудлик билан доимий рўйхатда турган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига хабар бериши лозим, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомиллар ўтказилганидан кейин унга янги паспорт берилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг паспортини ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатини йўқотганликлари ҳақидаги аризалари бўйича ички ишлар органлари томонидан тегишинча белгиланган шаклдаги маълумотнома берилади, маълумотноманинг орқа томонига доимий ёки вақтинча рўйхатда турганлиги тўғрисида штамп қўйилиши мумкин. Маълумотнома ички ишлар органларининг МваФР бўлинмаси томонидан берилади.
Паспорт йўқолганлиги тўғрисидаги аризалар ҳисобга олиш журналида Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда рўйхатга олинади (Низомнинг II-1-бўлими, ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).
Йўқотилган СССР фуқароси паспорти билан яшаб юрганлигингиз сабабли МваФР бўлими ходимлари сизни Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида идентификациялай олишмаган, чунки Ўзбекистон паспортини олиш учун ҳанузгача мурожаат қилмагансиз. Ушбу далил паспорт тизимини қўпол равишда бузиш ҳисобланади, сабаби 1995 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар аҳолини паспортлаштиришга оид бир қанча тадбирлар ўтказилган.
Айни пайтда МваФР бўлимига ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат қилишингиз лозим, унда СССР паспорти йўқолганлиги билан боғлиқ ҳолат ва паспортни ўз вақтида алмаштириш учун мурожаат қилинмаганлиги сабаби баён этилиши лозим.
Мазкур масалага оид барча материаллар ички ишлар органларининг раҳбарларига ёки уларнинг ўринбосарларига кўрсатилади. Улар вазиятга қараб, бундай шахсларга нисбатан тегишли текширув ўтказилиши ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 31 ва 35-моддаларига мувофиқ кўриладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши тўғрисида қарорлар қабул қиладилар. Уларга мувофиқ ички ишлар органлари томонидан Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган шахснинг, шунингдек унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги шубҳа туғдирган барча ҳолатларда, ЎзР фуқаролигига мансублиги аниқланади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансубликни аниқлаш чоғида шахс ўзининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши ёки ундан маҳрум бўлиши сабаблари кўрсатилган таржимаи ҳолини, яшаётган муддати ва оиласининг таркиби кўрсатилган доимий истиқомат жойидан маълумотномани, 3 та фотосуратни тақдим этади.
Шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаш якунлари бўйича асосли хулоса чиқарилади, уни тегишли ички ишлар органининг раҳбари имзолайди ва шаҳар ёки туман ҳокими томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансубликни аниқлаш чоғида шахсга (зарур ҳолларда) Ўзбекистон фуқароси паспортини бериш учун ҳужжатларни расмийлаштириш таклиф этилади (20.11.1992 йилдаги ПФ-500-сон билан тасдиқланган Низом).