Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 27 / Божхона

Сертификатлаш расмиятчиликлари

 

Товарлар импорт қилинганда мажбурий сертификатлашдан ўтишда қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Ушбу тартиб-таомилни ўтказишга қанча вақт кетади?

 

–  Товарларни сертификатлаштиришга тайёрлаш ва ўтказишга умумий талаблар Маҳсулотларни сертификатлаш қоидалари (АВ томонидан 18.03.2005 йилда 1458-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

Қоидаларда Ўзбекистон Республикаси сертификатлаштириш Миллий тизимида республикада ишлаб чиқариладиган ва четдан келтириладиган, маҳсулотни, шу жумладан дастурий ва бошқа илмий-техникавий маҳсулотларни сертификатлаш тартиб-таомиллари белгиланган.

 

Маълумот учун. Божхона расмийлаштирувида божхона органи мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини, шунингдек, мувофиқлик сертификатида кўрсатилган товарнинг номини ҳақиқатда олиб келинган товарнинг номи билан текширади.

Ҳужжатлар

Сертификатлашни ташкил қилиш ва ўтказиш ишлари «Ўзстандарт» агентлигида аккредитация қилинган сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади. Четдан келтириладиган маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиб-таомилларининг навбатлилиги Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 6.07.2004 йилдаги 318-қарорига  1-илова) билан белгиланади. Мазкур Низомнинг амал қилиши мажбурий ва ихтиёрий сертификатлаштиришга татбиқ этилади. Ариза берувчи сертификатлаштириш органини мустақил танлайди.

Четдан келтириладиган маҳсулотни сертификатлаштириш учун ариза берувчи сертификатлаштириш органига ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ишлаб чиқариладиган маҳсулотга меъёрий ҳужжат (МҲ) нусхаси (амалда бор бўлган тақдирда);

маҳсулот ёрлиғидан намуна ёки маҳсулот тўғрисида маълумот;

маҳсулотнинг ЎзР божхонаси ҳудудига келганлиги тўғрисидаги белги қўйилган товарга қўшиб жўнатиладиган ҳужжат нусхаси (товар-транспорт юкхати, инвойс, ҳисобварақ-фактура);

амалда бор бўлган тақдирда, давлат санитария назорати идорасининг лабораториясида ўтказилган синовларнинг натижаларини ўз ичига олган санитария-эпидемиология хулосаси ва синов баённомалари, МҲда белгиланган бошқа талаблар (ветеринария ва фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза);

олиб кирилаётган маҳсулотнинг аниқ ҳажми (сони) кўрсатилган ташқи савдо шартномаси (контракти) ва маҳсулотни етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ўртасида тузилган келишув(лар) нусхаси (маҳсулотлар 7А чизмаси асосида сертификатлаштирилганда).

Агар аризачи айни вақтда санитария-эпидемиология хулосаси ва мувофиқлик сертификатни олишга ариза тақдим этган бўлса, бундай ҳолда синов баённомалари билан санитария-эпидемиология хулосаси нусхаси уни белгиланган тартибда расмийлаштиргандан сўнг берилади.

 

Маълумот учун. Аризачи томонидан четдан келтирилган маҳсулотга зарур бўлган МҲ ёки хавфсизлик бўйича техник тавсифлар тақдим этилмаса, мазкур маҳсулотни сертификатлаш ўхшаш турдаги маҳсулот ҳужжатлари бўйича ёки идентификация қилиш орқали санитария-эпидемиология хулосаси асосида амалга оширилади.

Мажбурий тартибда сертификатлаштириладиган, четдан келтирилган маҳсулотга республикада МҲ мавжуд бўлмаган тақдирда, сифат кўрсаткичлари ва хавфсизлик бўйича сертификатлаш синовлари ўхшаш турдаги маҳсулотга бўлган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

 

Сертификатлаштириш  тартиб-таомили

Сертификатлаштириш, қоидага кўра, 2 босқичда ўтказилади.

Биринчи босқич бир вақтнинг ўзида, заруриятга кўра, ветеринария ва фитосанитария хулосалари тегишли равишда давлат ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларида расмийлаштирилган ҳолда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитация қилинган давлат санитария назорати органларида санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштирилишини ўз ичига олади. Бунда тадбиркорлик фаолияти субъекти:

санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш учун ариза билан биргаликда белгиланган тартибда аккредитация қилинган сертификатлаштириш органларига мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш юзасидан ариза беришга;

зарурат бўлганда тегишли хулосалар олиш учун ветеринария ва фитосанитария назорати органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақлидир.

Иккинчи босқич — сертификатлаштириш органлари томонидан мувофиқлик сертификати беришдир.

 Сертификатлаштириш органлари тадбиркорлик субъектларининг ёзма аризасига мувофиқ давлат санитария назорати органларида, давлат ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларида, шунингдек экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат органларида сертификатлаштиришни ўтказиш ва барча зарур хулосаларни олиш юзасидан агентлик хизматлари кўрсатишга ҳақлидир.

 

Маълумот учун. Намуналар танлаб олиниши, шунингдек улар тўғри танланганлиги ва улар тегишли давлат органларига тақдим этилиши учун сертификатлаш органлари жавоб берадилар.

Маҳсулотнинг (транспорт воситаларидан ташқари) мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати барча зарур ҳужжатлар (синов протоколлари, тадқиқот далолатномалари, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза хулосаси) берилган вақтдан бошлаб 3 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Сертификатлаштириш органи эътироф этиш тўғрисида битим тузилган МДҲ мамлакатларидан ва узоқ хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган маҳсулотга сертификатларни эътироф этиш ҳуқуқига эга.

 

Маълумот учун. Сертификатлаштириш бўйича ишлар ҳақини уларнинг натижасидан қатъи назар, ариза берувчи тўлайди.

Бунда ишлар олдиндан тўлов амалга оширилгандан сўнг бошланади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради

Прочитано: 338 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика