Ташкилот (МЧЖ) ишлаб чиқариш ва тўқимачилик маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади. Товарларни қайта сотиш бўйича айланмалар тайёр маҳсулотни реализация қилиш бўйича айланмадан ошади. Президентнинг 5.05.2020 йилдаги ПФ-5989-сон Фармонининг 2-бандига мувофиқ тўқимачилик саноати корхоналари 2022 йил 1январга қадар хом ашё ва материаллар импортига божхона божларини тўлашдан озод этилган. Кийим-кечак ишлаб чиқариш учун импорт матоларни олиб келамиз.
1. Товарларни қайта сотиш бўйича айланмалар ўзи ишлаб чиқарган тайёр маҳсулотни реализация қилиш бўйича айланмалардан ошадиган бўлса, корхона ушбу имтиёзни қўллаши мумкинми?
2. ПФ-5989-сон Фармоннинг 3-бандида қандай норма белгиланган?
1 |
«Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармоннинг (5.05.2020 йилдаги ПФ-5989-сон) 2-бандида Рўйхатга (ПФ-5989-сон Фармонга илова) импорт қилинадиган хом ашё ва материаллар 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод этилиши назарда тутилади.
Бунда корхона фаолияти тури – ишлаб чиқариш ёки савдо бўлиши аҳамиятга эга эмас. Шунингдек импорт мақсадлари кўрсатилмаган. Рўйхатга киритилган хом ашё ва материаллар маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун импорт қилиниши мумкин. Имтиёз муайян товарлар учун эмас, балки импорт қилинган товарлар учун тақдим этилган.
2 |
ПФ-5989-сон Фармоннинг 3-бандида Солиқ кодексида белгиланганидан фарқ қиладиган ҚҚСни қоплашнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган.
2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар ҚҚСни қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади, унга биноан экспорт қилинадиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж товарлар (хизматлар) учун фойдаланилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚС тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхонасининг тижорат банкларидаги ҳисобрақамига келиб тушган валюта тушуми суммасидан қатъи назар ҳисобга олинади. Калава ва тола экспорти бундан мустасно.
ҚҚСни қоплашнинг соддалаштирилган тартибидан тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари қуйидаги шартларда фойдаланишлари мумкин:
- улар томонидан охирги 12 ой давомида товарлар экспорти амалга оширилганда;
- экспорт қилинган товарлар бўйича 10 минг АҚШ долларидан кўп миқдорда муддати ўтган дебиторлик қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда. Экспорт БЮД расмийлаштирилган кундан эътиборан 180 календарь кун ичида валюта тушуми экспорт қилувчининг банк ҳисобрақамига келиб тушмаган тақдирда, дебитор қарздорлик муддати ўтган деб ҳисобланади.
Корхонангиз ҚҚСни қайтаришнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган бўлса, валюта тушуми эса экспорт БЮД расмийлаштирилган кундан эътиборан 180календарь кун ичида экспорт қилувчининг банк ҳисобрақамига келиб тушмаган тақдирда ёки камерал назорати қайтарилиши маълум қилинган ҚҚС тўғри ҳисобга олинмаганлигини аниқлаган бўлса, қопланган ҚҚС суммасини (ёки унинг бир қисмини) 5 кун ичида пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга тўлаши лозим.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.