Корхонанинг ҳисоб сиёсатида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлашнинг алоҳида-алоҳида усули танланган. 2019 йил январь ойи учун ҚҚС ҳисоб-китобига 3-иловани тўлдиришда my.soliq.uz сайтидаги дастур автоматик тарзда мутаносиб усулни танланади ва ҚҚСни ҳисобга олди. Корхона бу хатоликни аниқлаб, Аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этди. 2019 йил мобайнида корхона алоҳида– алоҳида усулни қўллаган ҳолда ҚҚСни ҳисобга олган ва тегишли Ҳисоб-китобни топширган. Туман солиқ инспекцияси камерал текширув чоғида 2019 йил январь ойи учун топширилган дастлабки ҳисобот сингари мутаносиб усулни қўллаган ҳолда 2019 йил учун ҚҚС ҳисоб-китобини қайта топширишни талаб қилган.
Ҳисоб сиёсатида алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш усули белгиланган ҳамда у акс эттирилган аниқлантирувчи ҳисоб-китоблар тақдим этиб бўлинган тақдирда, солиқ органининг ҚҚСни ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллаш тўғрисидаги талаби тўғрими?
– 2007 йилги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ 2019 йилда ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг танловига кўра алоҳида-алоҳида ва (ёки) мутаносиб усулда аниқланади. Танланган усул корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этилади ва календарь йил давомида ўзгартирилмайди (2007 йилги таҳрирдаги СК 42-м., 221-м. 4-қ.).
2019 йил январь ойи учун корхона томонидан ҚҚСни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули қўлланилган ҚҚС ҳисоб-китоби топширилиши хато бўлган (3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Кейинчалик хатолик мустақил равишда аниқланган ва 2007 йилги таҳрирдаги СК 46-моддасига мувофиқ аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоб-китоби тақдим этилиб хато тузатилган. Аниқлаштирилган Ҳисоб-китобда, айнан Қўшилган қиймат солиғини тўловчи тўғрисидаги маълумотларда «Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммани аниқлаш усули» сатрида (1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) корхона мутаносиб усулни «1» белгисини белгилаган ҳолда алоҳида-алоҳида усулга ўзгартирган.
Шундай қилинган тақдирда:
● 2019 йил мобайнида корхона томонидан ҳисоб сиёсатида ва ҚҚС бўйича солиқ ҳисоб-китобларида акс эттирилган алоҳида-алоҳида усулга мувофиқ ҚҚСни ҳисобга олиши лозим эди;
● солиқ инспекцияси хатоликка йўл қўйилган ҚҚС ҳисоб-китоби мазкур усулда тақдим этилганидан келиб чиқиб, ҚҚСни ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллаган ҳолда 2019 йил учун ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топширишни талаб қилишга ҳақли эмас;
● корхона ушбу талабга жавоб ёзиши ҳамда солиқ инспекциясига 2019 йилда танланган ҚҚСни ҳисобга олиш усули кўрсатилган ҳисоб сиёсатини тақдим этиши лозим;
● шунингдек ДСИга сиз топширган аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоб-китобида Қўшилган қиймат солиғини тўловчи тўғрисидаги маълумотларда «Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммани аниқлаш усули» сатрида алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш усулига ўзгартирганингизни кўрсатишингиз лозим.