Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 36 / Божхона

Коррупциядан қачон қутуламиз?

 

Жаҳонда коррупцияга қарши курашнинг умумэътироф этилган, халқаро тажрибаларда синалган усулларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай усуллардан бири ISO 37001:2016 – порахўрликка қарши бошқарув тизимидир.

 

ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизими коррупция билан боғлиқ хатарларни бартараф этишга қаратилган. Ушбу стандарт ташкилотларга порахўрликка қарши тадбирларни ташкил этиш, амалга ошириш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтиришга ёрдам беради.

Ушбу стандарт 2016 йилда Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) томонидан эълон қилинган. Стандарт коррупцияга қарши бошқарув тизими (ABMS)ни жорий этиш, бошқариш, қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда такомиллаштиришга қаратилган талабларни белгилайди. Ташкилот ушбу стандарт талабларига риоя қилиш учун тегишли ҳаракатлар ва ёндашувларни амалга ошириш тўғрисида кўрсатма беради.

ISO 37001 стандарти давлат, хусусий ва нотижорат соҳаларда, мансабдор шахслар ва ташкилотларнинг ноқонуний манфаатларини кўзлайдиган хатти-ҳаракатлар, пора олди-бердиси ва унга воситачилик қилиш сингари салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу сертификатни қўлга киритиш учун корхона ёки ташкилотдан коррупцияга қарши ички назорат ўрнатиш, раҳбар ва мутасаддиларнинг коррупцияга қарши бошқарув тизимидаги жавобгарлигини ошириш, ташкилотдаги ҳар бир ходимнинг бу масаладаги масъулиятини тушунтириш, коррупция билан боғлиқ қоидабузарликларга нисбатан тегишли чораларнинг мавжудлиги сингари хусусиятлар талаб этилади.

Бу тизим айни пайтга қадар дунёнинг қатор мамлакатларида синовдан ўтказилган. ISO 37001 стандарти, жумладан, Малайзияда Бош вазир Маҳатҳир Муҳаммад бошчилигидаги ҳукумат томонидан жорий қилинган. Янги тизим ҳам давлат, ҳам хусусий секторда кутилган натижаларни берган.

Бугунги кунда Буюк Британия, Италия, БАА, Перу, Сингапур, Хитой сингари мамлакатларнинг йирик ташкилот ва идоралари, таълим ва тадқиқот марказларида бу тизимдан муваффақиятли фойдаланилмоқда. Шунингдек, Microsoft ва Walmart сингари йирик компаниялар ҳам ISO 37001 сертификатига эга бўлиш ниятида эканлигини маълум қилган.

ISO 37001:2016 тизимини жорий қилишда ҳеч қандай таниш-билишчилик, кўзбўямачилик кетмайди. Фақат муайян идорада ушбу тизимнинг қонун-қоидалари жорий этилгани халқаро экспертлар ­иштирокида тасдиқланганидан кейингина ISO сертификати топширилади.

Бизда ҳам сўнгги йилларда коррупциянинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартаф этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йил 3 январь куни «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, 2019 йил 27 майда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. 2020 йил 26 июнда Президент қарори билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар йўлга қўйилганидан дарак.

Аммо, бизнинг давлат идораларимиз ҳали-ҳануз коррупция унсурларидан халос бўлолмаяпти. Халқаро миқёсдаги ­кўрсаткичларимиз ҳавас қиларли даражада эмас. Transparency International ташкилотининг 2020 йил 23 февралда эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш кўрсаткичлари бўйича 180 мамлакат орасида 153-ўринда қайд этилган. Демак, ҳамон бу борада дунё рейтингида охирги қаторлардамиз.

Жорий йил бошида мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасидаайнан коррупцияни йўқотиш учун ҳар бир инсон «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланиши зарурлигини таъкидлаган эди. Бироқ, афсуски, ҳали жамиятнинг турли жабҳаларида коррупция, таниш-билишчилик, порахўрлик, тамаъгирлик сингари иллатларга дуч келяпмиз. Бир сўз билан айтганда, юртимизда бу иллат одамзод дунёга келганидан бошлаб то сўнгги манзилга йўл олгунига қадар «ҳамроҳлик» қилмоқда.

Ахир чақалоқ дунёга келгач туғруқхонадаги қўшимча «харажатлар»ни ким инкор эта олади? Ҳатто баъзида марҳумни сўнгги йўлга кузатишда ҳам коррупцияга дуч келаётганлар учраб турибди. Пойтахтдаги ўликхоналардан бирининг масъул ходими коронавирус сабабли вафот этган марҳумнинг жасадини яқинларига тезроқ топшириш эвазига 200 доллар олаётиб қўлга тушибди. Очиғи, бундай ҳолатларни эшитиб даҳшатга тушади одам.

Тўғри, кўпгина идора ва ташкилотлар раҳбарлари «биз коррупцияга қарши курашда ундай қиламиз, бундай қиламиз» деб бонг уришмоқда. Бироқ, халқимиз «қуруқ қошиқ оғиз йиртар», деб бекорга айтмайди.

Бу борада қилинаётган ишлар халқаро ташкилотлар рейтингида ўз аксини топмас экан, дунёнинг турли мамлакатлари тажрибасида синалган ISO 37001: 2016 сингари бошқарув тизимлари, андозалар жорий қилинмас экан, бизда коррупциянинг таназзули ширин орзулигича қолиб кетаверади.

Хўш, юртимизда ушбу сертификатни қўлга киритишга лойиқ бирор вазирлик ёки ташкилот борми? Бор бўлса, нега ўртага чиқмаяпти? Агар улар кўпчилик бўлса, ким биринчи бўлади? Майли, йиллар давомида мансаб курсисига ўрганиб, эски одатлар қон-қонигача сингиб кетган «раҳбар»ларнинг бу иллатга қарши курашиш учун қуввати ҳам, хоҳиши ҳам йўқдир? Президент ишонч билдирган ёш раҳбарлар-чи? Ёки уларга ҳам бундай мақом, ­эътирофнинг кераги йўқми?

Дилфуза ЭРГАШЕВА, 

журналист.

ЎзА.

Прочитано: 644 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика