Бухоро вилоятилик туроператорларга автомобилларни божхона божининг ярим ставкасини тўлаган ҳолда импорт қилишга қайси ҳужжат билан рухсат этилган?
– Президентнинг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (19.06.2020 йилдаги 4755-сон) 13-бандига кўра, Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган туроператорларга, истисно тариқасида, транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божини амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлашга рухсат этилади. Мазкур шарт ушбу ҳудудларда хизмат кўрсатиш учун двигатель ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспортга нисбатан татбиқ этилади. Тўловнинг қолган қисми транспорт воситаси олиб кирилган санадан бошлаб 3 йил давомида тўланади.
Ушбу транспорт воситаларига давлатнинг рўйхатга олиш рақам белгиларининг алоҳида сериялари берилади. Улардан тегишинча фақат Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида фойдаланишга рухсат этилади.